Шу йил 24 сентябрдан 31 октябргача Миллий мониторинг ўтказилади

01:10 24 Сентябр 2021 Жамият
241 0

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида 2021 йилги пахта йиғим-терими мавсумида теримчилар учун шарт-шароит яратилишини назорат қилиш, мавсум давомида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланмаслик юзасидан Миллий мониторингни ташкил этиш борасида олиб борилаётган ишларга бағишланган брифинг ўтказилди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш, ижтимоий-меҳнат муносабатларини такомиллаштириш борасида олиб борилаётган туб ислоҳотлар натижасида юртимизда болалар меҳнатига бутунлай барҳам берилди, мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик борасида муҳим қарорлар қабул қилиниб, уларнинг ижроси юзасидан амалий ишлар олиб борилмоқда ва салмоқли ютуқларга эришилмоқда.

Бунинг учун ушбу йўналишда қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, мавжудлари қайта кўриб чиқилди. Хусусан, биргина ўтган йилда одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш йўналишларидаги фаолиятни тизимга солиш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида 19 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Мажбурий меҳнатга барҳам бериш мақсадида Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига маъмурий жавобгарликни кучайтирувчи ҳамда жиноий жавобгарликни белгиловчи нормалар киритилиб, унга кўра маъмурий жавобгарлик чоралари базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача оширилди, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўйганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди.

Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик борасида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, фуқаролик жамияти инстутлари билан ҳамкорликда пахта йиғим-терими мавсумида теримчилар учун шарт-шароит яратилиши, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланмаслик юзасидан Миллий мониторинг ўтказиб келинмоқда.

Брифингда жорий йилда Миллий мониторингни ўтказиш режалаштирилгани, у 24 сентябрдан 31 октябргача давом этиши маълум қилинди.

Қайд этилганидек, Миллий мониторинг Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси, Вазирлар Маҳкамаси ва Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича Республика уч томонлама комиссиясининг мажлис баёнлари билан тасдиқлаган чора-тадбирларга асосан ўтказилади.

Бу йилги Миллий мониторинг Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси (ЎзННТМА)га аъзо бўлган фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирокида ташкил этилади. Шунингдек, Миллий мониторингда иштирок этиш учун чет эл касаба уюшмалари марказлари вакиллари ҳам таклиф этилган.

Миллий мониторингни ўтказишдан асосий мақсад — пахта йиғим-терими ишларида 18 ёшга тўлмаган шахслар, ўқувчи ва талабалар, бюджет ва нобюджет ташкилотлари ходимларининг мажбурий меҳнатидан фойдаланишга йўл қўйилмаслиги юзасидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, пахта йиғим-терими мавсумида теримчилар учун етарли яшаш ва меҳнат шароитлари яратилганини баҳолаш, қўлда терилган ҳар бир килограмм пахта хом ашёси учун биринчи теримда — 1200 сўмдан, иккинчи теримда — 1500 сўмдан кам бўлмаган миқдорда меҳнат ҳақи тўланишини назорат қилиш ва бошқа йўналишларда аниқланган камчиликларни жойида бартараф этиш чораларини кўришдан иборат.

Шунингдек, Миллий мониторинг жараёнида Вазирлар Маҳкамаси йиғилиш баёни билан тасдиқланган “2021 йил пахта ҳосилини нес-нобуд қилмасдан уюшқоқлик билан йиғиб-териб олишни ташкил этиш бўйича “Вақтинчалик тартиб” ва Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама комиссияси йиғилиши баёни билан тасдиқланган “Тавсиялар”га риоя этилиши ҳам ўрганилади.

Мониторингни ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ҳудудий мониторинг гуруҳлари тузилиб, уларнинг таркибига тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашларининг раҳбар ва масъул ходимлари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг ҳудудий кенгашлари меҳнат техник инспекторлари, шунингдек келишилган ҳолда Савдо-саноат палатаси ва Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясининг жойлардаги аъзо ташкилотлари вакиллари киритилди.

Мониторингда ҳар бир ҳудудда 5 нафардан республика бўйича жами 65 нафар киши иштирок этади. Жорий йилда ўтказиладиган Миллий мониторинг ўтган йилларга нисбатан янада такомиллаштирилган ҳолда ташкил этилмоқда. Яъни, иш самарадорлигини ошириш, қулай меҳнат шароити яратиш мақсадида мониторинг ўтказиш ишчи гуруҳлари таркибидаги касаба уюшмаси ходимлари мониторинг жараёнида фойдаланиш учун махсус кийим бош, ишчи гуруҳ раҳбарлари интернет тармоғига уланган планшетлар билан таъминланди.

Миллий мониторингни сифатли ўтказиш мақсадида унинг услубиёти такомиллаштирилди. Хусусан, “Мониторинг гуруҳларининг жойларда ҳаракатланиш кетма-кетлиги”, “Мониторингда интервью олиш саволномаси”, “Пахта йиғим-терими иштирокчилари учун яратилган шарт-шароитларни баҳолаш бўйича саволнома” ва ахборот бериш шакллари ишлаб чиқилди.

Брифингда таъкидланганидек, агар мониторинг жараёнида далада пахта тераётган вояга етмаган шахслар аниқланса, уларни зудлик билан даладан олиб чиқиш ва ўқув даргоҳига ёки уйига етказиш чоралари кўрилади. Бу ҳақда Акт (Далолатнома) тузилиб, меҳнат инспекциясига чора кўриш учун тақдим этилади. Айтиш жоизки, Миллий мониторинг жараёнида ўрганиш натижаларини ошкор этмаслик тамойилига амал қилинади ҳамда мониторинг якунлари декабрь ойида Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда ўтказиладиган давра суҳбатида эълон қилинади.

 

Раҳим ШЕРҚУЛОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер