Шижоатли, изланувчан, ташаббускор

13:21 15 Август 2022 Жамият
355 0

Фото: Халқ сўзи

Юртимизда кичик бизнес ва хусусий секторнинг ривожланишида фаол иштирок этаётган шижоатли, изланувчан, ташаббускор тадбиркор ва фермер хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган «Ишбилармон аёл-2022» кўрик-танловининг вилоят босқичлари бўлиб ўтмоқда.

Андижон шаҳрида бўлиб ўтган ушбу тадбир доирасида шаҳар ва туман босқичларида ғолибликни қўлга киритган 16 нафар тадбиркор аёл бошқарувидаги корхоналарда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси намойиш этилди. Танловга тақдим этилган лойиҳалар юзасидан мунозарага киришган ҳакамлар ҳайъати Асака туманидаги “Farangizoy” МЧЖ раҳбари Гулнора Тўйчиевани мутлaқ ғолиб деб эълон қилдилар.

—Тадбиркорликни 2017 йилда бошлаганман, — дейди Гулнора Тўйчиева. — Республикамизнинг барча вилоятларида трикотаж маҳсулотларимиз савдоси ташкил этилган. Бундан ташқари туманимиздаги мактабгача таълим ташкилотларига озиқ-овқат маҳсулоти етказиб бериш билан шуғулланамиз. Жамоамиз «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган хотин-қизлардан таркиб топгани боис ижтимоий йўналишда ҳам саховат ишларини ташкил этиб турамиз. Бугунги ютуқ, албатта, жамоаники! Боиси, сафдошларим билан билан бир кучга айланганмиз. Эришаётган муваффақиятимизда ҳар бир ишчи-ходимнинг муносиб хизматлари бор.

Шунингдек, танловда иккинчи ўринга муносиб топилган Марҳамат туманидаги “Shahnoza tekstil" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Шаҳноза Сайфутдинова, учинчи ўрин соҳибаси Пахтаобод туманидаги якка тартибдаги тадбиркор, ҳунарманд Софияхон Холмирзаева фаолияти ҳам атрофлича ўрганилиб, улар томонидан орттирилган бой тажрибани оммалаштиришга алоҳида урғу берилди.

Бугунги кунда Самарқанд вилоятда 22 мингдан ортиқ киши тадбиркорлик билан шуғулланаётган бўлса, уларнинг 3 мингдан зиёдини хотин-қизлар ташкил қилади.

Жорий йилида «Ишбилармон аёл» анъанавий кўрик-танловининг қуйи босқичларида 1 минг 22 нафар опа-сингилларимиз хусусий тадбиркорлик, фермерлик, ҳунармандчилик ва ишлаб чиқариш соҳаларида ўз салоҳиятини намойиш этди. Улар ичидан сараланган 16 нафари танловнинг вилоят босқичида яна бир бор баҳс юритдилар.

Танлов жараёнида иштирокчилар фаолиятини баҳолашда ҳакамлар ҳайъати томонидан ишбилармон аёлларнинг замонавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш орқали янги иш ўринларини яратгани, экспортга йўналтирилган ёки импорт ўрнини босадиган маҳсулот ишлаб чиқариши, аҳолига хизмат кўрсатишни қай даражада ташкиллаштиргани инобатга олинди.

Натижага кўра, 1-ўринга Самарқанд туманидаги зардўзлик йўналишида миллий кийим - кечак маҳсулотлари билан иштирок этган «Зулхумор» хусусий корхонаси раҳбари Зулхумор Зохидова, 2-ўринга Жомбой туманидан «Шербоев Муродулло» чорвачилик фермер хўжалиги раиси Гулчеҳра Шербоева ва 3-ўринга тойлоқлик «Фарҳод монтаж сервис» МЧЖ директори Сабина Ҳакимова муносиб кўрилди.

Ғолиб ва совриндорларга диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар топширилди.

Саминжон Ҳусанов,

Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер