Шимолий Корея Россияга яна 3000 нафар аскар юборди – Жанубий Корея разведкаси

14:05 27 Март 2025 Дунё
202 0

Жанубий Корея ҳарбий раҳбариятининг сўнгги баёнотига кўра, 2025 йил бошидан бери Шимолий Корея Россияга яна 3000 нафар ҳарбий хизматчини юборган. Бу кучлар Москва томонида Украинага қарши урушда иштирок этмоқда. Сеулнинг таъкидлашича, умумий ҳисобда Россияга юборилган КХДР ҳарбийлар сони 11 минг нафарга етган бўлиб, улардан тахминан 4000 нафари ҳалок бўлган ёки яраланган.

Жанубий Корея манбаларига кўра, Пхеньян нафақат ҳарбий кучлар, балки Россияни қурол-аслаҳа билан ҳам таъминлашни давом эттиряпти. Хусусан, Москвага кичик радиусдаги баллистик ракеталар, гранатомётлар ва реактив залп отиши тизимлари етказиб берилган. Бундан ташқари, артиллерия снарядлари ва бошқа турдаги муҳим ҳарбий жиҳозлар ҳам Шимолий Кореядан Россияга олиб борилаётгани ҳақида ахборотлар бор.

Сеул, Киев ва Вашингтон расмийлари 2024 йил октябридан бери Шимолий Корея Қуролли Кучларининг 10 мингдан ортиқ аскари Россиянинг Украина билан чегарадош Курск вилоятида жойлаштирилганини таъкидлайди. Улар Украинадаги фронт линиясида жанг қилган ва катта йўқотишлардан сўнг, 2025 йил январь ойида баъзиларини орқага олиб чиқишга мажбур бўлишган.

Жанубий Кореянинг огоҳлантиришича, фронтдаги вазият кескинлашган тақдирда Пхеньян Россияга янада кўпроқ ҳарбий ва моддий ёрдам кўрсатиши мумкин. Бундай қадам халқаро ҳуқуқ нормалари ва санкцияларини бузиш билан бир қаторда, минтақадаги мувозанатга ҳам жиддий таҳдид солади. Жанубий Корея халқаро ҳамжамиятни ушбу ҳаракатларга қарши қатъий чора кўришга чақирмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер