Шифокор томорқасида дунё ўсимликларини парваришламоқда

14:58 25 Ноябрь 2021 Жамият
300 0

Андижон вилояти Булоқбоши туманидаги Ширмонбулоқ қишлоғида яшовчи Одилбек Сиддиқов ўз хонадонида папайя дарахтини иқлим шароитига мослаштирди. Бунинг натижасида дарахтнинг мевасидаги таъм ҳам ўзгарди. Яъни аслида бодринг таъмини берувчи мева энди ҳандалак таъмли бўлди.

– Ўзим болалар шифокори бўлганим боис инсон саломатлиги учун фойдали меваларни етиштиришга қизиқаман,– дейди Одилбек Сиддиқов. – Аслини олганда фойдасиз меванинг ўзи йўқ. Бироқ юртимизда етиштирилмайдиган мевалар ҳам кўп! Ана шулардан бири папайя бўлиб, Ўзбекистонда унинг ўриндоши йўқ. Папайя тиббиётда ҳам, косметологияда ҳам бирдек фойдали! У диск чурраси, ошқозон-ичак ҳазми, қандли диабет билан боғлиқ касалликларни даволашда қўлланилади. Витаминга бой. Уни истеъмол қилган кишининг юзи тиниқлашиб, организми ёшаради.

Маълумотларда баён этилишича, ушбу ўсимлик ҳосили даромад манбаи ҳамдир. Сабаби, ҳар бир дарахт 15-20 кг ҳосил беради ва 1 кг папайянинг нархи 150 минг сўм туради. Шифокор шу билангина кифояланиб қолмай, иссиқхонасида тиббиёт ва табобатда кенг қўлланиладиган фехоа, зайтун, мандарин, лимон, грейпфрут, маракуя, гожжи, банан каби ўсимликларни ҳам парваришламоқда. Унинг мақсади ноёб ўсимликларни минтақамиз шароитига мослаштириш ва оммалаштиришдан иборат.

Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?