ШҲТга аъзо давлатлар Соғлиқни сақлаш вазирларининг 7-йиғилиши бўлиб ўтди

05:41 16 Март 2024 Жамият
451 0

Маълумки, шу йилнинг июль ойида Қозоғистон Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари Кенгашининг навбатдаги мажлисига мезбонлик қилади.

Ушбу нуфузли тадбир арафасида 14 март куни Остона шаҳрида ШҲТга аъзо давлатлар Соғлиқни сақлаш вазирларининг 7-йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Покистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирликлари раҳбарлари, шунингдек фахрий меҳмон сифатида таклиф этилган ШҲТ Бош котиби ўринбосари Нуран Ниязалиев ва ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси директори Ханс Клюге иштирок этди.

Йиғилишда ШҲТга аъзо давлатларнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги икки ва кўп томонлама даражадаги ҳамкорлиги, шу жумладан ҳамкор давлатларда тиббиётни янада ривожлантириш, соҳадаги янги чақириқларга қарши биргаликда курашиш масалалари кўриб чиқилди.

Хусусан, тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарувчи Асилбек Худаяров юқумли ва юқумли бўлмаган касалликларни эрта аниқлаш, даволаш ва профилактика қилиш, оналар ўлими кўрсаткичини камайтириш, скрининг текширувларини ўтказиш ишларини янада такомиллаштириш мақсадида ҳамкорликда бажарилиши лозим бўлган устувор вазифалар хусусида сўз юритди.

Бунинг учун ШҲТга аъзо давлатларнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги ўзаро интеграциялашувини янада кучайтириш зарурлиги қайд этилди.

А.Худаяров ўз нутқида истиқболдаги асосий режаларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтди.

— Яқин йилларда халқаро стандартлар асосида превентив ва предиктик чораларни амалга ошириш орқали касалликларни профилактика қилиш, ўртача умр кўриш давомийлигини 78 ёшга етказиш, бюджетдан соғлиқни сақлаш соҳасига ажратилаётган маблағлар ҳажмини 2 баробарга оширишни режалаштиряпмиз, — деди у. — Шунингдек, юрак-қон томир ва онкологик касалликлар бўйича эрта ўлимни 2,5 баробарга, оналар ва болалар ўлимини эса 2 баробарга камайтиришни олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз.

Тадбир якунида ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида ушбу соҳадаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича 2025-2027 йилларга мўлжалланган асосий чора-тадбирлар режаси қабул қилинди.

Қозоғистонга ташриф доирасида А.Худаяров ШҲТга аъзо давлатлар соғлиқни сақлаш вазирлари, шунингдек ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси директори Ханс Клюге билан икки томонлама учрашувлар ўтказиб, ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?