ШҲТ – замонавий халқаро муносабатларнинг муҳим сиёсий субъекти

16:11 14 Сентябр 2022 Сиёсат
412 0

Фото: Халқ сўзи

Бугунги кунда, давлатимиз очиқ, прагматик ва амалий ташқи сиёсатни олиб бормоқда. Ташқи сиёсатимизнинг устувор йўналишларидан бири дўстлик, яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва ўзаро ишонч руҳидаги алоқаларга йўналтирилган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ) муҳим аҳамиятга эга. Буни яққол тасдиғи, жорий йилдаги 15-16 сентябрдаги
Самарқандда бўлиб ўтадиган ШҲТнинг Ўзбекистон раислигидаги саммитидир.

Мамнуният билан қайд этишимиз лозимки, унга 15 давлат раҳбари,10 халқаро ташкилотлар вакиллари қатнашади. Бу охирги 3 йилдаги биринчи онлайн тарзида ўтадиган йирик саммит. Унинг ишида жаҳон майдонидаги кўзга кўринган йирик давлатлар қатнашиш режалаштирилмоқда: Россия, Хитой, Ҳиндистон, Эрон, Покистон, Озарбайжон, Туркия, Арманистон ва барча Марказий Осиё давлатлари. Бу ШҲТ кўп қутбли дунё шаклланаётган даврда жаҳон майдонида нақадар муҳим сиёсат субъектига айланганлигидан далолат беради.

Расмий равишда бу ташкилот 2001 йил сентябрь ойида ташкил топган. Фикримизча, у халқаро муносабатларда юз берган фундаментал ўзгаришларнинг нафақат маҳсули, балки янги дунёвий тартиботни шакллантиришда иштирок этаётган минтақавий ташкилотдир. Буни ғарблик олимлар ҳам эътироф этган. Британиялик экспертлар Р.Алисон ва Л.Жонсон фикрича: «ШҲТ умумийлик ёки умумий мақсад негизида юзага келмаган. Бошқа халқаро ташкилотларда аввал институтлар шаклланиб, улар кейин мазмун билан тўлдирилган. ШҲТ эса аввал тор масалалар юзасидан келишувга эришиш ва шу асосда кун тартибини кенгайтириб бориш йўлидан борган».

Буни ШҲТ Хартиясида ўз ифодасини топган «адолатли дунё тартиботи» ва «халқаро муносабатларни демократлаштириш» каби мақсадларида кўриш мумкин. Ушбу ташкилот умуман янги геосиёсий, иқтисодий ва цивилизациявий шарт-шароитлар таъсирида қарор топганлигини инобатга олиб, ШҲТни «янги минтақавийлик» назарияси доирасида баҳолаш лозим. Бу ташкилотнинг ўзига хос хусусиятларини очишда унинг 2002 йилда қабул қилинган Хартиясига мурожаат қилсак бўлади. Унга мувофиқ, «Шанхай руҳи» асосида «ўзаро ишонч», «ўзаро манфаат», «тенглик», «ўзаро маслаҳатлашув», «маданиятлар хилма-хиллигига нисбатан ҳурмат», «биргаликда ривожланишга интилиш» каби тамойиллар ётади. Бундан ташқари, Хартияда, бошқа қимматли ғоялардан ташқари яна иккита муҳим асос мавжуд: биринчиси, ШҲТнинг бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотларга қарши қаратилмаганлиги; иккинчиси, Қарорларнинг консенсус (келишув) асосида қабул қилиниши тамойилларининг амал қилиши.

Юқоридаги концептуал аҳамиятга эга тамойиллар ШҲТнинг «янги минтақавийлик» намунаси сифатида қарор топиши ва ривожланишини минтақа ва дунё ҳамжамиятига қўшаётган ҳиссасида кўриш мумкин. Эслаш лозимки, жиддий ҳудудий баҳс ва зиддиятларга олиб келиши мумкин бўлган Марказий Осиё мамлакатлари Хитой ўртасида чегаралар масаласининг «Шанхай бешлиги» доирасида узил-кесил ҳал қилиши – минтақада стратегик барқарорликни таъминлабгина қолмай, кўп томонлама ҳамкорлик учун қулай замин ҳам яратиб берди.

2001 йили Ўзбекистоннинг минтақадаги нуфузли Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига – Хитой, Россия, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон давлатлари билан биргаликда тўлақонли аъзо бўлиб кириши – давлатимиз ривожида ва қўшничилик сиёсатида янги саҳифани очиб берди. ШҲТ давлатлари ўртасида ўзаро манфаатли иқтисодий, ижтимоий-маданий, таълим ва халқ дипломатияси, ҳатто мудофаа соҳаларда ҳамкорлик кучайди. Айниқса, иқтисодий, ҳуқуқий ижтимоий-маданий ва таълим соҳаларида давлатларимиз ўртасида икки тарафлама ва кўп қиррали халқаро лойиҳалар амалга оширила бошлади. ШҲТ нуфузи ошишида 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг таклифига биноан Халқ дипломатия марказлари очилиши бўлди. Қисқа вақт ичида ШҲТ давлатлари ўртасида фан, таълим, тасвирий санъат, спорт, туризм ва бошқа соҳаларда ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилди ва халқларимиз ўртасида дўстона муносабатлар янада кучайди. Ўзбекистондаги халқ дипломатия маркази томонидан ўтказилган баъзи бир тадбирларига тўхталсак.

2018 йилда ШҲТ болалар кўргазмаси ташкил этилди. Шу йили Алишер Навоий кутубхонасида «ШҲТ билим зали» очилди. Пандемия шароитида инсонларнинг руҳини кўтариш учун Тошкент шаҳрида ШҲТ нинг барча саккиз давлат мусиқаси ўзбек артистлари томонидан ижро этилиб, ШҲТ давлатлари аъзоларига электрон шаклида юборилди. 2020 йилда Ҳиндистон элчихонаси ва Лал Баходур Шастри маданий маркази билан биргаликда Махатма Гандига фаолиятига бағишланган Шарқшунослик Университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетларида илмий амалий конференциялар ўтказилди.

2021 йили Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия Университетида илк бор ШҲТ халқ дипломатия маркази билан ҳамкорликда «ШҲТ Лидер аёллар форуми» ўтказилди. Халқаро тинчлик кунига бағишлаб Мактабгача таълим вазирлиги, ЮНИСEФ ҳамкорлигида ШҲТ давлатлари боғча болажонларининг расмлар кўрик танлови, ёшлар орасида ШҲТ фаолиятини тарғиб этувчи «Модель ШОС» номли олий таълим талабалари ўртасида интеллектуал тадбирлар ўтказилди. ШҲТнинг 20 йиллигига, Ўзбекистон Мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси билан ҳамкорликда «Ўзбекистон ва ШҲТ: барқарор ривожланиш ҳамкорлиги» мавзусидаги давра суҳбати бўлиб ўтди.

Умуман олганда Ўзбекистон ШҲТ га аъзо барча давлатлар билан сиёсий, иқтисодий, маданий ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик қилмоқда. Олий даражадаги мунтазам учрашувлар, шу жумладан, давлат раҳбарларининг музокаралари натижасида стратегик шерикчилик сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг ШҲТдаги хавфсизлик, иқтисодиёт, транспорт, илм-фан, туризм ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга йўналтирилган қатор ташаббуслари амалга оширилди ва Ўзбекистон ШҲТда янги платформаларни яратиш бўйича ташаббускорга айланди.

2021 йилда ШҲТ га раислик Ўзбекистон давлатига ўтди. Айтиш лозимки, Ўзбекистон раислигида ШҲТ доирасида турли устувор йўналишларга диққат қаратилди, булар: савдо-иқтисодий, маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, саноат кооперациясини илгари суриш, транспорт коммуникация ўзаро боғлиқлигини кенгайтириш, ШҲТнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш ва бошқалар.

Ўзбекистоннинг ШҲТ билан ўзаро манфаатли, тўлақонли, дўстона ҳамкорлиги барча томонларнинг манфаатларига тўла жавоб беради.

Эътибор Султанова,

сиёсий фанлари доктори, профессор

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер