Шавкат Мирзиёевнинг Шаҳидлар хотираси хиёбонида айтган гаплари рус ОАВларида кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда

18:36 02 Сентябр 2022 Сиёсат
2519 0

Фото: president.uz

Жорий йилнинг 31 август куни Шавкат Мирзиёев Шаҳидлар хотираси хиёбонига ташрифи давомида хиёбонни кўздан кечириб, жадидларнинг ўзбек миллатига қўшган ҳиссаси, уларнинг шонли ҳамда турли қийинчиликлар билан кечган тарихи ҳақида эслаб ўтган.

Фото: president.uz

— Бу ерга ҳар гал келиб, эътибор беришимиз бежиз эмас. Мустақилликка эришиш осон бўлмаган. Истиқлолимизга 31 йил бўлгани билан боболаримиз 100 йиллар олдин бунга ҳаракат қилган. 100 минг ватандошимиз қатағонга учраб, 13 минг нафари шафқатсиз отиб ташланган. Нима учун? Таҳлил бўлган. Улар энг катта қаҳрамонларимиз, миллатнинг хазинаси бўлган. 2-3 тадан тил билган. Ватанимизни озод қилиб, тараққиётга олиб чиқишини билишган. Бу ерда худди уларнинг овозлари эшитилгандек бўлади, — деган Шавкат Мирзиёев.

Маълумки, мустабид тузум фақат жадидларни йўқ қилиш билан чекланиб қолмаган. Ўтган асрнинг 80 йилларида ҳам минглаб ватандошларимиз турли бўҳтонлар билан қамоққа олинган, хўрланган.

— Бугун ҳам йўлда ўйланиб келяпман. 30 йилларни эски тарих деса, «пахта иши»чи?! Етакчиларимизни қатағон қилиш учун сохта айбловлар ўйлаб чиқаришдику. Бошқа республикаларда йўқмиди камчилик? Бундай аламли воқеаларни ҳеч қачон унутиб бўлмайди. Бугунгидай байрамларда, тинч-осойишта кунларда шуларни ҳам юрагимиздан ўтказиб, ёшларимизга етказишимиз керак, — дея таъкидлаган Шавкат Мирзиёев ўз нутқи давомида.

Шаҳидлар хотираси хиёбонига ташриф буюрган Шавкат Мирзиёевнинг ўша ерда айтган гаплари рус ОАВларида кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда ва нотўғри, аниқроқ айтганда, провокацион талқин қилинмоқда.

Бундай провокацион ҳолатга Ўзбекистон сиёсатчилари ўз муносабатини билдирмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, «Миллий тикланиш» ДП МК раиси Алишер Қодиров:

Фото: Daryo

«Президент Шавкат Мирзиёевнинг куни кеча қилган маърузаси Россия Давлат думаси депутати Константин Затулинни асоссиз талқинига суяниб хато хулосаларга сабаб бўлибди.

Давлат раҳбари тарихий фактларга асосланиб, яқин ўтмишнинг қора кунларини эслатиб ўтди. Ўша қора кунларда халқимизнинг энг илғор фикрловчи қатламларнинг яксон қилинганини эсламаслик, келажакда бу каби хатоларни такрорланишига олиб келиши мумкин.

Президент нафақат ўзбек, балки ўша даврда совет давлатида яшаган барча миллатларнинг зиёлиларига нисбатан қилинган ваҳший ноҳақликлар ҳақида гапирди. Буни англаш ва тўғри талқин қилиш учун катта тарихчи бўлиш шарт эмас, менимча.

Ҳамкасбларимга шундай ҳам мураккаб бўлган муҳитни яна мураккаблаштирадиган, минтақадаги тинчлик ва осойишталикка путур етказадиган талқинлардан тийилишни тавсия қиламан. Зеро бундан ҳеч ким ютмайди!

Ўйнаб гапирсак ҳам, ўйлаб гапирадиган вақтда ишлаяпмиз», — деган ўз муносабатида.

Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев бунга муносабат билдирди:

Фото: Архив сурат

«Президент Ш.М.Мирзиёевнинг қатағон қурбонлари хотирасига бағишланган маросимдаги нутқига Россия ОАВларида берилган «муносабатлар»ини ўқиб чиқдим.

Мустабид тузум қатағон қурбонлари хотирасини ёд этган Ўзбекистон Президентининг мувозанатли, босиқ ва ўта самимий нутқига мутлақо ноадекват муносабат.

Ўзи мунозара нима ҳақида? Мустабид тузум шафқатсиз ва бераҳм бўлганлигими? Ёки ҳалок бўлганлар ҳақиқатан ҳам ғайриинсоний қатағон қурбонлари бўлганлигими? Ақли тўғри ва хотираси аниқ бўлган ҳеч қайси инсон у ёки буни сўроқ қила олмайди.

Тузумга қарши, Ватан озодлиги учун ўз овозини баланд кўтаришга журъат этган минглаб ва минглаб юртдошларимиз учун полигон ва қабристон бўлиб қолган жойда ўтган маросимда мен ҳам қатнашдим. У чин қалбдан, ёриқ ва тантанали, қандайдир самимий, инсоний тарзда ўтди.

Айнан шу жойда жаллодлар томонидан ўз ўлимини жасорат билан қабул қилганлар олдидаги қарзимизни инсоний равишда қайтардик. Бу энди шов-шувли сиёсийлаштириш ва популистик ваҳима учун сабабми?»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?