Шавкат Мирзиёев томорқадаги омилкорликни кўздан кечирди

16:48 08 Апрель 2024 Сиёсат
301 0

Президент Шавкат Мирзиёев Шароф Рашидов туманидаги Туёқли маҳалласида бўлиб, аҳоли турмуш шароити ва даромадлари билан қизиқди.

Маҳаллалардаги имкониятларни ишга солиб, аҳоли бандлигини таъминлаш бугун давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Бунда энг қулай ва ҳаммабоп имкониятлардан бири томорқадан фойдаланишдир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 5 мартдаги “Аҳоли хонадонларида саноат усулида маҳсулот ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш ҳамда томорқа ва деҳқон хўжаликларида янги захираларни ишга солишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида катта имкониятлар белгиланди.

Бундай омилкорликни Туёқли маҳалласида ҳам кўриш мумкин. 678 та хонадоннинг деярли ҳаммасида томорқа бор. Уларнинг жами майдони 36 гектар. Мевали дарахтлар, ток ва сабзавотлар яхши ҳосил беради. 314 та хонадондаги иссиқхоналарда полиз экинлари ва гул кўчатлари етиштирилади. 

Давлатимиз раҳбари шу ерлик Абдумўмин Каримов хонадонини кириб кўрди.

Уйнинг томорқаси 12 сотих, шундан 7 сотихида иссиқхона барпо этилган. Бундан ташқари, чорва, товуқ, асалари боқилади. Хонадон эгаси рўзғорбоп экинлар етиштириб, йилига 200 миллион сўмдан зиёд даромад олаётганини сўзлаб берди.

- Ўртача маҳалладаги шу оддий хонадон мисолида кўраяпмизки, оиланинг ўзида ҳаракат бўлса, яхши даромад топса бўлади. Аҳоли ихтиёрида томорқалар, ундан фойдаланаман деган инсонлар ҳам кўп. Фақат уларга ёрдам бериш керак. Масалан, маҳаллий корхоналарни жалб этиб, иссиқхона қурилмалари, воиш, асалари уяси, кўчат, уруғлик ва озуқаларни яхлит тўплам қилиб, арзон нархда етказиб бериш зарур, - деди Шавкат Мирзиёев.

Президент шу ерда «маҳалла еттилиги» билан суҳбатлашди. Жойлардаги имкониятларни тўлиқ ишга солиш орқали оилаларнинг даромадини, харид қобилиятини ошириш ҳақида сўз юритилди. Бу уларнинг ҳаёт сифатида, саломатлигида, фарзандлари камолида акс этиб, жамият ривожига ҳисса бўлиб қўшилиши таъкидланди.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?