Оксана Чусовитина “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози” унвони билан тақдирланди

15:43 13 Август 2021 Спорт
1527 0

Аввалроқ, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Токио Олимпиадасида иштирок этган спортчилар, уларнинг ота-оналари ва мураббийлари билан учрашуви бошлангани ҳақида хабар берган эдик. 

Тадбирда Президент Шавкат Мирзиёев кўп йиллар давомида спорт гимнастикаси билан шуғулланиб, халқаро миқёсда шуҳрат қозонган ажойиб спортчимиз – Оксана Чусовитинанинг хизматларини алоҳида ҳурмат билан тилга олди.

«Чусовитинанинг илк Олимпиадаси 1992 йилда Барселона шаҳрида ўтган. Ўшандан буён у Олимпия ўйинларида иштирок этиш ҳуқуқини узлуксиз ва кетма-кет саккиз марта қўлга киритди. Бу жаҳон спортида ҳақиқатдан бетакрор ҳолат бўлиб, Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган.

Оксана Александровнанинг навбатдаги иштироки Токио Олимпиадасининг муҳим воқеаси сифатида эътироф этилди. Дунё ҳамжамияти Оксананинг чиқишини катта завқ ва ҳаяжон билан кузатар экан, Чусовитинанинг матонатига, ўз ишига бўлган садоқатига тан берди.

Ҳаётини спортга, бундай йирик мусобақада муваффақиятга эришишдек мақсадга бағишлаш учун зўр ирода ва фидойилик керак, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.Бундай афсонавий спортчимиз билан ҳақли равишда фахрланамиз. Унинг мардлиги, ғалабага бўлган қатъий интилиши ёш спортчиларимиз учун муваффақият ва шуҳрат қозонишнинг ўзига хос ибрат мактаби бўлиб хизмат қилмоқда», - деди Президент.

Давлатимиз раҳбари улкан хизматлари учун Оксана Чусовитинага “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози” фахрий унвони берилганини маълум қилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер