“Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг спорт элчилари” халқаро тадбири доирасида флешмоб ва маҳорат сабоқлари ташкил этилди

23:14 10 Сентябр 2022 Спорт
619 0

Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»

Жорий йилнинг 15-16-сентябр кунлари Самарқанд шаҳрида ўтадиган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг саммити олдидан минтақанинг спорт оиласи ўртасидаги дўстлик алоқалари янада мустаҳкамланмоқда. Самарқанддаги саммит олдидан илк бор йўлга қўйилган “Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг спорт элчилари” лойиҳаси бунинг учун ажойиб платформа вазифасини бажариб берди.

   Ёдингизда бўлса, 19-21-май кунлари Тошкент шаҳри илк бор ташкил этилган ШҲТга аъзо мамлакатлар вакилларининг жисмоний тарбия ва спорт бўйича вазирлик ҳамда идоралари раҳбарлари иштирокидаги йиғилишига мезбонлик қилганди. Мазкур йиғилиш доирасида ўтган учрашувлар минтақада жисмоний тарбия ва спорт ривожи йўлида тинчлик ва дўстлик ришталарини янада мустаҳкамловчи восита бўлди.

Тошкентда ўтказилаётган “Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг спорт элчилари” лойиҳаси ҳам ўзининг ижобий самарасини берди. Ушбу тадбир аввалида кеча, 9-сентябр куни “Интернатионал Ҳотел Ташкент” меҳмонхонасида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Спортни ривожлантириш вазирлиги ва МОҚ мутасаддилари, шунингдек, минтақанинг таниқли 7 нафар спортчиси спикерлигида ўтган анжуман мамлакатларнинг спорт соҳасида қанчалик дўстона алоқада эканини кўрсатиб берди.

Бугун лойиҳанинг иккинчи қисми доирасида ўзбек ва жаҳон спорти юлдузлари иштирокида маҳорат сабоқлари ҳамда флешмоб ташкил этилди.

Флешмоб доирасидаги оммавий маросимда даставвал “Ўзбекистонга хуш келибсиз” номи остида махсус ролик намойиш этилди. Табиийки, бу орқали юртимиз меҳмонлари давлатимиз, унинг спорт соҳасидаги ютуқлари ҳақидаги билимларини янада бойитиб олишди.

Сўнгра тадбирнинг расмий очилиш маросими ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икрамов, Осиё Олимпия Кенгаши вице-президенти Отабек Умаров, шунингдек мамлакатимиздаги хорижий дипломатик корпусларнинг масъул ходимлари, жумладан жаноб Прабҳат Маниш (Ҳиндистон), Леонид Маринич (Беларус) ва бошқалар, вазирлик ҳамда Миллий Олимпия қўмитаси мутасаддилари иштирок этишди.

Унда сўзга чиққан Спортни ривожлантириш вазири А.Икрамов ушбу тадбирнинг аҳамияти ва унинг мамлакатлар ўртасида спорт алоқаларини мустаҳкамлашдаги ўрнига алоҳида тўхталиб ўтди.

“Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг спорт элчилари” сифатида пойтахтимизга минтақанинг қуйидаги машҳур спортчилар ташриф буюришди:

Абдулрашид Садулаев (Россия) – эркин кураш бўйича икки карра (Рио-2016 ва Токио-2020) Олимпия ўйинлари чемпиони, 5 карра жаҳон чемпиони;

Аҳмед Гаджимагомедов (Россия) – Эркин кураш бўйича жаҳон чемпионати совриндори;

Муса Евлоев (Россия) – юнон-рум кураши бўйича Токио-2020 Олимпиадаси чемпиони;

Камшибек Конкабаев (Қозоғистон) – бокс бўйича Токио-2020 Олимпия ўйинлари совриндори, 2 карра жаҳон чемпионати кумуш медал соҳиби;

Сакен Бибосинов (Қозоғистон) – бокс бўйича Токио-2020 Олимпиадаси совриндори;

Муҳаммад Нуҳ (Покистон) – оғир атлетика бўйича Бирмингем-2022 Ҳамдўстлик ўйинлари ғолиби;

Шоира Зулқайнарова (Тожикистон) – бокс бўйича 2 карра Осиё чемпионати совриндори;

Хушқадам Хусравов (Тожикистон) – самбо бўйича жаҳон чемпиони;

Рамазон Қодирбеков (Қирғизистон) – ўқ отиш бўйича кўплаб халқаро турнирлар ғолиби ва совриндори.

Шунингдек, улар қаторида Баҳодир Жалолов, Оксана Чусовитина, Руслан Нурудинов, Акбар Жўраев, Улуғбек Рашитов, Исроил Мадримов каби ўзбек спортининг ёрқин юлдузлари ҳам тадбирда ҳозир бўлишди.

Шубҳасиз, бундай кўтаринки руҳда ташкил этилган оммавий спорт байрами мамлакатимизда Президентимиз илгари сураётган соғлом турмуш тарзи тарғиботи ва ёшларда спортга бўлган қизиқишни кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади.

 

 

«Халқ сўзи»,
Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер