«Шакл ва макон» номли ҳайкалтарошлик асарлари кўргазмаси

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”
Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки Акциядорлик жамияти иқтисодий фаолияти билан бир қаторда санъатнинг ривожига ҳам ўз ҳиссани қўшиб келмоқда. Бу борада ҳар йили банк томонидан тасвирий, амалий санъат асарлари ҳамда нумизматика намуналари билан ўз санъат коллекциясини бойитиб бориши эътирофга сазовордир. Бугунги кунга келиб Миллий банк тўплами 2000 дан ортиқ тасвирий санъат намуналари ва 2000 дан ортиқ нумизматика коллекциясини ташкил этади. Улар орасида ҳайкалтарошлик асарлари ҳам эътиборли ўринга эга. Бугун айнан шу тўпламнинг энг саралари Тасвирий санъат галереяси экспозициясидан ўрин олди.
Ҳайкалтарошлик — тасвирий санъатнинг ўзига хос тури бўлиб, у борлиқни ҳажмли шаклларда, маконда уч ўлчамда тасвирлашга асосланади. Ўзбекистон ҳайкалтарошлигида аввало борлиқни ўзига хос кўриш, уни ҳис қилиш, бадиий ифода этиш, теварак-атрофда кечаётган ўзгаришлар жараёнига муносабат мужассамдир. Бу ўлка ҳайкалтарошлигига маҳобатлилик, бадиий ранг-баранглик, мазмунни умумлаштириб ифодалашга интилиш хосдир. Ўзбекистон ҳайкалтарошлиги ўзининг тадрижий ривожида антик даврдан то бугунги кунга қадар ўзига хос ривожланиш босқичларига эга.
Ўзбекистонда янги тарихий даврда бошқа санъат турлари қатори ҳайкалтарошлик ҳам эътиборга сазовор ижодий ўзгаришларга юз тутди. Янги маданий сиёсат ўлароқ мамлакатда соғлом маънавий муҳитни шакллантириш, миллий анъаналарни тиклаш, тарихий – маданий ўзлигимизни англаш масалалари устувор аҳамият касб этади ва бунинг пировардида мазкур жабҳада ғоявий шаклий янгиланиш жараёни вужудга келади, олдинги ижодий ёндашувлардан фарқ қилувчи янги сифат босқичига йўл очилди. Чунончи, эндиликда ижодий вазифалар йўналиши кескин ўзгариб бадиий талқин ва пластик устун мезонларининг янги муҳитига мос йўсинда кузатилмоқда, миллий мавзулар кўлами кенгайиб пластик кашфиётлар борасида ҳам маълум кўрсатгичлар эгалланмоқда.
Дастгоҳли ҳайкалтарошлик санъатида замонавий ва миллий анъаналар ўзаро уйғунлаштирилди. Бу давр дастгоҳли ҳайкалтарошлик санъатининг ўзига хослигини яна бир кўриниши, реализм анъаналарининг амалдан суриб чиқарилиши ва авангард йўналишининг етакчилигида бўлди. Бу давр дастгоҳли ҳайкалтарошлик вакилларининг асарларини бугун кўргазма экспозициясида кўриш мумкин.
Охирги йилларда дастгоҳли ҳайкалтарошлик умумжаҳон санъатининг фаол йўналишлари билан уйғун ривожланиш жараёни тезлашди. Ҳайкалтарошлар орасида образ оламини янги пластик шакл ва ашёлар ёрдамида очишга интилаётганлари кўрина бошлади.
Кўргазмада қуйидаги муаллифларнинг асарлари намойиш этилган: Азамат Хатамов, Курбон Норхўрозов, Дарибай Таджимуратов, Туляган Таджиходжаев, Туляган Яркулов, Туркман Эсанов, Эргашали Тожибоев, Равшан Миртожиев, Людвига Нестерович, Назира Кузиева, Марина Бородина, Ануш Авакян, Абдуғаффор Исанолиев, Алберт Овсепян, Мухтар Аблокулов, Баят Мухтаров ва Улаш Ураков.
“Халқ сўзи”,
Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Касбида бир йўла 5 та йирик саноат корхонаси барпо этилмоқда
- Экологлар хулосаси: Ер майдонининг 99 фоизи хавфли зарралар билан ифлосланган
- Аброр Бакиров вафот этди
- Ватан ҳимояси ва эл-юртимиз тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ходимлар оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида
- Гидроэнергетикадаги лойиҳалар ижроси кўриб чиқилди
- Оксана Чусовитина Жаҳон кубогида кумуш медалга сазовор бўлди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг