Шакар ўрнини босувчи сунъий маҳсулотлар соғлиқ учун хавфли — ЖССТ

17:48 17 Май 2023 Дунё
844 0

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг навбатдаги ҳисоботига кўра, шакар ўрнини босувчи сунъий қўшимчалар инсон саломатлиги ва ҳаётига жиддий хавф туғдиради.

Ушбу хулоса бир неча йил давомида ўтказилган 283 та тадқиқот натижаларига асосланган.

Маълумки, 25-30 грамм шакар истеъмоли кунлик меъёр ҳисобланади. Бундан ортиғи семириш ва хавфли касалликлар ривожланишига олиб келади. Шу сабабли баъзилар шакар ўрнини босувчи сунъий қўшимчалардан фойдаланиш хавфсиз, деб ўйлайди.

Аслида, озиқ-овқат маҳсулотлари ва ичимликларга ширин таъм бағишлашда қўлланиладиган сахарин, аспартам, калий ацесульфам, сукралоза, неотам, адвантам, стевия ва унинг ҳосилалари дастлаб тана вазнини камайтирса-да, аммо ушбу жараён узоқ давом этмайди.

Аксинча, бундай маҳсулотларнинг одатий истеъмоли бора-бора семиришга олиб келади. Оқибатда инсонларда 2-тоифа қандли диабет ривожланиш хавфи 34 фоизгача ошади.

Қолаверса, бундай моддалардан тез-тез фойдаланувчиларда юрак-қон томир касалликларига чалиниш эҳтимоли 32 фоиз (жумладан, инсульт — 19 фоиз, гипертония —13 фоиз) юқори. Ўз навбатида, бу омил ўлим хавфи 10 фоиз ортишига хизмат қилади.

Шу боис экспертлар организмнинг шакарга бўлган эҳтиёжини мева-сабзавотлар ва бошқа табиий маҳсулотлар истеъмоли орқали таъминлашни тавсия қилмоқда.

Бу кўрсатмаларга қандли диабетга чалинган беморлардан бошқа аҳоли қатлами амал қилиши мақсадга мувофиқ.

Бинобарин, ЖССТ хулосалари тиш пастаси, турли кремлар каби шахсий гигиена воситалари ҳамда дори-дармонларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?