Шаҳрисабзда ёшлар фестивали қизғин давом этмоқда

19:23 14 Июнь 2021 Жамият
888 0

«Биз Амир Темур авлодлари, унга издош бўламиз» шиори остидаги «Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик» ёшлар фестивалининг Амир Темур туғилган юрт — Шаҳрисабзда ўтказилаётганида чуқур маъно мужассам. Чунки бугунги ёшлар дунёга соҳибқирон бобомизни берган табаррук заминдан руҳан мадад оладилар, келажакка ишончи янада юксалади.

Альпинизм билан қизиқувчи ёшлар шижоати ҳам юқоридаги фикримизни тасдиқлаб турибди. Фестиваль доирасида 4000 метрдан баланд бўлган «Ҳазрати Султон» чўққисига иштирокчилар томонидан Ўзбекистон байроғи қадалиши ва байроғимизнинг музаффар ҳилпирашидан ифтихор ҳислари тўлиб-тошган ёшлар нигоҳидан буни пайқаш қийин эмас. Китоб геология миллий табиат паркида тоғ альпинизми ва қояга чиқиш бўйича 100 нафар кўнгилли спортчилар ва ёшлар ўртасида маҳорат алмашиш ва спорт ўйинлари ҳам таассурот ва ҳайратларга бой тарзда ўтди.

Вилоят ҳокими Зойир Мирзаев вилоят ёшларини навқиронлик ва юртга муҳаббат тимсолини ўзида акс эттирган фестиваль билан қутлар экан, уларни Янги Ўзбекистоннинг фидойи ва жонкуяр фарзандлари сафида бўлишларида омадлар тилади.

Фестивалда миллий ва бадиий кўргазмалар намойиши ўтказилди, ёш спортчилар кураш, бокс, камондан ўқ отиш, бадиий гимнастика, стол тенниси, шахмат, армрестлинг, тош кўтариш, бадминтон, куч синаш спорт мусобақаларида ўзларини синаб кўришди.

18-30 ёшлар ўртасида ўтказилган спортнинг кураш мусобақасида Суҳроб Ражабов барча рақибларини мағлуб этиб, ғолибликни қўлга киритган бўлса, Беҳруз Музаффаров иккинчи, Олим Баратов учинчи ўринни қўлга киритди. Қизлар ўртасида Гулҳаё Жўраева ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди. Тенгдошлари- Маржона Хушвақтова ва Дилноза Остонова кийинги ўринларни забт этишди.

— Ёшлар фестивалида кураш мусобақаси бўлишини эшитганимда жуда қувонгандим, — дейди Суҳроб Ражабов. — Ғолибликни эгаллаганим эса мени келгуси мусобақаларда иштирок этишим учун тажриба орттириш машқи бўлди. Энг муҳими, бу ерда мен кўп дўстлар орттирдим. Ўзим туғилиб ўсган юртнинг шундай гўзал ва бетакрор мўъжизалари борлигини кўриб, жонажон диёримга бўлган муҳаббатим янада юксалди.

Шаҳрисабзлик спортчи, енгил атлетика бўйича Ўзбекистон, Осиё ва Халқаро мусобақалар совриндори Мирсаид Бухоровнинг фикрлари билан ҳам қизиқдик.

— Ёшлар фестивалининг сўлим ва гўзал Шаҳрисабзда ўтказилаётгани жуда яхши бўлди, — дейди Мирсаид. – Биз табиат билан рўбару келдик, тоғлар, даралар, чўққилар ва сою жилғаларни пою пиёда кездик. Бу эса ўзимиз туғилиб ўсган табаррук заминга меҳр-муҳаббатимизни жўштириб юборди.

Дилларни ром этган, юракларни тўлқинлантирган «Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик» фестивали пойтахтдан келган санъаткорлар ижросидаги дилрабо куй-қўшиқ ва рақслар билан давом эттирилди.

Фахриддин Бозоров,
«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер