Шаҳрам Ғиёсов: Бўлғуси рақибим кучли бўлиши аниқ. Аммо кимлигини ҳозирча айтолмайман

14:54 03 Ноябрь 2020 Спорт
285 0

Бухорода давом этаётган “Беш ташаббус ҳафталиги” доирасидаги тадбирларда қатнашаётган таниқли инсонлар қаторида профессионал боксчи, WBA international чемпионлик камари соҳиби Шаҳрам Ғиёсовни ҳам кўриш мумкин эди.Бухоро шаҳрида туғилиб ўсган таниқли спортчи “Халқ сўзи онлайн” учун интервью берди.Қуйида шу суҳбат тафсилоти билан танишасиз.

— Шаҳрам, бугунги тадбирдан олган таассуротларингиз билан ўртоқлашсангиз.

— Ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, уларни ҳар томонлама чиниққан авлод қилиб вояга етказиш мақсади кўзланган ушбу ҳафталикда қатнашаётган ўғил-қизларни кўриб кўз қувонади. Уларнинг юз-кўзидаги ҳавас, иштиёқ, интилиш, Ўзбекистонимиз байроғини даст кўтариб туришлари мен учун бегона эмас. Ўз пайтида биз ҳам 1999 йилги жаҳон чемпионати, 2000 йилги Сидней олимпиадаси ғолиби Муҳаммадқодир Абдуллаев, икки карра жаҳон чемпиони, 2012 йилги Олимпиада бронза медали соҳиби Аббос Атоев каби боксчиларга ўхшаб чўққиларни забт этишни хохлардик. Уларга ҳавас қилардик. Шукр, кам бўлганимиз йўқ. Бугунги ёшларнинг шундай марраларга етиши учун барча шарт-шароитлар яратилган. Фақат меҳнат қилиш керак, холос. Мен уларнинг спорт билан доимий шуғулланишларини, соғлом турмуш тарзига қатъий амал қилишларини, меҳнатлари роҳатини кўришларини истардим.

— Профессионал боксдаги фаолиятингиз хусусида қисқача тўхталсангиз.

— Хабарларингиз бор, бу борадаги ишларимиз яхши кетаяпти. Чемпионлик камарига эгаман. Пандемия сабабли карантин пайтида рингга кўтарилиш имкони бўлмади. Янги йилда жамоамиз билан ўз олдимизга катта мақсадларни қўйганмиз. Келгуси йилда Худо хохласа, жанг ўтказаман. Бўлғуси рақибнинг кимлигини ҳозирча айтолмайман, аммо унинг кучли бўлиши аниқ.

Маълумот ўрнида. Профессионал бокснинг супер енгил вазн тоифасида (-63,5 кг) рингга чиқаётган Шаҳрам Ғиёсов охирги жангини никарагуалик Уистон Кампосга қарши ўтказиб, рақибини нокаутга учратган ҳолда муддатидан аввал ғалаба қозонганди. Бу унинг профбоксдаги 10-ғалабасидир. Шаҳрам ҳаваскорлар боксида ёшлар ва катталар ўртасида жаҳон чемпиони, Олимпиада кумуш медали соҳиби саналади.

Истам ИБРОҲИМОВ,

“Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?