Шаҳарсозлик замонавий талаблар асосида ривожлантирилади

19:05 30 Декабрь 2022 Жамият
666 0

Юртимизда бунёдкорлик кўлами йил сайин кенгаймоқда, ҳудудларда урбанизация жараёни амалга ошириляпти. Қишлоқ жойларда ҳам қурилиш ишлари жадал. Булар, албатта, соҳани такомиллаштириш, шаффофликни таъминлаш, ипотека бозорини ривожлантиришни тақозо этади.

Кейинги тўрт йилда шу масалалар бўйича Ўзбекистон Президентининг қирққа яқин қарорлари қабул қилинди. Бу саъй-ҳаракатларнинг изчил давоми сифатида давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 13 мартдаги Фармонида қурилиш соҳасидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, бюрократик тўсиқларни камайтириш, барча босқичда шаффофликни таъминлаш, инновацион ишланмалар ва илғор ахборот технологияларини кенг қўллаш чора-тадбирлари белгиланган эди.

Қурилиш вазирлиги олдига 337 та шаҳарсозлик қоида ва нормаларидан 2020 йилнинг ўзида 60 тасини янгилаш вазифаси қўйилган. Қурилишда техник меъёрлаш маркази ташкил этилиб, унга 15 нафар малакали мутахассис олинган. Ҳозирги кунда 33 та янги шаҳарсозлик қоида ва нормалари ишлаб чиқилган.

Тошкент — минтақанинг йирик марказига айланади

Бугун Тошкент шаҳрининг бош режаси асосида шаҳарнинг бутун эски қисми янгиланган кўринишдаги анъанавий уй-жойлар сақлаб қолинган ҳолда рекон­струкция қилинмоқда.

Бу яқин келажакда пойтахтимизни ­бутунлай янги қиёфа ва ижтимоий мақомда кўриш имконини беради. Пойтахт нафақат Ўзбекистоннинг, балки бутун Марказий Осиёнинг йирик саноат, ­маъмурий ва ишбилармонлик марказига айланади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 18 октябрь куни “ТошкентбошпланЛИТИ” давлат унитар корхонасига бориб, Тошкентнинг 2045 йилгача бўлган бош режаси лойиҳаси билан танишуви ҳам бежиз эмас. Тошкент — азим пойтахтимиз, мамлакатимизнинг бош шаҳри. Кейинги йилларда инвестицияга, тадбиркорларга шароит яратилди, янги уйлар, замонавий иншоотлар қурилди. Аммо энди келажак стратегияси белгилаб олиниши шарт. Чунки ҳудуди 43 минг гектар, аҳоли сони 3 мил­лионга яқинлашган шаҳарнинг инфратузилма тармоқларига юклама ортган. Транспортлар ҳам кун сайин кўпайиб, йўл ҳаракати қийинлашиб бормоқда. Чанг, тутун экологияга салбий таъсир кўрсатмоқда. Шу боис Президентимиз бу масалани алоҳида эътиборга олиб, пойтахтнинг меъморий қиёфасини сақлаб қолиш, келгусидаги қурилишларни шаҳар ташқарисида олиб бориш вазифасини қўйган эди. Хусусан, ўтган йили “Янги Ўзбекистон” боғининг очилиш маросимида ҳамда тошкентлик сайловчилар билан учрашувда бу борада концепция тайёрланаётгани айтилди. Пойтахтимиз келажаги билан боғлиқ бўлгани учун бу масалага жиддий ва пухта ёндашилди. “ТошкентбошпланЛИТИ” корхонасида чет эллик ва маҳаллий ло­йиҳачилар томонидан икки йил давомида аҳолининг ўсиши, транспорт ва муҳандислик тармоқлари, иқлим ўзгаришлари таҳлил қилиниб, шу асосда транспорт тугунлари ва аҳоли пунктларини ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилди. 

Кўзда тутилаётган ишлардан бири шуки, Тошкент шаҳри кадастри рақамлаштирилиб, ҳудудларнинг тоифаси очиқ-ошкора қайд этиб қўйилади. Аҳоли ўз маҳалласи ёки тадбиркорлар бизнес очмоқчи бўлган жойнинг қандай ҳудудда жойлашганини интернет орқали бемалол кўриши мумкин бўлади.

Тирбандлик муаммосини ҳал этиш учун жамоат транспорти қулайлаштирилади. Бунинг учун аҳоли уйидан 15 дақиқа пиёда юрадиган масофада бекат бўлиши талаб этилади. Шунингдек, “Park and ride” тамойили асосида, шаҳар чеккаларида автотураргоҳлар ташкил этилиб, жамоат транспорти бекатлари билан боғланади.

Яна бир муҳим чора — биноларга ижтимоий талаблар белгилаш. Масалан, шаҳар ичида кўп қаватли иншоот қурилгудек бўлса, унинг турига қараб, мактаб, боғча, маиший хизмат, автотураргоҳ ўрни, кўкаламзорлаштириш майдони каби меъёрлар қўйилади. Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача бўлган бош режаси лойиҳаси “Янги Тошкент” концепцияси билан мутаносиб тайёрланган. Бу янги шаҳар пойтахтимизнинг шарқий ­қисмида, Чирчиқ ва Қорасув дарёлари оралиғида барпо этилиб, 500 минг аҳолига мўлжалланган бўлади. Шундан келиб чиқиб, истиқболли ривожланиш ва қурилиш ҳудудлари, янги шаҳар билан пойтахтни бирлаштирувчи асосий йўллар схемалари ишлаб чиқилган. Биринчи ­босқичда 6 минг гектарда бунёдкорлик режалаштирилган.

Глобал исиш кузатилаётган бугунги даврда яшиллик жуда муҳим. Айни кунда Тошкент шаҳрида 7 минг гектар яшил майдонлар мавжуд. Президентимиз илгари сурган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасидан келиб чиқиб, бош режа лойиҳасида бунга алоҳида эътибор ­қаратилган. Жумладан, катта ҳалқа йўли атрофида “яшил камар” яратиш, шаҳардан ўтган каналлар бўйида тематик боғлар ташкил этиш кўзда тутилган. ­Умуман, пойтахтимизда яшил ҳудудларни 25 минг гектарга етказиш мақсад қилинган.

Муаммолар ечимида истиқболли йўл

Тан олиш керак, қурилиш соҳасидаги янги даврнинг бошланиши — тизимдаги муаммоларни аниқлаш, тан олиш ва очиқлаш, айниқса, уларни ечиш осон кечгани йўқ. Соҳада қабул қилинаётган Фармон ва қарорлар тизимда йиллар давомида сақланиб қолган муаммоларни тубдан ислоҳ қилишга қаратилган.

Соҳага доир норматив ҳужжатлар, жумладан, шаҳарсозлик қоидалари ва қурилиш меъёрларининг аксарият қисми эскиргани, собиқ тузум давридан қолиб кетганлиги туфайли, ушбу меъёрларни замонавий талабларга мослаштириш ғоят долзарб эди. Шаҳарларнинг бош режалари, қишлоқларда архитектура-режалаштириш лойиҳаларини ишлаб ­чиқиш, қурилиш ва лойиҳалаш бўйича кадр­лар тайёрлаш сифатини янада ­ошириш ­талаб этиларди.

Йиллар давомида йиғилиб қолган муаммолар ва йўл қўйилган сусткашликларни бартараф этиш мақсадида 2018 йил 2 апрелда қабул қилинган “Қурилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармонига мувофиқ, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси негизида Ўзбекистон Қурилиш вазирлиги ташкил этилди.

Вазирликнинг асосий вазифалари этиб — шаҳарсозлик ва қурилиш учун муҳандислик-техник изланишлар соҳасида ягона илмий-техникавий сиёсатни олиб бориш, республика ҳудудида аҳолини жойлаштиришнинг бош схемасини, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар, шаҳарлар ҳудудларини режалаштириш схемаларини, аҳоли пунктлари бош режаларини ва бошқа шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлашни ташкил қилиш, уларнинг амалга оширилиши устидан мониторинг юритиш, шаҳарсозлик соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари бўйича таклифлар тайёрлаш белгиланди.

Шу билан бирга, ушбу сананинг ўзида “Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” Президент қарори қабул қилинди. Ушбу ҳужжат билан “Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси” давлат унитар корхонасига асос солиниши белгиланди. Унга кўра, шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизасини уюштириш ва ўтказишни таъминлаш, архитектура-режалаштириш ва шаҳарсозлик ечимлари даражасини ошириш, лойиҳа иши ва қурилиш ишлаб чиқаришини такомиллаштириш, лойиҳалаш ва қурилиш соҳасида илғор тажрибани ўрганиш ва ­оммалаштириш каби асосий вазифалар бириктирилди. Ушбу икки меъёрий ҳужжат тизимда янги босқичга ўтишнинг негизи бўлди. Натижада 2019 йилга келиб режадаги 35 та шаҳарсозлик ҳужжатидан 18 та бош режа ва 10 та қишлоқ (овуллар) фуқаролар йиғинлари ҳудудларини архитектура-режалаштириш жиҳатидан ташкил этиш лойиҳалари ­ишлаб чиқилди. Бунинг натижасида республикадаги 113 та шаҳар (95 фоиз) ва 142 та шаҳар-посёлка (13,1 фоиз) бош режаларга эга бўлди.

“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларига мувофиқ, 159 та тумандаги 478 та қишлоқнинг бош режа схемалари ва батафсил режалаштириш лойиҳалари, шунингдек, 41 та шаҳарда 116 та маҳалланинг бош режа схемалари ва батафсил режалаштириш лойиҳалари ишлаб чиқилди. Қурилиш соҳасига ахборот-коммуникация технологиялари кириб келди ва “Шаффоф қурилиш” ахборот тизими ишга тушди. Шунингдек, қурилиш соҳасида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази ташкил этилди. Юридик ва жисмоний шаxсларга кенг фойдаланиш имконини берувчи “Ўзбекистон Республикаси давлат шаҳарсозлик кадастри” геоахборот тизими жорий қилинди.

Қурилиш-монтаж ишларида тизимли назорат ўрнатилиб, ижро ҳужжатларини юритишнинг электрон онлайн тизими яратилди. Шаҳарсозлик ҳужжатлари ­экспертизасини электрон ҳужжатлар алмашинуви орқали босқичма-босқич амалга ошириш тизими жорий этилди.

Қурилиш-пудрат ташкилотларининг фаолиятини такомиллаштириш ва қурилиш ишлари сифатини ошириш мақсадида қурилиш-пудрат ташкилотларининг фаолиятини баҳолаш рейтинги йўлга қўйилди. Ташкилотларнинг ихтисослашуви, қурилиш-монтаж ишлари турлари, доимий ишлайдиган ишчи-ходимлар сони, асосий ишлаб чиқариш воситалари тўғрисида маълумотларнинг ягона электрон базаси жорий этилди.

Соҳа кадрлари сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилиб, қурилиш-пудрат ташкилотлари ишчиларини қайта тайёрлаш ва касбга ўқитиш бўйича қисқа муддатли ўқув курслари, касб-ҳунарга эга бўлганлиги тўғрисида сертификатлар бериш кўзда тутиляпти.

Талаб ва таклифга мос вазифалар

Шиддат билан давом этаётган ­бунёдкорлик ишлари, ўз навбатида, ­сифатли қурилиш маҳсулотларига бўлган талабни кучайтирмоқда. Шу боис ушбу йўналишдаги ишларни тўғри йўлга қўйиш, янги турдаги энергиятежамкор қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, соҳага инвесторларни кенг жалб қилиш орқали йирик лойиҳаларни амалга ошириш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга катта аҳамият бериляпти.

Ўз навбатида, “Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодексини тасдиқлаш ҳақида”ги Қонуни янги таҳрирда қабул қилинди. Кодексга “ноёб ва алоҳида муҳим объектлар”, “реклама ва ахборот объектлари”, “тураржой объектлари”, “урбанизация” ва бошқа бир қатор асосий тушунчалар киритилиб, шаҳарсозлик фаолиятининг асосий принциплари белгилаб берилди. Шунингдек, шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назорати ва унинг шакллари, субъектлари ҳақидаги нормалар мус­таҳкамланди. Мазкур соҳадаги қарорлар муҳокамасида жамоатчилик назоратининг иштироки таъминланиши ҳам ­белгилаб қўйилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 20 февралдаги “Қурилиш материаллари саноатини тубдан такомиллаштириш ва комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида 2019 — 2021 йилларда умумий қиймати 1,3 миллиард, шу жумладан, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобига 692 миллион АҚШ доллари миқдорида амалдаги корхоналарни техник ва технологик янгилаш ҳамда янгиларини барпо этиш бўйича 67 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш вазифаси қўйилди. Уларнинг ижроси 2021 йилга қадар цемент ишлаб чиқариш қувватлари ҳажмларини 17 миллион тоннага, архитектура-қурилиш ойнасини 32 миллион квадрат метр­га, ёғоч-қипиқ плитаси (ДСП)ни 380 минг куб метрга, газобетон блокларини 700 минг куб метрга, кўп қаватли йирик панелли темир-бетон буюмларини 180 минг квадрат метрга етказиш ­имконини берди.

Айтиш жоизки, 2019 йил 23 майдаги “Қурилиш материаллари саноатини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори соҳанинг яқин истиқболга мўлжалланган стратегиясини белгилаб берди. Унинг асосий мақсади тармоқни жадал равнақ топтириш ва диверсификация қилиш учун қулай шарт-шароитлар ­яратиш, маҳаллий минерал-хомашё ­ресурсларини қайта ишлашга инвестицияларни жалб этиш ва қурилиш материалларини экспорт қилиш ҳажмини оширишга қаратилган.

Бу вазифаларнинг ҳал этилиши натижасида 2025 йилга қадар ишлаб ­чиқариш ҳажмларини гулқоғозлар бўйича 47 баробардан зиёдга, йиғилган паркет панеллари ва плиталари — 19, ёғоч ва бошқа ёғочбоп материаллардан тайёрланган плиталар — 15, газобетон блоклари — 7, лок-бўёқ материаллари ҳамда энергия ва иссиқликни тежовчи флоат-технология асосида тайёрланган архитектура-қурилиш ойнаси — 4, базальтдан тайёрланадиган композит арматура — 3 ва цемент бўйича 2 баробарга ошириш кўзда тутилган.

Сармоя ва сифат — экспорт кафолати

Таҳлилларга кўра, айни кунда юртимизда 10 мингга яқин қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналар ­фаолият юритяпти. Уларда 180 турдан ортиқ маҳсулотлар тайёрланмоқда.

Олиб борилаётган ишлар ва киритилаётган инвестициялар туфайли сифат яхшиланиб, соҳанинг экспорт салоҳияти ошмоқда. Таққослаш учун: 2016 йилда 55,3 миллион долларлик маҳсулотлар ­экспорт қилинган бўлса, 2021 йилда эса бу кўрсаткич қарийб 8 баробар ошиб, 438 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Жорий йил якуни билан 610,0 миллион долларлик экспорт амалга оширилиши кутилмоқда.

Бу рақамларни 2017 йил билан қиёслайдиган бўлсак, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 3 баробарга, экспорт — 6,1, маҳаллийлаштириш қарийб — 9, инвестицияларни ўзлаштириш 2 баробарга ошганлигини кўриш мумкин.

Шу ўринда бир жиҳат эътиборни тортади. Кейинги йилларда хорижий компанияларнинг қурилиш “хамиртуриши” — цементга бўлган таклифи ортиб боряпти. Юртимизда эса мазкур маҳсулотни ишлаб чиқариш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Бу йўналишга ихтисослаштирилган 35 та корхона бўлиб, уларнинг йиллик қуввати 25,3 миллион тоннани ташкил этади. Бунда “Қизил­қумцемент”, “Оҳангаронцемент”, “Қувасойцемент”, “Бекободцемент” акциядорлик жамиятлари ҳамда Шеробод цемент заводи, “Хуаксин цемент Жиззах” масъулияти чекланган жамияти сингари йирик ишлаб чиқарувчиларнинг ҳиссаси катта. Тез орада ҳудудларда яна 10 дан ортиқ янги цемент заводларини ишга тушириш режалаштирилган.

Кейинги йилларда соҳани ислоҳ қилиш, корхоналар самарадорлиги ва салоҳиятини ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди. Тармоқдаги ҳар бир корхона фаолияти танқидий таҳлил этилиб, маҳсулотлар сифатини яхшилаш, энергиятежамкор, инновацион қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳисобига таннархни пасайтириш чоралари кўрил­япти. Корхоналарда рақамли технология­ларни қўллаш, инсон ҳаёти учун хавфли жараёнларда автоматизация даражаси оширилди. Қурилиш материаллари ­соҳасида янги йўналишлар ривожлантирилиб, бунга хорижий инвесторлар кенг жалб қилинди. Етакчи хорижий давлатлар қурилиш соҳасининг тараққиёт тенденциясидан келиб чиқиб, янги маҳсулотларни ўзлаштириш ва инновацияни жалб қилиш ўз самарасини бера бошлади.

Яна бир нарсани алоҳида таъкидлаш лозимки, мамлакатимизда шу кунгача йўлга қўйилмаган газобетон блоклари, гулқоғоз, керамогранит, қуйма пол, юқори 600 маркали цемент, геосетка, пеноблок, шиша кристаллит, композит ва ДСП ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Қурилиш материаллари саноатининг Ўзбекистон иқтисодиётида тутган ўрни катта. Шу боис мазкур тармоқни изчил тараққий эттира бориш бугунги кун ва яқин келажакдаги вазифалардан бири ҳисобланади.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва унга мувофиқ қабул қилинган давлат ­дастурида мамлакат иқтисодиётини янада жадал ривожлантиришда иқтисодиётнинг локомотиви сифатида ушбу соҳага, хусусан, янги бино ва иншоотлар, ишлаб чиқариш объектлари ҳамда хусусий тадбиркорлик, темир ва автомобиль йўллари, тураржой бинолари қурилишига алоҳида урғу берилган.

Мазкур стратегияга мувофиқ келгусида ҳам тармоқни янада такомил­лаштириш бўйича изчил ислоҳотлар ­давом эттирилади.

Янгиланиш жараёнлари

Таъкидлаш ўринли, бугунги кунда аҳоли пунктларининг бош режаларига оммавий ҳужжат мақомини беришда “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот портали тизими доирасида “Геопортал” ахборот тизими яратилди. Геопорталга мамлакатдаги 213 та шаҳар ва шаҳарчанинг бош режалари, 595 та ҳудудни архитектуравий режалаштиришни ташкиллаштириш ҳамда 16 та ҳудудни батафсил режалаштириш лойиҳаси, жами 824 та шаҳарсозлик ҳужжати жойлаштирилган.

Фуқароларга бунёд этилаётган объект­лар тўғрисида мустақил равишда ахборот олиш, ноқонуний қурилишларни аниқлаш, объектлардаги қоидабузарликларни қайд этиш ва уларни соҳадаги назорат бўйича ваколатли органларга юбориш имконини берувчи “Огоҳ фуқаро” тизими тест режимида ишга туширилди. Шунингдек, 2021 йилнинг 1 мартидан бошлаб, икки қаватдан юқори, баландлиги ер юзасидан 12 метр ва умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлган бино ва иншоотлар, жумладан, якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ҳамда реконструкция қилиш объектининг лойиҳа ҳужжатлари мажбурий экспертизадан ўтказилган ҳамда объектнинг Қурилиш вазирлиги қошидаги Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциялари томонидан давлат қурилиш назорати ўрнатилган ҳолда амалга ошириш тартиби жорий қилинди. Вазирлар Маҳкамасининг “Қурилиш соҳасида электрон давлат харидларини ташкил этиш ва амалга ошириш тартибини такомил­лаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори талаблари асосида илк марта тендерларни онлайн электрон тизим орқали ўтказиш йўлга қўйилди.

Эътироф этиш жоизки, шаҳарсозлик фаолиятини техник жиҳатдан тартибга солишга доир норматив ҳужжатлар, жумладан, хорижий норматив ҳужжатлар илмий-техник кутубхонаси ташкил қилинди. Унда соҳага доир 2046 та адабиёт хатловдан ўтказилди ва уларнинг элек­трон рўйхати шакллантирилди. Илмий-техник кутубхона негизида “Қурилиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар” маълумотлар базаси яратилиб, 54 та норматив ҳужжатнинг электрон шакли www.shnk.uz расмий веб-саҳифасига очиқ фойдаланиш учун жойлаштирилди.

“Ўзбекистон Республикаси қурилиш тармоғини модернизация қилиш, жадал ва инновацион ривожлантиришнинг 2021 — 2025 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Президент Фармони қурилиш соҳасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этди. Мазкур стратегияда 2025 йилга бориб Ўзбекистондаги шаҳарларнинг барчасини ва шаҳар-посёлкаларнинг 25 фоизини бош режалар билан қамраб олиш белгиланди. Бош режаларни тасдиқлашда жамоатчилик фикри инобатга олинадиган бўлди. 2022 йилнинг 1 июлигача шаҳар муҳити элементларининг мақсади, анъанавий архитектура ва маданияти, шунингдек, жойнинг табиий-иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда ҳудудий “дизайн-код” ишлаб чиқилиб, жорий этилиши белгиланди.

Стратегиянинг 2025 йилгача бўлган мақсадли кўрсаткичларига мувофиқ, Ўзбекистоннинг геологик, табиий-иқлим, сейсмологик ва бошқа хусусиятларини инобатга олган ҳолда, 2025 йилга бориб, миллий шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини камида 50 фоиз даражасида халқаро норматив ва стандартлар билан уйғунлаштиришга эришиш, лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишнинг “ҳажм” услубини жорий этиш улушини республикадаги қурилиш объектлари умумий сонининг 50 фоизигача етказиш кўзда тутилган. “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими доирасида қўшимча 4 та электрон платформа яратилишини, уларнинг идоралараро ахборот тизимлари ва маълумотлар базалари билан интеграция қилинишини таъминлаш, “Бизнес юритиш” халқаро индексида (Doing Business Index) “қурилишга рухсатномалар олиш” (Dealing with Construction Permits) йўналиши бўйича Ўзбекистон Республикасининг позициясини жорий 61,7 баллдан 78,2 баллгача яхшилаш, архитектура ва қурилиш соҳасидаги олий таълим муассасаларидан бирининг халқаро тан олинган ташкилотлар рейтингларидаги Осиё мамлакатларининг энг яхши ОТМ рўйхатига киришига эришиш белгиланган.

Ўзбекистонда бугунги кунда қурилиш тармоғида олиб борилаётган ишлар, хизматлар нафақат иқтисодиётнинг асосий фондларини яратувчи қисми сифатида, балки мамлакат иқтисодиётида амалга оширилаётган таркибий ўзгаришлар ҳамда турли ижтимоий соҳадаги долзарб вазифаларни бажаришда муҳим ўрин тутиб келмоқда.

Азизбек БАҲОДИРОВ,

«Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси бошқаруви раисининг

илм-фан ва инновациялар бўйича биринчи ўринбосари, техника фанлари доктори, профессор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер