Саволлар кўпаяверса, ишонч йўқолаверади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги бугун нималарга аҳамият қаратиши керак?

21:51 22 Июль 2020 Сиёсат
1445 0

Шу кунларда мамлакатимизда тиббиёт ходимларнинг етишмовчилиги, дорихоналарда айрим дори-дармонларнинг нархлари ошиб бораётганлиги, касалланганлар учун койкаларнинг камлиги, беморларни даволаш бўйича яхлит тизимнинг йўқлиги аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Гарчи ўтган йилнинг сўнгида жаҳонда бошланган, март ойида мамлакатимизга кириб келган, апрель-май ойларида ўсиш сурати нисбатан пасайган коронавируснинг бу тартибда ривожланишига шунча вақт бўлган бўлса ҳам, етарлича ҳозирлик кўра олмаган мутасаддилар ҳақида бирор нарса дейиш душвор.

Ваҳоланки, мамлакатимиз Президенти томонидан март ойидан ҳозирги кунга қадар 20 дан ортиқ йиғилишлар, 10 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда барча масалалар бўйича вазифалар аниқ-тиниқ белгиланган эди. Жумладан, 19 март куни «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида» Президент қарори қабул қилинган эди.

Унда, фуқароларимизга шунингдек, иқтисодиётимизга турли хил зарар ва омилларни олдини олиш бўйча чора- тадбирлар белгиланган эди.

Хусусан, Молия вазирлиги ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда 10 триллион сўм миқдоридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилди. Мазкур жамғарма маблағларидан фойдаланишнинг асосий йўналишлари қаторида кўйидагилар мавжуд эди:

- даволаш ва бошқа муассасаларни коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш учун зарур бўладиган дори воситалари ва тиббий буюмлар, ҳимоя воситалари ва тест тизимлари билан таъминлаш;

-хавф-хатар остида бўлган ёки вирус юқтирганлар билан мулоқотда бўлган шахсларни карантинда сақлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш;

-коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишда иштирок этаётган тиббиёт ходимларини моддий рағбатлантириш, республика санитария-эпидемиология хизмати томонидан ҳимоя чораларини амалга ошириш харажатлари учун қўшимча маблағлар ажратиш;

-юқумли касалликларни аниқлаш, профилактика қилиш ва даволаш бўйича тадбирларга жалб этилган даволаш ва бошқа муассасаларни қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш;

Кўриб турганингиздек, март ойидаги фармонда ва унга кўра ташкил этилган жамғарма маблағлари ҳозиргидек ҳолатни юзага келмаслиги учун сарфланиши лозим эди. Энди ўз-ўзидан савол туғилади, бугунги кунда тиббиёт ходимларини кескин етишмаслиги, дори-дармон нархлари ошганлиги, фуқароларимизнинг коронавирусга тест топшириш деярли имконсиз бўлиб қолганлиги, тиббиёт соҳасидаги ходимларининг меҳнат таътили ёки бўлмаса ўз ҳисобидан таътилга чиқиб кетганлиги нима сабаб бўлди? Келинг, бу бўйича айрим мулоҳазаларни келтириб ўтамиз.

Биринчидан, Фармонда берилган топшириқлар тўлиқ ижро этилмаган;

Иккинчидан, дори-дармон билан шуғулланувчи айрим шахсларнинг халқнинг қийин давридан фойдаланган ҳолда мўмай пул ишлашни ўзининг асосий мақсади этиб белгилаб олди;

Учинчидан, фуқароларни даволаш ва касалликни олдини олиш учун ажратилган маблағларнинг бир қисми айрим мансабдорлар томонида ўзлаштирилиб юборилди;

Тўртинчидан, бутун дунёда касалликнинг ўсиш сурати кескин ошиб койкалар етишмовчилиги кузатилган бир вақтда масъулларимизнинг бизда ундай бўлмайди деб хотиржамликка берилди;

Бешинчидан, коронавирусга қарши туну кун курашаётган тиббиёт ходимларнинг ижтимоий ҳимояси етарли таъминланмагани учун ишдан бўшашлар, ўз ҳисобидан таътилга чиқиш ҳолатлари кўпайгани учун кадрлар етишмовчилиги келиб чиқди.

Бундан буёғига нима қиламиз?

Энг аввало, Президентимиз томонидан чиқарилган Фармон ва Қарорлар тўлиқ ижро этилишини таъминлаш зарур, ҳар бир ҳудуд бўйича ижро этилиши бўйича назоратни ўрнатиш вақти келди, чунки инсонларимиз тақдири ҳал этилмоқда.

Дори-дармон нархларини назорат қилиниши топширилган прокуратура органлари энг қуйи муассаса бўлган дорихоналарни эмас, балки етказиб берувчиларни назоратга олиши лозим.

Тошкент шаҳри ва ҳудудларда мавжуд имкониятлардан келиб чиққан ҳолда санаторийлар, ўйингоҳ(стадион)лар ва шунга ўхшаган бино ва иншоотларни мослаштирган ҳолда коронавирус билан касалланган беморларга ёрдам бериш учун фойдаланишга тайёрлаш зарур.

Тиббиёт муассасаларидаги қўриқловчи, санитарка, ҳайдовчилар барча ходимларни)нинг ишга жалб қилиш учун уларнинг ойлик маошларини етарли даражада (камида 2 баробарга) ошириш керак. Меҳнат ва ўз ҳисобидан таътилга чиққан тиббиёт ходимларини барчасини ишга жалб этиш, шунингдек тиббиёт соҳасида ўқиётган 5,6 курс талабаларни оммавий ишга жалб этиш керак. Уларни ҳам муносиб иш ҳақи билан таъминлаш зарур. Тиббиёт коллежлари битирувчиларини ҳам ўзи яшаб турган маҳалласи, кўчасига, кўп қаватли уйларга патронаж ҳамшира сифатида бириктириш орқали ҳам ҳар бир хонадонга тиббий хизматни таъминлашимиз мумкин.

Жорий йилнинг 23 май ҳолатига Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларга давлат бюджетидан ажратилган маблағлар ҳақида маълумот берган эди.

Унга кўра, Ўзбекистонда ҳар бир даволаниб чиққан бемор учун давлат 32,3 миллион сўмдан харажат қилганлиги, касаллиги оғир кечаётган беморларнинг ҳар бирига 64,4 миллион сўмдан ажратилганлиги, реабилитация, карантинда бўлган беморларга ҳар бири учун 2,2 миллион сўмдан ажратилганлиги айтилганди.

Бугунги кунда аҳвол қандай, ҳар бир беморга қанчадан маблағ сарфланяпти ва уларнинг таннархи (калькуляциясини) аҳолимизга очиқ айтишимиз керак. Бугунги кунгача қанча шифокор ҳимоя воситаси билан таъминланган, қанчаси касалланди, қаерда шифокорлар етишмовчилиги кузатилмоқда, қанча бемор уйида даволанмоқда? Соғлиқни сақлаш вазирлиги мана шулар ҳақида ҳам батафсил маълумот беришга ўтмас экан саволлар кўпаяверади. Саволлар кўпайган жойда гумон ва шубҳа кўпаяди, улар эса ишончга путур етказади. Ўзаро ишонч ва бир-бирини тушуниш бўлмаса мақсадга етиш шунчалар мураккаблашиши оддий ҳақиқат.

Мақсуд ҚУРБОНБОЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, 

«Адолат» СДП фракцияси аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?