Сенаторлар Тошкент вилоятидаги долзарб масалаларни ўрганишди

21:24 12 Февраль 2021 Жамият
750 0

Жорий йилнинг 10 — 12 февраль кунлари Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбидин Бурхонов ва Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонова Тошкент вилоятининг бир қатор туман ва шаҳарлар аҳолиси ва ёшлар вакиллари билан учрашди. Самимий ва ошкора ўтган суҳбатларда сенаторлар кишиларни қийнаб келаётган муаммолар ечимини топишга алоҳида эътибор қаратди. Сенаторларнинг биринчи ва иккинчи иш кунлари Нурафшон шаҳрида якун топди. Оҳангарон, Пискент Бўка туманлари, Олмалиқ ва Оҳангарон шаҳарларидан ташриф буюрган кишилар жойлардаги маҳаллий ҳокимлик мутасаддилари, корхона ва ташкилотлар раҳбарларининг масъулиятсизлиги боис йиллар давомида ҳал этилмаган ижтимоий масалалар, турмуш қийинчиликлари юзасидан мурожаат қилишди.

Учрашувларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн иккинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилган масалалар юзасидан тушунтиришлар берилди. 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ижросини таъминлаш борасидаги Давлат дастурининг мазмун-моҳияти атрофлича муҳокама қилинди.

— Вилоят ҳудудидаги барча учрашувларда маҳаллабай ишлаш тизимни изчил йўлга қўйиш, кишилар эътироз билдираётган ижтимоий муаммоларни тезкор ҳал қилишга тегишли соҳа вакилларини жалб этиш, бу борада уларнинг масъулиятини ошириш лозимлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда, — дейди Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши котибият мудири Сайёра Файзиева. — Ёшлар муаммоларини ўрганиш, улар бандлигини таъминлашда вилоят Кенгаши зиммасида ҳам тегишли вазифалар мужассам. Шу боис, сенаторларнинг бу галги ташрифида жойлардаги муаммоларни ҳал этишда маҳаллий кенгашлар депутатларининг фаолиятига ҳам баҳо берилмоқда. Айни дамда, аҳоли эътирозларига сабаб бўлаётган айрим қонунларни кўриб чиқиш, сайлов қонунчилигини такомиллаштириш, жиноят кодекси ва бошқа ҳужжатларга киритилаётган ўзгартишлар, вояга етмаган ёшлар ҳуқуқларини мустаҳкамлаш борасида ҳам ҳали кўплаб долзарб масалалар борлиги баён этилди.

— Олий Мажлис Сенатига Тошкент вилоятидан тушган 11 та мурожаатни олиб келгандим, — дейди, Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонова. — Бу ердаги юзма-юз мулоқотларда эса янада ғайрат билан ишлашга тўғри келяпти. Шу туфайли 20 дан ортиқ бандлик, уй-жой, кредит олиш, ижтимоий ҳимоя ва бошқа йўналишлар бўйича фуқаролар, жумладан, аёллар мурожаатларини кўриб чиқдик. «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» борасида ҳали муаммолар, ечим топмаган масалалар жуда кўп. Тадбиркорликка мойиллиги бор ёшлар бошқарув қуйи бўғинларида бюрократик муносабатларга дуч келишмоқда. Бунда албатта уларнинг ҳуқуқий саводхонлиги йўқлиги панд бераётир. Жойларда Бандлик бўлими томонидан ёшларни қайта ўқитиш, бирор бир касбга йўналтириш борасида ҳам ҳали кўп меҳнат қилишимиз кераклиги юзага чиқяпти.

Сенаторлар билан учрашувларда ошкоралик мезонларига алоҳида эътибор қаратилгани туфайли ёшлар ўзларини қийнаб келаётган масалаларни рўйи- рост илгари суришди. Оҳангарон шаҳридаги «Илоқ» маҳалласидан ташриф буюрган Шоҳруҳ Ғофуров тадбиркорлик қилиш учун кредит олишда муаммоларга дуч келаётганини баён қилди. Оҳангарон туманидаги «Янгиобод» маҳалласида истиқомат қилувчи Нуриддин Қўшматов эса янги иш ўринлари яратиш ҳисобига қурилиш материаллари ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўймоқчи. Бироқ унга мазкур ҳудуддан ер майдони ажратиш масаласи муаммолигича қолмоқда. Пискентлик Шоҳруҳ Анваров Геодезия ва картография йўналиши бўйича касб-ҳунар коллежини битирган. Зарурий мутахассисликка эга бўлсада, соҳада ишлашга вакант ўрин йўқлиги боис ишсизлар сафида юрибди.

Сенаторлар билан юзма-юз мулоқот қилган оҳангаронлик Зиёда Эшмуродова, Билол Ҳамзаев, Абдуғофир Деҳқонов,  Достон Эламасов, Отабек Йўлдошев каби ўнлаб ёшлар чорвачилик, қуёнчилик, балиқчилик каби йўналишларда иш бошлашга мойилигини билдиришди. Эвалейк қишлоғидан ташриф буюрган Ширингул Исмоилова эса лалми майдондан 50 гектар ер олган. Бироқ унинг  на техникаси бор, на бизнес режаси. Бунинг устига у деҳқончилик қилмоқчи бўлган ҳудудда суғориш тармоғи мавжуд эмас. У ишни нимадан бошлашини билмасдан овора. Ёнидаги фермер хўжалиги раҳбари эса унга қайишмаётир. Аёл боши билан ташаббус кўтариб чиққан Ширингул сингари ёшлар вилоятда жуда кўп. Бироқ уларнинг пинжига кириб қўллаб-қувватлайдиганлар кам. Аксарият ёшларда бизнеснинг нозик сир-синоатларини илғаш салоҳияти ҳали шаклланмаган. Шу боис мукаммал режа асосида иш бошлаш, бир сўм сарфлаб, икки сўм фойда топиш уддабуронлиги етишмайди. Сенаторлар  мулоқотларда билдирилган барча масалаларни диққат билан тинглаб, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси мутасаддиларига ёшларни касбга йўналтириш, ҳуқуқий билим ва тажрибасини ошириш, улардаги тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантириш, банкдан кредит ва субсидиялар олишда амалий ёрдам кўрсатиш юзасидан тегишли кўрсатмалар беришди.

Ўрта Чирчиқ туманидаги мулоқотларда аёлларнинг тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, маҳаллабай ва оилабай ишлаш тизимини йўлга қўйиш борасидаги муаммоларни бартараф этиш йўл-йўриқлари кўриб чиқилди. Бугун ушбу туманда истиқомат қилаётган 153 минг нафардан ошиқроқ кишиларнинг 77 минг нафари меҳнатга лаёқатли, деб қайд этилган. Хотин-қизлар илгари сурган муаммолар замирида 2 минг нафарга яқин бева ҳамда 410 нафар ёлғиз аёлларнинг дарду ташвишлари мужассам. Ҳозир туманда 437 нафар аёллар темир дафтарда қайд этилган. Демак уларнинг бугуни ва эртаси ҳақида ўйлаш маҳаллий раҳбарлар зиммасидаги бирламчи вазифадир. Туманда истиқомат қилаётган 29 минг нафардан ошиқ аёлларнинг бор-йўғи 276 нафари тадбиркорликка жазм этишган.

— «Аёллар дафтари» бўйича муайян ишлар натижасида кўплаб хотин-қизларни касбга йўналтиришга эришдик,-дейди Ўрта Чирчиқ тумани Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази раҳбари Гулмира Бейсенова. —Ишбилармонлик истагидаги 74 нафар аёлларга имтиёзли кредитлар ажратиш устида иш олиб боряпмиз. Халқ банки, Савдо-саноат палатаси, Ҳунармандлар уюшмаси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими, Бандликка кўмаклашиш маркази каби ташкилотлар билан Марказимиз ўртасида тегишли меморандум имзоланмоқда. Тез кунларда «Аёллар дафтари»даги хотин-қизлар сартарошлик, тикувчилик, пазандачилик, компьютер саводхонлиги, бизнес асослари каби йўналишларда ўқув курсларига қатнай бошлайди. Уларга махсус сертификатлар берилиб, муайян иш билан таъминланади.

Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонованинг Ўрта Чирчиқ тумани аёллари билан учрашуви ниҳоятда сермазмун ўтди. Тикувчилик, қандолатчилик, касаначилик, зардўзлик, пазандалик йўналишларида иш бошлаш илинжидаги тадбиркор аёллар имтиёзли кредит олиш борасидаги мавжуд муаммоларга ечим топишди. Тумандаги чекка қишлоқлардан бири Қорағўйлида яшовчи Дилдора Ўсарованинг ҳунармандлик борасидаги иш намуналари учрашувга келган юз нафарга яқин аёлларда катта қизиқиш уйғотди. У тайёрлаган турли хил сувенирлар нафақат қишлоқда балки Тошкентда ҳам харидоргир.

Шодиёр МУТАҲАРОВ,
(«Халқ сўзи»)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?