Сенаторлар ички ишлар вазирининг ахборотини муҳокама қилди

19:10 03 Август 2022 Сиёсат
353 0

Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»

Бугун 3 август куни Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг мажлисида Сенат аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари доимий комиссиялари раислари, Қўмита ҳузуридаги экспертлар гуруҳи аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида  бўлиб ўтди.

Қўмита йиғилишида Сенатнинг ялпи мажлисида муҳокама қилиниши назарда тутилган масалалар дастлабки тарзда кўриб чиқилди ва “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.

Муҳокама қилинаётган Қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг ички ишлар органлари фаолиятига оид қарор ва фармонлари ижросини таъминлаш мақсадида Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилганлиги таъкидлаб ўтилди.

Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги, “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги ва “Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида”ги қонунларига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилган.

Хусусан, Қонун билан Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазирининг, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармаларининг, вилоятлар ички ишлар бошқармаларининг бошлиқлари, уларнинг ўринбосарлари ҳар чоракда тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ҳисоботлар тақдим этиши тартиби киритилмоқда.

Бундан ташқари, “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ички ишлар органлари тизимида фаолият юритаётган маҳалла ҳуқуқ-тартибот пунктларининг ҳуқуқий мақомини ва асосий вазифаларини белгилаб қўйишга қаратилган қўшимчалар киритилмоқда.

Шунингдек, Қўмита мажлисда Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисидаги ахбороти ҳақидаги масала муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, Сенатнинг 2022 йил 19 мартдаги тегишли қарорига мувофиқ кўрилган чоралар натижасида ўз фаолияти давомида жиноятларни жиловлаш борасида ишларни тўғри ташкил этмаган 1 559 нафар раҳбар ва ходимга интизомий таъсир чоралари қўлланилган.

2021 йил давомида очилмасдан қолган жиноятлардан 1 079 таси, аввалги йилларда очилмаган жиноятларнинг 151 таси фош этилиши таъминланган.

Шунингдек, ҳисобот даврида содир этилган умумий жиноятларнинг 93,9 фоизи фош этилган, қидирувдаги 2 841 нафар шахс ушланган, бедарак йўқолган 203 нафар шахс топилган.

Тезкор-қидирув тадбирлари натижасида ахборот технологиялари воситаларидан фойдаланиб содир этилган 332 та жиноят аниқланган.

Бевосита маҳаллаларда жиноятчиликни жиловлаш мақсадида салмоқли ишлар амалга оширилган.

Тазйиқ ва зўравонликка учраган 25 869 нафар хотин-қизга ҳимоя ордери берилган, профилактик тадбирлар натижасида 8 348 та оила ярашган, 25 125 та низоли масала бартараф этилган.

Жиноятлар кўпайган 3 119 та ёки 33 фоиз маҳалла “қизил” тоифага киритилиб, ҳамкорликда қўшма патруллик йўналишлари ташкил этилган.

Эришилган натижалар билан бирга ички ишлар органлари фаолиятида муайян камчиликлар, ечимини кутаётган муаммолар ва тўлиқ фойдаланилмаган имкониятлар ҳам мавжудлиги таъкидланди.

Хусусан, 2022 йилнинг 6 ойида рўйхатга олинган жами жиноятлар сони ҳар 100 минг аҳолига 132 тадан тўғри келган бир вақтда ушбу кўрсаткич Тошкент шаҳрида 363 тани, Фарғонада 190 тани, Тошкент вилоятида 184 тани, Сирдарёда 148 тани ташкил этган.

Бундан ташқари, профилактика тадбирлари натижасида реал олдини олиш имкониятлари мавжуд бўлган ва маҳалла ҳудудида содир этиладиган жиноятларнинг олдини олиш профилактика инспекторларининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланса-да, бу йўналишдаги ишлар сустлиги боис, ушбу турдаги жиноятлар жами жиноятларнинг салмоқли қисмини ташкил этган.

Профилактик ишлар лозим даражада ташкил этилмаганлиги оқибатида олдини олиши мумкин бўлган айрим турдаги жиноятлар кўпайишига шароит яратилган.

Вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятларнинг сони айрим ҳудудларда юқорилигича қолган.

Мажлисда сенаторлар томонидан аҳоли ўртасида жиноятчиликка нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, жиноятларнинг олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

Муҳокамалар натижасида Қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

 

«Халқ сўзи»
Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер