Сенаторлар Давлат бюджетининг 2022 йил биринчи ярим йилликдаги ижросини муҳокама қилдилар

13:47 13 Сентябр 2022 Сиёсат
299 0

Фото: Сирожиддин Вохидов / “Халқ сўзи”

Сенатнинг ўттиз иккинчи ялпи мажлисида Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2022 йил биринчи ярим йиллиги ижроси тўғрисидаги ҳисоботи муҳокама қилинди.

Мажлисда таъкидланганидек, жаҳон иқтисодиётида кечаётган мураккаб жараёнларга қарамасдан 2022 йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида Ўзбекистон иқтисодиётининг барқарор ривожланиши таъминланмоқда. Мамлакатимизда амалга оширилган самарали фискал ва монетар сиёсат натижасида ЯИМ ҳажми жорий нархларда қарийб 390 триллион сўмга етиб, иқтисодий ўсиш ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,4 фоизни ташкил этди.

Ҳисобот даврида Давлат бюджети даромадлари 92,6 триллион сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 17,8 триллион сўмга кўпайди. Давлат бюджети даромадларининг ўсишига сўнгги йиллардаги солиқ назорати ва маъмуриятчилиги янги дастакларининг жорий этилиши, солиқ базасининг кенгайтирилиши, иқтисодиёт соҳаларида олиб борилаётган ислоҳотлар таъсир кўрсатганлиги қайд этилди.

Давлат бюджетининг 2022 йил биринчи ярим йиллигидаги харажатлари давлат мақсадли жамғармаларисиз 103,0 триллион сўмни ёки ЯИМга нисбатан 26,4 фоизни ташкил этди. Ҳисобот даврида маҳаллий бюджетларнинг даромадлари 36 триллион 977 миллиард сўмга етди.

Сенат аъзолари муҳокамалар жараёнида асосий эътиборни 2022 йилнинг 6 ойи давомида Давлат бюджети даромад ва харажатларининг ижроси, ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши, шунингдек, солиқ ва божхона идоралари томонидан белгиланган давлат бюджети даромадлари прогнозининг бажарилишида солиқ ва божхона тўловлари бўйича ҳисобланган даромадларнинг ундирувчанлик даражасига қаратдилар.

Шунингдек, маҳаллий бюджетларнинг даромад базасини кенгайтириш ҳамда белгиланган прогноздан ортиқча тушган даромадлардан мақсадли фойдаланилиши борасида йўл қўйилаётган камчиликлар кўрсатиб ўтилди.

Сенаторлар томонидан “Очиқ бюджет” портали орқали маҳаллий бюджетнинг прогноздан ошириб бажарилган қисми ҳисобидан жамоатчилик фикрининг ҳисобга олиниши ҳолати юзасидан ҳам ўз муносабатларини билдирилиб, бу борада шаффофликни ва фуқороларнинг кенг иштирокини таъминлаш зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек, давлат бюджети даромадлари ҳамда харажатлари ижросини таъминлашда, бюджет ва давлат мақсадли жамғармалари маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланишда айрим камчиликларга йўл қўйилганлиги қайд этилиб, уларни бартараф этиш ва олдини олиш юзасидан таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

Кўриб чиқилган масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

 

 

“Халқ сўзи”,
Фото: Сирожиддин Вохидов / “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?