Сенатор ва депутат иштирокида «Меҳрибонлик» уйлари битирувчилари учун ўқув-тренинглар ташкил этилди

23:38 07 Май 2021 Жамият
395 0

Республикаси Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши ҳамкорлигида Тошкент шаҳридаги 21-, 22- ва 23-сон «Меҳрибонлик» уйлари битирувчилари учун қисқа муддатли ўқув-тренинглари ўтказилди.

Ушбу тренингда Қўмита раиси ўринбосари Д.Ташмухамедова ва депутат В.Алимова, соҳа мутахассислари, «Меҳрибонлик» уйлари битирувчилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, мамлакатимиздан олиб борилаётган ижтимоий сиёсат етим болалар ва ота-она қарамоғисиз қолган болалар муаммоларини ҳал этишда самарали натижаларни бермоқда. Шунга қарамай, «Меҳрибонлик» уйлари тарбияланувчиларини мустақил ҳаётга ижтимоий-психологик мослаштириш масалалари ҳамон долзарблигича қолмоқда.

«Меҳрибонлик» уйини битирувчиларнинг мустақил ҳаётга мослашганини касбий тайёргарликдан муваффақиятли ўтганлиги, доимий ишга жойлашганлиги, у ўз оиласини яратишга, фарзандларини тарбиялашга тайёрлиги, ғайриқонуний хулқ-атворга эга эмаслиги каби мезонлар орқали баҳолаш мумкин.

Ўқув-тренингларда мутахассислар томонидан болаларнинг ўзлигини англашга, ҳаётий режаларини тузиш ва амалга оширишга қаратилган кўникмаларни шакллантириш юзасидан дарслар ўтилди.

Шунингдек, тренинг давомида бир гуруҳ битирувчиларга репродуктив ва руҳий саломатликни сақлаш, зарарли одатлардан узоқлашиш, оилани режалаштириш каби билимлар бериб борилди.

«Меҳрибонлик» уйи битирувчилари учун ташкил этилган бундай машғулотлар ёшларнинг зарур билим ва кўникмаларга эга бўлиши, уларнинг мустақил ҳаёт йўлида муаммоларни муваффақиятли ҳал қилиш ва ўз қарорлари учун масъулиятни ҳис қилишга хизмат қилади.

Ўқув-тренинг натижасига кўра, ташкилотчилар томонидан Халқ таълими вазирлигига барча «Меҳрибонлик» уйи битирувчилари учун туркум машғулотлар ўтказилиши юзасидан таклиф ва тавсиялар берилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?