Сенатор Ортиқхўжаевга сўров юборди

19:52 27 Март 2021 Жамият
706 0

Республикада шаҳар ва туман марказлари, шаҳарчалар ва қишлоқ аҳоли пунктларида ободонлаштириш ишлари изчил олиб бориляпти. Аммо баъзи ҳудудларда яшил ҳудудларни яратиш бўйича камчилик ва муаммоллар мавжудлиги сир эмас.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 4 июндаги қарори билан тасдиқланган 2019-2020 йилларда ободонлаштириш соҳасида ишлар самарадорлигини янада ошириш бўйича “Йўл харитаси”га асосан “Одамлар учун шаҳар”, “Яшил шаҳар” ва “Шаҳар-боғ” моделлари элементларини қўллаган ҳолда кўча-йўл ҳудудларини ташкил этиш, истироҳат боғлари, хиёбонлар ва бульварлар, одамлар учун майдончалар, пиёдалар ҳаракатини ва велосипедда ҳаракатланишни ташкил этиш, минтақа иқлими ва табиий шароитлардан келиб чиқиб, комплекс ландшафт дизайни, тавсия этилган яшил буталарни ҳисобга олган ҳолда ҳудудларни кўкаламзорлаштириш бўйича манзилли дастурларни ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ҳамда амалга ошириш белгиланган.

“Mening fikrim” веб-порталида беш мингдан зиёд овозни тўплаган “Туман ва шаҳарларда янги яшил ҳудудларни яратиш ҳақида”ги электрон жамоавий мурожаат хат билан кўриб чиқиш ва тегишли қарорни қабул қилиш мақсадида халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашига киритилган эди.

Олий Мажлис палаталарининг Кенгашлари қўшма қарори билан тасдиқланган “Mening fikrim” веб-портали орқали электрон жамоавий мурожаатлар бериш ва уларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги низомга асосан белгиланган миқдорда қўллаб-қувватловчи овоз тўплаган мурожаатни кўриб чиқиш ва у бўйича қарор қабул қилиш муддати мурожаат ваколатли давлат органига келиб тушган пайтдан эътиборан олтмиш кундан ошмаслиги (мазкур ҳолат бўйича 2020 йилнинг 21 октябрига қадар) белгиланган.

Бироқ, Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси ўрганганда, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан юқорида қайд этилган низом талаблари бузилганлиги, мазкур мурожаатнинг кўриб чиқилганлиги ва натижаси бўйича қабул қилинган қарор веб-портал модераторига бугунги кунга қадар тақдим этилмаганлиги аниқланди.

Юқоридагиларни инобатга олиб, Олий Мажлис Сенати Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Н. Умаров томонидан “Mening fikrim” веб-порталида беш мингдан зиёд овозни тўплаган “Туман ва шаҳарларда янги яшил ҳудудларни яратиш ҳақида”ги электрон жамоавий мурожаатнинг кўриб чиқилганлиги ва натижаси бўйича қабул қилинган қарорнинг веб-портал модераторига тақдим этилмаганлиги юзасидан Тошкент шаҳар ҳокими Ж.Артикходжаевга асослантирилган тушунтириш беришни сўраб сенатор сўрови юборилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?