Сенатор мактаб ўқувчилари учун стипендия таъсис этди

17:54 18 Февраль 2021 Жамият
532 0

Яқинда Олий Мажлис Сенати Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Носирбек Абдуллаханов халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгаши депутатлари ва доимий комиссиялари раислари, вилоят маҳаллий Кенгаши котибияти ҳамда сиёсий партиялар вакиллари билан учрашиб, бир қатор долзарб масалаларга эътибор қаратган эди. Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг сифатли таълим олиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш шулар жумласидандир.

Қолаверса, депутат Ш.Қаюмов ўз сайлов округи ҳудудида жойлашган мактабларни ўрганиш жараёнида таълим сифати талабга жавоб бермаслигини, 46-сонли умумтаълим мактабида сўнгги 30 йил ичида атиги 26 нафар бола олий таълим муассасасига ўқишга қабул қилинганини таъкидлаганди.

Куни кеча Олий Мажлис Сенати Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Н.Абдуллаханов томонидан маҳаллий Кенгаш депутатлари, халқ таълими бошқармаси масъуллари билан биргаликда мазкур таълим муассасасида ўрганиш олиб борилди. Ўқувчилар учун яратилган шароитлар билан танишилиб, камчилик ва муаммоларга эътибор қаратилди.

Бундан ташқари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, халқ таълими бошқармаси мутасаддилари, ўқитувчилар ва ота-оналар билан маслаҳатлашган ҳолда мазкур мактабда «оналар соати» ташкил этилди. Унда оналар бевосита дарс жараёнларини кузатиши қаторида фарзандининг ўзлаштириши, педагогларнинг малакаси, таълим сифати ҳақида хабардор бўлиши мумкин. Бу амалиёт Республикада биринчи марта тажриба сифатида ушбу таълим муассасасида жорий этилмоқда.

Шу билан бирга, малакали ўқитувчилар томонидан ўқувчиларга бешта фандан бепул тўгараклар ўтилиши йўлга қўйилди. Синф хоналари эса шу тўгарак ўтказиладиган фанга мос тарзда жиҳозланадиган бўлди. Шунингдек, энг фаол ўқитувчиларга қимматбаҳо совғалар топширилди.

Яна бир жиҳат. Олий Мажлис Сенати Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Н.Абдуллаханов Наманган шаҳридаги мазкур 46-сонли умумтаълим мактаби ўқувчилари учун «сенатор стипендияси»ни таъсис этди. Ҳар ой мактабнинг 10 нафар ўқувчиси ушбу стипендияга эга бўлиши мумкин. Бу эса уларнинг яхши кўрсаткичлар учун интилишига олиб келади. Қолаверса, ўқувчи-ёшлар учун кичик рағбат бўлади, десак муболаға эмас.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?