Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг фаолияти таҳлил қилинди

12:41 05 Ноябрь 2020 Сиёсат
208 0

Яқинда Олий Мажлис Сенати Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг видеоконференсалоқа тарзида мажлиси бўлиб ўтди. Унда Қўмитанинг жорий йилнинг ўтган даври мобайнидаги фаолияти таҳлил қилинди.

Қўмита томонидан 2020 йилнинг ўтган вақти мобайнида 15 та Қўмита мажлиси ўтказилиб, уларда 50 яқин масала муҳокама этилди. Сенат ялпи мажлисларида қонунчилик фаолиятини амалга ошириш доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган ва маъқуллаш учун Сенатга киритилган Қўмита йўналишига тааллуқли 4 та қонун кўриб чиқилди ҳамда 2 маротаба ҳукумат аъзоларининг ахбороти эшитилди.

Бундан ташқари, Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус ҳамда “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастурининг Сурхондарё вилоятида ижро этилиши ўрганилди. Ушбу йўналишда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятлари туман ва шаҳарлар сектор раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди. Қолаверса, Бухоро ва Қашқадарё вилоятида «Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ижро этилиши ҳолати таҳлил қилинди.

Яна бир жиҳат. Фуқаролардан келиб тушган мурожаатлар ҳамда ўрганишлар давомида аниқланган масалалар юзасидан давлат бошқаруви органларига Қўмита аъзолари томонидан 30 га яқин сенатор сўрови юборилди.

Мажлисда бугунги шиддатли ривожланиш вақтида бу каби рақамлар билан кифояланиб бўлмаслиги, Қўмита аъзолари фаолиятини янада жонлантириш давр талаби эканлигини таъкидланди. Айниқса, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг қонун лойиҳалари муҳокамаларида янада фаол иштирокини таъминлаш ҳамда ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган ҳолатларга ўз вақтида муносабат билдириш, Сенат ҳузурида ташкил этилган Ёшлар парламенти аъзолари билан «устоз-шогирд» анъанаси асосида яқин ҳамкорлик қилиш масалаларига урғу берилди.

Шунингдек, Қўмита аъзолари ўз фаолиятларини танқидий-таҳлилий жиҳатдан кўриб чиқишлари, янада фаолроқ бўлишлари таъкидлаб ўтилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?