Сенат ўн олтинчи ялпи мажлисининг биринчи иш куни якунланди. Унда қандай масалалар кўрилди?

20:34 25 Июнь 2021 Сиёсат
801 0

Бугун, 25 июнь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.

Видеоконференсалоқа тарзида ўтказилган мажлисда Ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева олиб борди.

Мазкур ялпи мажлис иши Сенатнинг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ҳамда «Ўзрепорт» телеканали орқали тўғридан-тўғри жонли эфирда намойиш этилди.

Олий Мажлис Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлисида Наманган вилоятидан сенатор Анна Добрих томонидан тўқимачилик саноатида фаолият кўрсатаётган тадбиркорлар фаолиятида маҳсулотларни сертификация қилишда қатор муаммолар туғдирган Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида мувофиқлиги тасдиқланиши лозим бўлган мувофиқликни баҳолаш объектлари рўйхатларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори ижроси кўтарилган эди.

Ушбу масала Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси томонидан ўрганилди. Мажлисда мазкур ўрганиш натижалари ҳақида Қўмита раиси Э. Гадоев маълумот берди.

Ўрганиш натижасига кўра, асосий муаммо­ ишлаб чиқариш учун зарур ҳисобланган маҳсулотлар (мато, ип-газлама, фурнитура ва бошқа хом-ашёлар)нинг республикага кириб келишида, божхона расмийлаштирув жараёнида, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 30 январдаги қарорига мувофиқ божхона брокерлари томонидан мувофиқлик сертификатлари тақдим этилиши талаб қилинаётганлиги маълум бўлди.

Бундан ташқари, ишлаб чиқарувчилар ҳамда аҳолини қийнаб келаётган бошқа тизимли муаммолар ҳам аниқланган. Хусусан, юридик ва жисмоний шахслар қайта ишлаш бўйича хом-ашё ҳамда хавфсизлик даражаси юқори бўлмаган гуманитар ёрдам ва техник кўмак маҳсулотларини импорт қилганларида ҳам мувофиқлик сертификатлари талаб этилмоқда.

Бу ҳолатлар эса корхоналарнинг ишлаб чиқариш жараёнларига салбий таъсир ўтказиб, қўшимча маблағлар сарфланишига, чет эллик харидорлар олдидаги мажбуриятларни ўз муддатида бажарилмаётганлигига ҳамда тадбиркорлар норозилигига сабаб бўлмоқда.

Бу борада хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилганда ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб кириладиган маҳсулотларга мувофиқликни баҳолаш талаб этилмаслиги, балки маҳсулотлар ички бозорга муомалага чиқарилаётган пайтда зарурлиги маълум бўлган.

Шу муносабат билан ҳамда тадбиркорлик фаолияти ривожига халал бераётган бюрократик тўсиқларни бартараф этиш мақсадида Ташқи савдо, инвестициялар, маҳаллий саноатни ривожлантириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссиясига ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган, шунингдек, қайта ишлаш (толлинг) ҳамда гуманитар ёрдам ва техник кўмак мақсадида импорт қилинадиган маҳсулотларга нисбатан мувофиқлик сертификатини олишни татбиқ этмаслик таклифи киритилган.

Сенатнинг Қўмитаси раиси Э. Гадоев Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 2 июндаги «Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида давлат бошқарувини тубдан такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармонига асосан маҳсулотлар импортида соддалаштирилган божхона расмийлаштирувини жорий қилиш ҳамда 2021 йилда сифат миллий инфратузилмасини ривожлантириш бўйича «Йўл харитаси»да қатор вазифалар белгиланганлиги боис юқоридаги муаммолар ҳал этилишини таъкидлади.

Сенаторлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг давлат органларида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш соҳасидаги фаолиятини такомиллаштириш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, Ҳаракатлар стратегиясида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларига оид ахборотни тақдим қилишнинг замонавий шаклларини жорий этиш давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилишнинг муҳим йўналиши этиб белгиланди.

Қисқа давр мобайнида бу борада салмоқли ишлар амалга оширилди ва кўплаб ижобий натижаларга эришилди. Хусусан, Ҳукумат портали доирасида жисмоний ва юридик шахсларнинг ахборотдан эркин ва бепул фойдаланиш имконини берувчи Ўзбекистон Республикасининг Очиқ маълумотлар портали фаолияти йўлга қўйилди. Қолаверса, «Менинг фикрим», «Очиқ бюджет», «Давлат харидлари», «Шаффоф қурилиш» порталлари каби ўнлаб электрон платформалар ишга туширилди. Барча даражадаги давлат ва жамоат ташкилотларининг доимий янгиланиб турадиган расмий веб-сайтлари яратилди.

Мажлисда сенаторлар томонидан мамлакатимиздаги ўзгариш ва янгиланиш жараёнлари, олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар мазмун-моҳиятини халқимизга тўғри ва тўлиқ тушунтириш, миллий ахборот маконини холис ва асосли маълумотлар билан тўйинтириш зарурати ахборот сиёсати ҳамда очиқликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар, тизимли назорат, жумладан, парламент назорати муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитасини ташкил этиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди. Қолаверса, мазкур қўмитанинг вазифаларига эътибор қаратилди.

Қўмита давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш соҳасини мувофиқлаштириб боради ва бу борада доимий назоратни амалга оширади.

Мажлисда сенатор Фарход Эсанович Боқиев мазкур Қўмита раисининг ўринбосари этиб сайланди.

Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Ялпи мажлисда маҳаллалардаги ҳолат, аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, Президентимиз томонидан илгари сурилган «маҳаллабай» ва «фуқаробай» иш услублари айни дамда аҳоли мурожаатлари ва жамиятдаги кўплаб муаммоларни бартараф этишда ўз самарасини кўрсатмоқда. Жойлардаги муаммоларни «маҳаллабай» аниқлаш ва бартараф этиш, хусусан, ҳудудларда «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари ижросини таъминлаш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, мамлакатимизда қарорлар қабул қилиш ва ижро этишнинг барча соҳаларида ҳамда даражаларида хотин-қизлар ва эркаклар ўртасида тенглик тамойилини татбиқ этиш, эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлари ва имкониятларини рўёбга чиқариш учун шарт-шароитлар яратиш ҳамда иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётда гендер тенглик тарғиб қилинишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистонда 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегияси қабул қилинди.

Яна бир жиҳат. Ўтган давр мобайнида меҳнат органлари томонидан 308,8 минг нафар аёлларга бандлик ва меҳнат соҳасидаги хизматлар кўрсатилди. Ёшлар ва хотин-қизларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш дастурларини самарали амалга ошириш ҳамда уларнинг тадбиркорлик фаолияти учун микрокредитлар ажратиш тизими такомиллаштирилди.

Мажлисда Хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича республика комиссияси раиси Қ.Рафиқовнинг ахбороти эшитилди.

Таъкидланганидек, жорий йилнинг январь-май ойларида «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизлардан 430 275 нафарига (99,4 фоиз) амалий ёрдамлар кўрсатилди. Жумладан, 251 363 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизларнинг доимий даромад манбаига эга бўлишига кўмаклашилди.

Тадбиркорлик қилиш истагини билдирган 66 660 нафар хотин-қизнинг тадбиркорлик кўникмалари оширилди ва уларга 830 млрд

37 млн сўмлик кредитлар ажратилди.

Нотурар жойларда истиқомат қилаётган, ўзининг ёки биргаликда яшовчи оила аъзоларининг номида турар жой мавжуд бўлмаган хотин-қизлардан 4 065 нафарига 8 млрд 635 млн сўмлик ижара компенсацияси тўлаб берилди, 4 769 нафари имтиёзли арзон уй-жойлар билан таъминланди.

«Аёллар дафтари» жамғармаси, «Саховат ва кўмак» жамғармаси, шунингдек, ҳомийлик ва бошқа манбалар ҳисобидан 36 697 нафар боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд хотин-қизларга 27 млрд 572 млн сўм, 29 040 нафар ногиронлиги бўлган ва ўзгалар парваришига муҳтож хотин-қизларга 21 млрд 58 млн сўм, 8 103 нафар қарамоғида ногиронлиги бўлган боласи мавжуд ёлғиз аёлларга 6 млрд 959 млн сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди.

Онкологик касалликларни камайтириш мақсадида 300 893 нафар хотин-қизда одам папилломаси вирусига қарши эмлаш ишлари олиб борилди. 4 млн 13 минг нафар туғиш ёшидаги аёллар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.

Қолаверса, «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизлар учун «Аёли эъзозланган юрт» шиори остида мамлакатимиз бўйлаб саёҳатлар ташкил этиш йўлга қўйилди.

«Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизларга кўрсатилган тегишли амалий ёрдамлар ва уларнинг муаммоларини ҳал қилиш натижасида бугунги кунга қадар 357 998 нафар хотин-қиз халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашларининг сессиялари қарорлари асосида «Аёллар дафтари» рўйхатидан чиқарилди.

Мажлисда амалга оширилган ишлар билан бирга, ижтимоий-иқтисодий муаммоларни бартараф этиш бўйича йўл қўйилган айрим камчиликлар танқидий муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалаларига барча ҳудудларда ҳам бирдек масъулият билан ёндашилмаяпти. Мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланишда сусткашликка йўл қўйиш ҳолатлари ҳам учрамоқда. Бу борада вазирлик ва идораларнинг вертикал тизими самарали ишлаши, ўзаро мутасадди идора, ташкилотлар ўртасида ўзаро ҳамкорликни кучайтириш таъкидланди.

Бундан ташқари, маҳаллий Кенгашлар «Темир дафтар», «Ёшлар дафтари», «Аёллар дафтари» билан ишлаш борасида камчиликларга йўл қўйилганлиги қайд этилди.

Қолаверса, яратилган имкониятлар ва имтиёзлардан аҳолининг, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатлами, шу жумладан, хотин-қизлар хабардорлиги етарли даражада эмаслиги, ушбу йўналишдаги ишларга ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги белгиланди.

Сенаторлар томонидан жамиятда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий фаоллигини ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш, оила муносабатларини янада яхшилашга қаратилган тадбирларни янада кучайтириш борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Ялпи мажлисда Сенат аъзолари Тошкент вилоятининг Оққўрғон, Оҳангарон, Бекобод, Бўстонлиқ, Бўка, Зангиота, Юқори Чирчиқ, Қибрай, Паркент, Пискент, Ўрта Чирчиқ, Янгийўл туманлари ва Олмалиқ, Чирчиқ, Ангрен, Янгийўл, Бекобод шаҳарлари чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масалани муҳокама қилди.

Қайд этилганидек, бугунги кунда Тошкент вилоятининг бир қанча туман ва шаҳарлари, жумладан, вилоятнинг Ангрен ва Бекобод шаҳарлари ҳамда Қибрай ва Пискент туманлари бошқа туман ва шаҳарларда жойлашган «анклав» ҳудудларга эга. Бу ҳолатлар жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашнинг самарали ташкил этилиши, аҳолининг ижтимоий таъминоти ва давлат органлари билан ўзаро муносабатларини амалга ошириши, вояга етмаганларнинг таълим жараёнини назорат қилиш ҳамда уларни туман (шаҳар) даражасидаги оммавий тадбирларга жалб қилиш ва бошқа жараёнларда муаммоларнинг юзага келишига сабаб бўлмоқда.

Биргина мисол, Бекобод туманида жойлашган Истиқбол маҳалласи фуқаролари, Бекобод шаҳар Янги ҳаёт маҳалла ҳудудида жойлашган мактабда таълим олишади, даволаниш учун Бекобод шаҳрида жойлашган марказий шифохонага боришади, шунингдек, барча коммунал йўналишдаги хизматларни шаҳар ташкилотлари кўрсатади.

Бундан ташқари, Ангрен шаҳридаги «Красногорск» қўрғонида фуқароларига коммунал хизмат кўрсатиш, хусусан, электр таъминоти, ичимлик суви, газ таъминоти ҳамда банк хизматлари Паркент тумани томонидан амалга оширилади. «Красногорск» қўрғони фуқаролари даволаниш учун ҳам Паркент туманида жойлашган марказий шифохонага қатнайди.

Бу эса ушбу ҳудудлар аҳолиси ҳаётида турли қийинчиликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.

Шу сабабли, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда «Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига асосан Тошкент вилоятининг юқорида қайд этилган туман ва шаҳарлари чегараларини ўзгартириш таклифи илгари сурилмоқда. Жами ўзгартирилаётган туман ва шаҳарлар чегараларининг ер майдони 17 359,1 гектар бўлиб, шундан 10 084,8 гектари қишлоқ хўжалиги ерларидир.

Натижада Тошкент вилояти маъмурий-ҳудудий бирликлар чегараларини тартибга солиш анклав ҳудудларни тугатиш ҳамда маҳаллий давлат ҳокимликлари органлари томонидан ҳудуд бошқарувини янада соддалаштиришга, қолаверса, маъмурий-ҳудудий бирликларининг ижтимоий-иқтисодий ривожлантирилишига олиб келади.

Шунингдек, Тошкент вилояти шаҳарларини 2021–2030 йилларда ривожлантириш учун зарур бўлган ҳудудларни белгилаш, ушбу даврда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, янги турар-жой массивларини барпо этиш орқали шаҳарларнинг ўсиб бораётган аҳолиси эҳтиёжларини қаноатлантиришга хизмат қилади.

Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Шундан сўнг халқ депутатлари Қарши тумани Кенгашининг 2020 йил 16 апрелдаги «Туманда деҳқон ва фермер хўжаликлари томонидан ер участкаларидан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни янада кўпайтириш, фермерларнинг молиявий ҳолатини янада яхшилаш мақсадида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги 34/06-06-сонли қарорини ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.

Аниқланишича, Қарши тумани ҳокимининг 2019 йил 13 февралдаги

X-1749/02-сонли қарорига асосан фермер хўжалигини ташкил этиш учун фуқаро Д.Элмуродовга 10,1 гектар ер майдони 49 йилга ижарага ажратиб берилган. Бироқ халқ депутатлари Қарши тумани Кенгашининг 2020 йил

16 апрелдаги 34/06-06-сонли қарори амалдаги бир қатор қонунчилик ҳужжатларига зид равишда қабул қилинган.

Жумладан, халқ депутатлари Қарши тумани Кенгашининг 2020 йил

16 апрелдаги 34/06-06-сонли қарори билан Элмуродов Дилшод («Боғи обод агро» фермер хўжалиги) ва яна 16 нафар деҳқон ва фермер хўжаликлари билан тузилган ер ижара шартномаси ноқонуний равишда бекор қилинган.

Ваҳоланки, Фуқаролик кодексининг 382-моддасига мувофиқ шартнома тарафларнинг келишувига мувофиқ ўзгартирилиши ва бекор қилиниши мумкин.

Қолаверса, Ер кодексининг 24-моддаси ҳамда «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги Қонуннинг 13-моддасига кўра ер участкаларини ижарага олиш шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш тарафларнинг келишуви билан, бундай келишувга эришилмаган тақдирда эса суднинг ҳал қилув қарори билан амалга оширилади.

Бундан ташқари, «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги Қонуннинг 9-моддасида маъмурий орган манфаатдор шахсга маъмурий ҳужжатни қабул қилиш учун аҳамиятга эга бўлган барча ҳолатлар юзасидан ўз фикрини билдириш имкониятини бериши шартлиги белгиланган бўлсада, қарор қабул қилишда деҳқон ва фермер хўжалиги раҳбарларининг иштироки таъминланмаган ва унга ҳолат бўйича ўз фикрларини билдириш имконияти берилмаган.

Мазкур Қонуннинг 19-моддасига мувофиқ маъмурий тартиб-таомиллар принципларига номувофиқлик маъмурий ҳужжатларнинг ва маъмурий ҳаракатларнинг бекор қилинишига ёки қайта кўриб чиқилишига олиб келади.

Шу жиҳатдан халқ депутатлари Қарши туман Кенгашининг мазкур қарорини бекор қилиш тўғрисида Олий Мажлиси Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Сенаторлар қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги соҳасини ривожлантириш учун кўрилаётган чоралар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўровини юбориш ҳақидаги масалани кўриб чиқди.

Таъкидланганидек, Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси томонидан ҳудудларда қон ва унинг таркибий қисмлари донорлигига оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолати муҳокама қилинди.

Бугунги кунда, соғлиқни сақлаш тизимидаги қон қуйиш хизмати Республика қон қуйиш маркази, Тошкент шаҳар «Қон препаратлари» илмий ишлаб-чиқариш корхонаси, Қорақалпоғистон Республикаси қон қуйиш станцияси ва 12 та вилоятлар қон қуйиш станцияси, 2 та республика тасарруфидаги қон қуйиш станцияси муассасалари ҳамда 196 та қон қуйиш бўлимлари (қон банклари)дан иборат.

Республика қон қуйиш маркази томонидан қон препаратлари ишлаб чиқариш бўлими учун бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан беш юз миллиард сўмликдан ортиқ зарур жиҳозлар сотиб олиниб, ўрнатилган.

Бугунги кунда жаҳон ҳамжамиятини ташвишга солаётган пандемия шароитида мамлакатимизда қон ишлаб чиқиш, қон захирасини шакллантириш амалиёти талаб даражасида йўлга қўйиш энг муҳим вазифаларидан эканлиги алоҳида эътироф этилди.

Мажлисда мамлакатимизда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги соҳасида давлат сиёсатини такомиллаштириш мақсадида қон ва унинг таркибий қисмларини ривожлантириш бўйича Концепция ишлаб чиқиш, қон қуйиш муассасалари моддий-техник ҳолатини яхшилаш, соҳага ахборот-технологияларни жорий этиш, донорлар ва қон захираси ҳақидаги маълумотлар алмашинуви учун рақамлаштиришни йўлга қўйиш, республика ҳудудларида мобил бригадалар томонидан қон захирасини оширишга устувор аҳамият қаратиш, қон қуйиш муассасаларини кўчма донорлик комплекслари билан таъминлаш муҳимлиги қайд этилди.

Шу билан бирга, қон қуйиш марказларида қон компонентларини тайёрловчи асбоб-ускуналарни даврий равишда кўрикдан ўтказиб, узвий таъмирловчи мутахассислар тайёрлашни йўлга қўйиш, кўнгилли ва беғараз донорликни тарғибот қилиш бўйича фаоллар (волонтёрлар) ҳаракатини ривожлантириш, қон ва унинг таркибий қисмлари донорлигидан хавфсиз ва самарали фойдаланиш мақсадида замонавий илғор технологияларни жорий этиш, бунда донор қонини гемотрансмиссив инфекцияларга (ОИВ, гепатит В, С) замонавий усулларда (ПСР аппарати орқали) текширишни йўлга қўйиш масалаларига урғу берилди.

Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Шундан сўнг оқова сув тозалаш иншоотларида вужудга келаётган муаммо ва камчиликларнинг атроф-муҳит ҳамда аҳоли саломатлигига таъсири тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш ҳақидаги масала кўриб чиқилди.

Оқова сув тозалаш иншоотларининг ишлаши жойларда ўрганилиб, мамлакатимизнинг 5,6 млн (17 фоиз) аҳолиси оқова сув хизмати билан таъминланганлиги, шунингдек, бугунги кунда ҳудудлардаги жами 58 та йирик оқова сув тозалаш иншоотларининг 49 таси (84 фоиз), 8,6 минг км оқова сув тармоқларининг 1,9 минг км (22 фоиз) қисми таъмирталаб ҳолатда эканлиги таъкидланди.

Ушбу иншоотлар уч босқичда: механик, биологик ва кимёвий тозалаш функциясини бажаришга ихтисослашган бўлиб, аксарият иншоотларда фақат механик тозалаш ишлари бажарилмоқда.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳрининг Салар, Бўзсув, Бектемир ҳамда Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳри оқова сув тозалаш иншоотлари бугунги кунда таъмирталаб ҳолатга келиб қолгани аниқланган.

Шу билан бирга, маҳаллий оқова сув тозалаш иншоотлари талабга жавоб бермасдан канализация тармоқларига оқоваларнинг меъёр даражасида тозаланмасдан ташлаб юборилаётганлиги маълум бўлган.

Республикамизнинг барча вилоятларида оқова сув тозалаш иншоотлари таъмирталаб, малакали кадрлар етишмаслиги ва мавжуд жиҳозларнинг эскирганлиги сабабли тўлиқ фойдаланилмасдан оқова сувлар зарарсизлантирилмасдан иншоотга яқин бўлган дарёлар ва сойларга оқизиб юборилмоқда.

Ушбу масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Сўнгра 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларда назарда тутилган инфратузилмани яратиш, саноатлашув ва инновацияларга кўмаклашиш мақсадига эришиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, мазкур йўналишда муайян ишлар амалга оширилган. Хусусан, Давлат иштирокидаги корхоналар фаолиятини бозор механизмлари асосида бошқаришни янада жадаллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 октябрдаги 6096-сонли Фармони қабул қилиниб, унга кўра бугунги кунга қадар 541 та давлат улуши мавжуд корхонанинг 247 таси 2,3 трлн сўм қийматда савдога чиқарилиб, 96 таси 411,6 млрд сўмга сотилган.

Давлат геология қўмитаси тасарруфидаги 6 та йирик давлат корхоналари акциядорлик жамиятлари сифатида қайта ташкил этилиб, уларнинг кузатув кенгашларига 6 нафар чет эллик малакали экспертлар мустақил аъзо сифатида жалб этилган.

Геологик изланишлар йўналишида 400 млн долларлик кредит шартномалари расмийлаштирилиб, халқаро банклар билан 900 млн долларлик синдикатланган кредит ажратиш тўғрисида битимлар тузилган.

Бўш турган ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш қувватларини (объектлар) ишлаб чиқаришга жалб қилиш юзасидан ўтказилган хатловлар натижасида 27 675 та объект аниқланиб, 1 215 та объект бўш турганлар тоифасидан чиқарилиб, 1 146 та объектдан келгусида самарали фойдаланиш белгиланиб, 744 та янги объектдан самарали фойдаланиш чоралари кўрилган.

Ёқилғи-энергетика ва тоғ-кон металлургия саноатлари корхоналарида ресурс ва энергия тежовчи технологияларни жорий этиш даражасини ошириш, технологик йўқотишларни камайтириш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 июлдаги 4779-сонли қарори билан ёқилғи-энергетика ресурсларини тежаш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланиб, чора-тадбирлар белгилаб олинган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 22 декабрдаги

2692-сонли қарори билан 2017-2021 йилларда саноат тармоғи корхоналари учун ишлаб чиқариш харажатларини қисқартиришнинг мақсадли параметрлари тасдиқланган.

Истеъмолчиларни узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мақсадида тизимли ишлар йўлга қўйилиб ўтган давр ичида республика ҳудудида 25 минг км электр узатиш тармоқлари ҳамда 8 минг тадан ортиқ трансформатор пунктлари янгиланган, реконструкция қилингани натижасида 1,7 миллиондан ортиқ аҳоли хонадонларида электр таъминоти яхшиланган.

Иқтисодиёт тармоқларнинг технологик салоҳиятини оширишга қаратилган илмий-тадқиқотлар сонини ошириш, инновацион фаолият учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида Фанлар академиясининг тегишли йўналишдаги илмий ташкилотлари илмий ишланмаларини тижоратлаштириш бўйича «Йўл харита»си ишлаб чиқилган.

Саноатда ишлаб чиқаришни диверсификациялаш ва хомашё соҳаларида қайта ишлашни кўпайтириш, инновациялар ва ишланмаларни жалб қилишни қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилаётган чоралар натижасида 2010-2020 йилларда саноатдаги ялпи қўшилган қийматнинг ўртача йиллик ўсиш суръати 105,5 фоизни, иқтисодиёт тармоқлари бўйича 106,3 фоизни ташкил этган.

Саноатни рақамлаштириш, модернизация ва диверсификация қилишни жадаллаштириш, хусусий секторни ривожлантириш учун шароитлар яратиш, саноатда бозор механизмларини кенг жорий этиш, илмий ютуқлардан самарали фойдаланиш мақсадида 2030 йилгача саноатини ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилган.

Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш ва иқтисодиётни рақамлаштириш кўламини кенгайтириш бўйича телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш учун соҳада йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши таъминланган.

Оптик толали алоқа линияларининг узунлиги 81 минг км.ни ташкил этиб жорий йил якунига қадар 118,6 минг км.га етказиш режалаштирилган.

Бугунги кунга қадар 1,7 млн та кенг полосали интернет тармоғига уланиш портлари ўрнатилиб уларнинг умумий сонини 2021 йил охирига қадар 3,9 млн тага етказилиши режалаштирилган.

Ижтимоий соҳа объектларини юқори тезликдаги интернет билан таъминлаш доирасида 9 347 та халқ таълими, 5 625 та мактабгача таълим муассасалари ва 3 401 та соғлиқни сақлаш объектларининг юқори тезликдаги интернет тармоғига уланиш имконияти яратилган.

Бундан ташқари, оператор ва провайдерларга интернет хизматлари учун мавжуд техник қувватларни кескин ошириш ҳисобига 2019 йилнинг шу даврига нисбатан алоқа каналлари ижараси тарифлари 2 баробарга, 2020 йил давомида интернет хизмати тарифлари 29 фоизга арзонлаштирилди.

Ушбу масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Ялпи мажлисда сенаторлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 2 июндаги «Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида давлат бошқарувини тубдан такомиллаштириш тўғрисида»ги ПФ–6240-сонли Фармонини тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг таркибига ўзгартиш киритиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий суди таркибига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида қарорлар қабул қилинди.

Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлисининг биринчи иш куни якунланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?