Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида ташқи ишлар вазирининг ахбороти муҳокама қилинди

17:28 13 Сентябр 2022 Сиёсат
128 0

Фото: Сирожиддин Вохидов / “Халқ сўзи”

Жорий йилнинг 13 сентябрь куни Олий Мажлис Сенатининг 32-ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг 2022 йил биринчи ярим йиллигидаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти эшитилди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда кейинги йилларда ташқи сиёсат соҳасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотлар минтақамизда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, юртимизнинг халқаро майдондаги салоҳиятини кенгайтириш ва хорижий давлатлар билан кенг қамровли ҳамда ўзаро манфаатли алоқаларини ривожлантиришга хизмат қилиб келмоқда.

2022 йил биринчи ярим йиллигида Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва уни “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастури доирасида 500 дан ортиқ олий ва юқори даражадаги ташриф, учрашув ва мулоқотлар амалга оширилган.

Бунинг натижасида жорий йил 1 июль ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари кесимида белгиланган товарлар экспорти прогнози 4 млрд 642 млн долларга бажарилган.

Қайд этилганидек, олий ва юқори даражадаги тадбирлар доирасида ва дипломатик каналлар орқали 90 та савдо-иқтисодий, транспорт ҳамда маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларига оид икки томонлама ҳужжатнинг имзоланиши таъминланган.

Вазир ахборотига кўра, республика ҳудудларига бириктирилган элчихоналар томонидан умумий қиймати 13,4 млрд долларлик 386 та инвестиция лойиҳаси ишлаб чиқилган ва ҳозирги вақтда тегишли вазирлик ва идоралар билан ушбу лойиҳаларни амалга ошириш бўйича тегишли ишлар олиб борилмоқда.

Шу билан бирга, муҳокамалар жараёнида вазирлик фаолиятида мавжуд бир қатор камчиликларга ҳам эътибор қаратилди.

Хусусан, мамлакатимиз 140 дан ортиқ давлатлар билан дипломатик алоқаларни ўрнатилганига қарамай, инвестицион ҳамкорлигимиз уларнинг атиги 25 фоиз яъни 35 та мамлакат билан олиб борилиши, салбий аҳамиятга эга бўлмоқда. Грузия, Дания, Нидерландия, Ирландия, Бразилия, Португалия, Бангладеш, Греция каби салоҳиятли мамлакатлар билан ташқи савдо алоқалари йўлга қўйилмаган.

Шунингдек, хорижий инвестицияларни жалб қилишда Ўзбекистоннинг айрим элчихоналари томонидан эришган натижалар қониқарли даражада эмас. Элчихоналар ташаббуси билан ишлаб чиқилаётган лойиҳаларнинг 50 фоизи амалиётга татбиқ этилмасдан қолиб кетмоқда.

Туризмни тарғиб қилиш, миллий ҳунармандчилик маҳсулотларини хорижий бозорларга олиб чиқиш йўналишида элчихоналаримиз томонидан амалга оширилган ишлар сезиларли натижа бермаган.

Ўз навбатида, сенаторлар кенг жамоатчиликнинг асосли танқидларидан бири бўлган хориждаги меҳнат мигрантларимизни қўллаб-қувватлаш масаласига ҳам эътибор қаратди.

Жумладан, Ўзбекистоннинг меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, янги иш ўринларини яратишга қаратилган норматив-ҳуқуқий асосларини ривожлантириш ишлари амалга оширилмагани танқид қилинди. Хусусан, меҳнат мигрантлари учун янги йўналишлар яратиш доирасида Буюк Британия, Польша, Латвия ва Литва каби хорижий шериклар билан икки томонлама ҳужжатлар имзоланишида сусткашликка йўл қўйилган.

Хорижий сайёҳлар учун E-visa веб-сайти орқали Ўзбекистон электрон визасини олишда турли техник носозлик ва қийинчиликлар сақланиб қолмоқда.

Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистоннинг хориждаги элчихоналарининг расмий веб-сайтларидаги маълумотлар мунтазам равишда янгиланиб борилмайди. Инвесторлар, ишбилармонлар ва сайёҳлар учун етарли маълумот ва ҳаволалар жойлаштирилмаган.

Юқоридаги масалалар инобатга олиниб, вазирлик ахбороти юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

 

 

“Халқ сўзи”,
Фото: Сирожиддин Вохидов / “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер