Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида адлия вазирининг ҳуқуқни қўллаш амалиётининг ҳолати тўғрисидаги ахбороти эшитилди

14:29 04 Февраль 2022 Сиёсат
836 0

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида адлия вазирининг 2021 йилда давлат органлари ва ташкилотларининг норма ижодкорлиги фаолияти ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг ҳолати тўғрисидаги ахбороти эшитилди.

Ахборотда билдирилишича, 2021 йил давомида вазирликка ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун 2 554 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси келиб тушган. Улардан 88 фоизи (2 246 та) ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган ва 12 фоизи (308 та) экспертиза ўтказилмасдан қайтарилган.

Лойиҳаларнинг 640 таси (28 фоиз) эътирозлар билан қайтарилган.

Шунингдек, гильотина усулида Ҳукуматнинг қарорлари ҳам қайта кўриб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли қарори билан 1 887 та қарор ўз кучини йўқотган деб топилган. Натижада, норматив-ҳуқуқий базада Ҳукумат ҳужжатлари 10 фоизга қисқарган.

Қайд этилишича, Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан киритилган 101 та ҳужжатдан 40 таси қабул қилиш мақсадга мувофиқ эмас деб топилган. Бундай ҳолат Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида 97 тадан
30 тани, Транспорт вазирлигида 56 тадан 20 тани ташкил этган.

Сенаторлар томонидан давлат органлари ва ташкилотларининг норма ижодкорлиги фаолияти ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасида ўз ечимини кутаётган муаммолар мавжудлиги ва уларни бартараф этиш чораларини кўриш лозимлиги таъкидланди.

Жумладан, ҳудудий давлат органларига услубий кўмак кўрсатиш орқали уларнинг мазкур йўналишдаги фаолияти самарадорлигини ошириш чораларини кўриш, норматив ҳужжат қабул қилган орган билан амалий ҳамкорликни кенг йўлга қўйиш зарурлиги айтиб ўтилди.

Вазирликлар ва идоралар ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ҳуқуқий, гендер-ҳуқуқий
ва коррупцияга қарши экспертизалардан ўтказишда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва бошқа идоралар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, ҳар бир экспертиза хулосасини вазирликнинг расмий веб-сайтига жойлаштириш муҳим масала эканлиги қайд этилди.

Сенаторларнинг фикрича Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий идоралари давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан тақдим этилган лойиҳаларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш муддатларига қатъий амал қилиши, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижро этилишида уларга кўмаклашишига алоҳида эътибор қаратиши лозим.

Мазкур масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер