Сенатда элчиларнинг ҳисоботлари эшитуви ўтказилди

18:10 14 Октябр 2022 Сиёсат
521 0

Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”

Шу йилнинг 14 октябрь куни Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг кенгайтирилган мажлисида Ўзбекистоннинг Саудия Арабистони Подшоҳлиги, Ўмон Султонлиги, Қувайт ва Исроилдаги элчиларининг ҳисоботлари тингланди.

Эшитувда сенаторлар, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари, тегишли вазирлик ва идоралар, давлат корхоналари раҳбарлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари хорижий мамлакатлар билан икки томонлама муносабатларни ривожлантириш, шу жумладан, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш, экспортни кенгайтириш ва республика ҳудудларига туристлар оқимини кўпайтиришга қаратилган аниқ лойиҳалар, уларни ижроси бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот берди.

Очиқ муҳокамада дипломатик миссияларнинг кенг кўламли масалалари ва устувор вазифалари кўриб чиқилиб, уларнинг фаолиятига танқидий баҳо берилди. Хорижда республиканинг иқтисодий манфаатларини тарғиб қилиш борасидаги тизимли камчиликлар кўрсатиб ўтилди.

Элчихоналар ташаббуси билан бошланган мамлакатимиз ҳудудларидаги инвестиция лойиҳаларини амалга оширишдаги муаммоларга алоҳида эътибор қаратилди.

Сенаторлар элчихоналар томонидан сиёсий, маданий-гуманитар ҳамкорлик йўналишларида муайян ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Шу билан бирга, дипломатик миссиялар раҳбарларининг иқтисодий дипломатия йўналишидаги фаолиятида амалий натижалар йўқлиги танқид қилинди.

Жумладан, республика ҳудудларига бириктирилган мазкур элчихоналарнинг ишлари қониқарсизлиги қайд этилди. Хусусан, Исроил (Бухоро вилояти), Қувайт (Жиззах вилояти), Саудия Арабистонидаги (Сурхондарё вилояти) элчихоналар таклиф қилган лойиҳаларнинг бирортаси ҳам бугун амалга оширилмаяпти.

Бундан ташқари, минтақалараро ҳамкорликни ривожлантириш, ҳамкор давлатларнинг шаҳарлари ўртасида қардошлик муносабатларини йўлга қўйиш борасида тизимли ва самарали иш олиб борилмаётгани таъкидланди.

Сенаторлар миллий сайёҳлик ва ҳунармандчилик маҳсулотларини хорижда тарғиб қилиш борасидаги натижалар пастлигидан ҳам хавотир билдирди. Хусусан, 2022 йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистонга Саудия Арабистонидан 446 нафар, Ўмондан 98 нафар, Исроилдан 2679 нафар ва Қувайтдан бор-йўғи 235 нафар сайёҳ келган, бу эса мавжуд салоҳиятга мутлақо мос келмайди.

Шунингдек, парламент аъзолари инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва икки томонлама учрашувларни ташкил этиш жараёнида республика дипломатик миссияларининг таклиф ва мурожаатларини кўриб чиқишда тегишли бошқармалар ва компаниялар, шунингдек, жойлардаги ҳокимликлар билан ўзаро алоқа заифлиги ва ишлар унча тез амалга оширилмаслиги юзасидан танқидий фикрларини билдирди.

 Ўзбекистон элчихоналари билан ҳамкорликни тегишли тарзда мувофиқлаштириш зарурлиги қайд этилди.

Мажлис доирасида сенаторлар нефть ва газ қазиб олиш, нефт-кимё, агробиотехнология, фармацевтика ва тиббиёт соҳаларида икки томонлама ҳамкорликнинг барча имкониятларидан максимал даражада фойдаланиш зарурлигини таъкидлади.

Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналари раҳбарларига улар фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича батафсил тавсиялар берилди ва аниқ вазифалар қўйилди.

Мажлис якунлари бўйича Олий Мажлис Сенати қўмитаси томонидан тегишли қарор қабул қилинди.

 

 

Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?