Сенатда экологик вазиятни яхшилашга доир Қонун кўриб чиқилди
Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”
Сенатнинг қирқ тўққизинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.
Маълумки, кейинги йилларда мамлакатимизда атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш, экологик хавфсизликни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда санитария ҳолатини ва экологик вазиятни яхшилаш, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари учун шарт-шароитлар яратиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Бироқ қурилиш, ишлаб чиқариш ва урбанизация кўламларининг кенгайиши атроф табиий муҳитга ифлослантирувчи моддалар чиқарилишининг ортишига сабаб бўлмоқда.
Фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ҳамда фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига бошқа реал хавф юзага келишининг олдини олиш учун қонунларда атроф табиий муҳитга зарарли таъсир кўрсатувчи объектларнинг фаолиятини махсус ваколатли давлат органларининг қарорига кўра чеклаш ёки тўхтатиб туриш мумкинлиги назарда тутилган.

Шу билан бирга қонунчиликда тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини чеклаш ёки тўхтатиб туриш учун асос бўлган ноаниқ таърифларнинг мавжудлиги давлат органларининг дискрецион ваколатлари кенглиги билан боғлиқ коррупция ҳолатлари пайдо бўлишига олиб келиши мумкин.
Мазкур ҳужжат билан “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги ҳамда “Экологик назорат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига давлат органлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини чеклаш ёки тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарорларни, биринчи навбатда, аҳолининг ҳаёти ва соғлиғига хавф юзага келишининг олдини олиш заруратини ҳисобга олган ҳолда қабул қилиш асосларини аниқлаштирувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Сенаторлар фикрича, ушбу Қонун экологик вазиятни яхшилашга, аҳолининг ҳаётига ва соғлиғига хавф юзага келишининг олдини олишга, тадбиркорлик субъектларини ҳимоя қилишга, шунингдек, коррупция омилларини бартараф этишга ҳамда ваколатли давлат органларининг масъулиятини оширишга хизмат қилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.



Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- Исроил зарбалари оқибатида Ғазода 90 дан ортиқ киши ҳалок бўлди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг