Сенатда Буюк Британия парламент делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди

17:37 02 Октябр 2023 Сиёсат
212 0

Жорий йилнинг 26 сентябрь куни Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Парламентлараро Иттифоқдаги Британия гуруҳи раиси Карен Бредли бошчилигидаги делегация билан учрашди.

Ўзбекистон ва Буюк Британия сиёсий-дипломатик мулоқотини кенгайтириш, парламент дипломатиясини фаоллаштириш, халқаро майдонда конструктив ҳамкорликни давом эттириш, хамда савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва товар айирбошлаш ҳажмини ошириш юзасидан фикр алмашилди.

Жумладан, Буюк Британия Ўзбекистонга UK GSP Enhanced Framework Умумий имтиёзлар тизими бўйича бенефициар мамлакат мақомини тақдим қилганига алоҳида эътибор қаратилди. Эслатиб ўтиш жоизки, ушбу тизим бўйича ўзбек товарларига имтиёзлар 2021 йил 1 ноябрдан бошлаб қўлланилмоқда. Натижада 2022 йилда Ўзбекистондан Буюк Британияга экспорт ҳажми 35 фоизга ошди.

Имтиёзлар тизимининг барча афзалликларидан самарали фойдаланиш савдо-иқтисодий алоқаларни, ҳамда ишбилармон доиралар ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилишига алоҳида урғу берилди.

Ўзбекистоннинг яқин келажакда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳам муҳокама қилинди. Таъкидланганидек, Ўзбекистон Буюк Британиянинг йирик корпорация ва компанияларини мамлакатда тоғ-кон саноати, нефть-газ, телекоммуникация, инфратузилма, финтеч, фармацевтика ва таълим каби соҳаларда лойиҳаларни амалга оширишидан манфаатдор.

Томонлар Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги парламентлараро алоқалар изчил ривожланаётгани қайд этилиб, ўзаро алоқалар ва яқин мулоқотни мустаҳкамлаш учун икки мамлакат парламентлари аъзоларининг ташрифларини фаоллаштириш зарурлигига эътибор қаратилди.

Бундан ташқари, икки мамлакат ўртасидаги таълим ва маданий-гуманитар алоқалар соҳасида ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама қилинди. Маълумки, ҳозирги вақтда Буюк Британиянинг етакчи институтлари билан келишилган ҳолда илмий изланишлар олиб бориш, мутахассисларни қайта тайёрлаш, қўлёзма ва артефактлар билан ишлаш бўйича фаол ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Учрашув якунлари бўйича Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?