Сенат Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юборишга қарор қилди. У битирувчиларнинг эртанги тақдирига дахлдор

13:46 29 Май 2021 Сиёсат
360 0

Сенатнинг ўн бешинчи ялпи мажлисида сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таълим муассасалари битирувчиларини иш билан таъминлашдаги долзарб муаммолар тўғрисида парламент сўрови юбориш масаласини кўриб чиқдилар.

Мамлакатимизда жорий этилган «Ёшлар дафтари», «Аёллар дафтари», «Темир дафтар» каби янги тизимдан кўзланган асосий мақсад ҳам аҳоли, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлашдан иборат.

«Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Қонунининг 6-моддасида аҳоли бандлиги соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири этиб ёшларни, айниқса қишлоқ жойлардаги ёшларни, умумий ўрта ва ўрта махсус таълим ташкилотлари, касб-ҳунар мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, техникумлар, олий таълим муассасалари битирувчиларини ишга жойлаштиришни таъминлаш бўйича чораларни амалга ошириш белгиланган.

Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан таълим муассасалари битирувчиларини иш билан таъминлаш борасида ўтказилган ўрганишлар ҳозирда нафақат ўрта, балки олий маълумотли ёшлар бандлигини таъминлашда ҳам ҳал қилиниши зарур бўлган айрим масалалар борлигини кўрсатди.

Республикамизда 2021 йил 1 январь ҳолатига мавжуд бўлган 19,1 млн нафар меҳнат ресурсининг 14,8 млн нафари иқтисодий фаол аҳоли ҳисобланади. Шундан 13,2 млн нафари ўз иш-жойига эга, 1,6 млн аҳоли бандлигини таъминлаш талаб этилади. Улардан 805,2 минг кишидан ортиғи 16-30 ёшдаги ишсизлардир.

Шунингдек, меҳнат бозорига 2021 йилда жами 560 минг битирувчи кириб келади. Яъни, олий таълим муассасаларини 103,1 мингдан ортиқ, умумтаълим мактабларини 440 мингга яқин, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларини 18 мингдан зиёд ёшлар тамомлайди. Натижада 2021 йилда ёшлар бандлигини таъминлаш учун эҳтиёж 1 365,2 минг нафарни ташкил қилади.

Республикада 131 та ОТМда бакалавриатда 134 та таълим йўналиши, магистратурада 147 та мутахассислик янгидан ташкил қилинган. Олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражасини 2030 йилга қадар 50 фоизга етказиш белгиланган.

Мамлакатимизда 2020/2021 ўқув йилидан фаолият бошлаган коллеж ва техникумларга қабул қилинган дастлабки ўқувчилар 2022 йилда мазкур муассасаларни битиради.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, таълим муассасалари битирувчилари бандлигини таъминлаш йил сайин янада долзарб аҳамиятга эга бўлиб боради.

Лекин ҳозирда республикада айнан тармоқлар кесимида квалификацион ва олий маълумотли кадрларга бўлган талабни ўрганиш тизими жорий этилмаган. Олий ўқув юртларига қабул квоталарини белгилаш ва кадрлар тайёрлашда меҳнат бозори талабларига етарлича эътибор қаратилмаётгани оқибатида аксар битирувчилар ўз касби бўйича ишламаяпти. «Ёшлар дафтари»га киритилган ўғил-қизларнинг 27,9 минг нафари ишсиз битирувчилардан иборат.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан юритиладиган Ягона Миллий Меҳнат Тизимида корхона ва ташкилотларда кадрларга бўлган эҳтиёж билан боғлиқ жами 116 мингдан ортиқ бўш иш ўрни (Тошкент шаҳрида 23 417, Тошкент вилоятида 21 449, Андижон вилоятида 10 634, Фарғона вилоятида 9 460, Самарқанд вилоятида 8 644, Бухоро вилоятида 8 524) қайд этилган. Бироқ, мазкур тизимдан ёшлар етарли даражада хабардор эмас. Қолаверса, мавжуд бўш иш ўринларида таклиф қиланаётган маош катта маблағ сарфлаб контракт асосида таълим олган битирувчиларни қаноатлантирмайди. Жумладан, айни пайтда олий маълумот талаб этадиган 19 177 та бўш иш ўрни учун 1 млн сўмгача, 26 754 та бўш иш ўрни учун 2 млн сўмгача маош таклиф этиляпти.

2020 йилда республикада жами банд бўлганларнинг 82 фоизи ёки 11,1 млн. нафар аҳоли хусусий секторда меҳнат фаолиятини олиб бормоқда. Бу эса тадбиркорлик субъектлари ва олий таълим муассасалари ўртасида мақсадли кадрлар тайёрлаш, кадрларга буюртма бериш тизимида бевосита тўғридан-тўғри ҳамкорликни янада кенгайтириш зарурлигини англатади.

Республикамизда давлат грантлари асосида таҳсил олаётган битирувчиларни ишга тақсимлаш ОТМни тамомлашдан бир ой аввал комиссия томонидан амалга оширилади. Лекин, тўлов-контракт асосида таълим олаётганларни иш билан таъминлаш масаласи билан шуғулланиш бўйича аниқ мақсадли чоралар белгиланмаган.

ОТМда давлат гранти асосида таҳсил олган битирувчилар диплом олиши учун келгусида фаолият олиб борадиган иш жойидан уч томонлама (талаба, ОТМ, ишга қабул қилувчи) шартнома олиб келиши талаб этилаётган бўлиб, мазкур жараён кўп ҳолларда сохта маълумотлар ортишигагина хизмат қиляпти.

Шунингдек, тадбиркорлик фаолияти учун зарур қонун ва ҳуқуқий кафолатларнинг ҳаётга тўлиқ татбиқ этилмаганлиги, бюрократизм, маҳаллий раҳбарларнинг қаршилиги, коррупция, таниш-билишлик, ижтимоий адолат тамойилининг бузилиши, дастлабки маблағнинг йўқлиги, имтиёзли кредит маблағларининг ўз вақтида берилмаётгани, бозор ва бизнес ҳақидаги маълумотларнинг камлиги, тадбиркорлик кўчмас мулки объектларини бузиш ҳолатлари мавжудлиги каби масалалар ёшлар тадбиркорлигига тўсиқ бўлаётганлиги айтиб ўтилди.

Сенаторлар битирувчилар бандлигини таъминлаш масаласида илғор хорижий давлатлардаги ижобий тажрибаларни ҳам ўрганиш зарурлигини ҳам таъкидладилар. Хусусан АҚШ университетларидаги «Рекрутинг марказлари», Япониядаги «умрбод бандлик тизими», Финляндиянинг ҳар бир олий таълим муассасаси таркибидаги махсус бандлик хизмати, Қозоғистондаги «Диплом билан қишлоққа» каби дастурларни ҳам ўрганиш мақсадга мувофиқлигини таъкидладилар.

Юқоридагиларни инобатга олиб, таълим муассасалари битирувчиларини иш билан таъминлаш масаласида ҳукуматга Парламент сўрови юбориш юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?