Сенат томонидан иккита муҳим халқаро конвенция ратификация қилинди

13:07 29 Май 2021 Сиёсат
365 0

2021 йил 28 май куни Олий Мажлис Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлиси давомида парламент аъзолари ХМТнинг Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасига кўмаклашиш асослари тўғрисидаги 187-сонли конвенциясини кўриб чиқдилар ва маъқулладилар.

Ушбу Конвенция 2006 йил 31 май куни ХМТ Бош конференциясининг 95-сессиясида қабул қилинганлиги таъкидланди. Конвенциянинг асосий мақсади – ишлаб чиқаришда жароҳат олиш, касб касалликларига чалиниш ва инсон ўлимининг олдини олиш учун меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасини доимий равишда такомиллаштириб боришдир.

Таъкидланганидек, ХМТ Конвенцияси устувор конвенциялардан бири ҳисобланади, Конвенцияга мувофиқ миллий қонунчиликда иш берувчилар ва ишчиларнинг энг нуфузли ташкилотлари билан келишган ҳолда миллий сиёсат, миллий тизим ва миллий дастурни ишлаб чиқиш орқали касб касаллигига чалиниш, ишлаб чиқаришда жароҳат олиш ва инсон ўлимининг олдини олиш мақсадида меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасини доимий такомиллаштиришга кўмаклашиш назарда тутилмоқда.

Муҳокама доирасида сенаторлар Ўзбекистонда меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси талабларига риоя этиш ҳолати, ушбу йўналишдаги асосий муаммоли жиҳатлар тўғрисида ўз фикрларини билдирдилар. Шунингдек, ХМТнинг 187-сонли Конвенциясини 49 та давлат, шу жумладан бир қатор МДҲ давлатлари томонидан ратификация қилинганлиги қайд этилди.

Бунда мажлис доирасида Конвенциянинг аксарият нормалари ва қоидалари миллий қонунчиликка татбиқ этилганлиги алоҳида таъкидланди.

Сенаторларнинг фикрича, ХМТнинг 187-сонли Конвенцияси ратификация қилиниши меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси соҳасидаги халқаро стандартларни самарали татбиқ этишга кўмаклашишини, ишчилар учун қўшимча кафолатлар яратишини, шунингдек, Ўзбекистоннинг меҳнаткашлар ҳуқуқларини таъминлаш бўйича асосий халқаро принциплар ва стандартларга содиқлигини кўрсатади.

Ялпи мажлисда, шунингдек, Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция сенаторлар томонидан кўриб чиқилди ва маъқулланди.

Сенаторлар ушбу Конвенциянинг ратификация қилиниши Ўзбекистонда ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш учун қўшимча кафолатлар яратиш имконини беришини, қонунчиликни янада такомиллаштириш учун дастур бўлиб хизмат қилишини, ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва улар учун тенг имкониятларни таъминлаш нуқтаи назаридан давлат органларининг жавобгарлигини кучайтиришини таъкидладилар.

Конвенция қабул қилиниши:

биринчидан, ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш миллий тизимини илғор халқаро стандартларга мувофиқлаштириш;

иккинчидан, ногиронларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш учун халқаро ва хорижий грант маблағларини жалб қилиш имкониятларини яратиш;

учинчидан, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасида Ўзбекистоннинг халқаро имижини яхшилаш имконини беради.

Конвенция ногиронларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш, уларга нисбатан камситишга барҳам бериш, уларнинг меҳнат қилиш, ўз соғлиғини асраш, таълим олиш ва жамият ҳаётида тўлақонли иштирок этиш ҳуқуқини таъминлаш, одил судловга эришиш, шахсий дахлсизлиги, эксплуатация қилинишдан ва суиистеъмолликдан ҳимояланишини, эркин ҳаракатланишини, шахсий мобиллигини таъминлашга қаратилган 50 та моддадан иборат.

Сенаторлар Конвенцияни ратификация қилиш тўғрисида қабул қилинган Қонун жамиятда ногиронликка ижтимоий-ҳуқуқий ёндашувни мустаҳкамлашга хизмат қилиши кераклигини таъкидладилар.

Бўлиб ўтган муҳокамалар давомида сенаторлар Ўзбекистон ушбу Конвенцияни ратификация қилиб, ногиронлар учун тегишли инфратузилмани такомиллаштириш (турар жой ва жамоат биноларини, транспортни, бир қатор хизматларни мослаштириш), шунингдек аҳоли ўртасида янглиш фикрлар ва стереотипларни йўқ қилишни назарда тутадиган ахлоқий-маънавий йўл-йўриқларни шакллантириш бўйича халқаро мажбуриятларни ўз зиммасига олишини таъкидладилар.

Шундай қилиб, мазкур Қонуннинг қабул қилиниши Ўзбекистон раҳбариятининг фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, шунингдек, тенг иштирок этиш ва ресурслардан фойдаланиш, фуқароларнинг сиёсий ва фуқаролик ҳуқуқларини камситишларсиз амалга ошириш тамойилларига риоя қилишга қатъий содиқлигини ва бу борада мунтазам саъй-ҳаракат олиб бораётганлигини кўрсатади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?