Сенат Раиси ва БАА Федерал миллий кенгаши раиси ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумни имзоладилар

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги делегация Бирлашган Араб Амирликларида расмий ташриф билан бўлиб турибди.
Таъкидлаш жоиз, кейинги йилларда Ўзбекистон ва БАА ўртасида кўп қиррали ҳамкорлик муносабатлари янги босқичга кўтарилди. Давлатимиз раҳбарининг ушбу давлатга расмий ташрифи икки мамлакатнинг дўстлик ҳамда шериклик муносабатлари тарихида янги саҳифа очди, кенг қамровли ҳамкорликни кенгайтиришга кучли туртки берди. Ташриф доирасида савдо, иқтисодиёт, инвестициялар, энергетика, қишлоқ хўжалиги, туризм масалалари бўйича ҳужжатлар, шунингдек, 10 млрд АҚШ долларидан ортиқ миқдорда савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларидаги битимлар имзоланди.
Айни пайтда мамлакатларимиз ўртасидаги парламентлараро алоқалар ҳам жадал ривожланмоқда. Сенат Раиси бошчилигидаги делегациянинг БАА Федерал миллий кенгаши Раиси Сақр Ғобаш билан учрашуви ҳам бўлиб ўтди.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва БАА парламентлари ўртасидаги муносабатлар изчиллигини таъминлаш, хусусан, қонун ижодкорлиги ва парламент назорати йўналишларида ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан фикр алмашилди. Шунингдек, гендер тенглик ва ёшлар масалалари бўйича ўзаро тажриба алмашиш мақсадга мувофиқ эканлиги билдирилди.
Сенат Раиси Т.Нарбаева парламентлараро ҳамкорлик мамлакатларимиз ўртасидаги барча даражадаги алоқаларни ривожлантиришда муҳим механизмларидан бири ҳисобланиши, олий даражада эришилган келишувлар асосида қабул қилинган «йўл хариталари»да белгиланган вазифалар ижроси устидан тизимли парламент назоратини ўрнатиш ҳамда бу соҳада Амирликлар парламенти билан ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш ва «халқ дипломатияси»нинг муҳим жиҳати ҳисобланган «дўстлик гуруҳлари» фаолиятини жонлантириш лозимлигини таъкидлаб ўтди.
Икки давлат парламентлари аъзолари ҳамкорликнинг турли йўналишларида ҳали ишга солинмаган имкониятлар кўплигини, иқтисодиётнинг турли соҳаларидаги тажрибадан кенг фойдаланиш зарурлигини таъкидлади. Бунда парламентларнинг биргаликда савдо-иқтисодий, инвестиция, хизматлар соҳасидаги эришилган келишувларнинг амалга оширилишига хизмат қиладиган қонунчиликни такомиллаштириш бўйича ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш таклиф этилди.
Ўз навбатида, БАА Федерал миллий кенгаши Раиси Сақр Ғобаш Ўзбекистон раҳбарияти томонидан олиб борилаётган кенг кўламли, авваламбор, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш, иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш йўналишидаги ислоҳотларни юқори баҳолади. С.Ғобаш икки томонлама муносабатларда савдо-иқтисодий, инвестиция соҳасидаги ҳамкорлик Амирликлар учун устуворлигини айтиб ўтди. Президент Ш.Мирзиёев ушбу муҳим масалага алоҳида эътибор бераётганини инобатга олиб, БАА Федерал миллий кенгаши Ўзбекистонда инвестиция қонунчилигини такомиллаштириш соҳасида Олий Мажлис вакиллари билан яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини маълум қилди.
Суҳбат давомида кенг қамровли ҳамкорлик, шу жумладан, парламентлараро алоқаларни ривожлантиришдан икки томон ҳам бирдек манфаатдор эканлиги билдирилди. Хусусан, Олий Мажлис Сенати Федерал миллий кенгаши билан олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш, тегишли қўмиталар ўртасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, электрон парламент жорий этишда тажриба алмашиш каби масалалар бўйича келишиб олдилар.
Учрашув якунида икки давлат ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар, туристик ва бошқа алоқаларни ривожлантиришга ҳамда мустаҳкамлашга қаратилган парламент фаолиятини, парламентнинг қонун ижодкорлиги ва назорат функцияларини самарали амалга ошириш, шунингдек, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар, илмий-техникавий, туристик ва бошқа соҳаларда қонун ҳужжатларини қўллаш амалиётини ривожлантириш борасида ахборот ва тажриба алмашишни кенгайтириш каби масалаларни қамраб олган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Бирлашган Араб Амирликлари Федерал миллий кенгаши ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- ЖССТ янги ҳалокатли пандемияга тайёрланишга чақирди
- Ўзбекистон Президенти ва Сингапур Президенти музокара ўтказдилар
- 2024 йилдан янги уй сотиб олганларга ҚҚСнинг ярми қайтариб берилади
- Шавкат Мирзиёевнинг Чилонзор туманига ташрифидан фоторепортаж
- Гендер тенгликни таъминлаш ва муносиб меҳнат шароитларини яратиш бўйича Ўзбекистон тажрибаси халқаро стандартлар асосида такомиллаштирилади
- Ўзбекистон Президенти Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш юзасидан муҳим ташаббусларни илгари сурди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг