Сенат Раиси пойтахтнинг қатор туманларида кенг жамоатчилик вакиллари билан учрашди

16:40 29 Март 2023 Сиёсат
461 0

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Жорий йилнинг 28 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева пойтахтнинг Олмазор, Юнусобод ва Сергели туманларида бўлиб, маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, котибиятлардаги доимий комиссия вакиллари билан учрашди. Кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олди.

Дастлаб Сенат Раиси Олмазор туманида хотин-қизлар фаоллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, котибиятлардаги доимий комиссия вакиллари билан учрашиб, янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасида Ўзбекистон – суверен, демократик, ҳуқуқий ва ижтимоий давлат эканлиги белгилаб қўйилаётганлигига, мажбурий меҳнат тақиқланишининг конституциявий кафолатлари белгиланаётганлигига, янги нормаларга мувофиқ таълим олиш ҳуқуқи ва ўқитувчилар Конституция ҳимоясига олинаётганлигига алоҳида тўхталди.

Шунингдек, Т.Нарбаева Олмазор туман ҳокими А.Умархонов билан туман халқ таълими бўлими қошида ташкил этилган «Назорат таҳлил ” ва «Услубий таҳлилий ва услубий ёрдам кўрсатиш» хоналари фаолияти билан танишди.

Мутасаддилар «Назорат таҳлил» хонасида мактабларда ўрнатилган овозли камералар, мактабларнинг кириш қисмларида ўрнатилган Face ID назорат идентификация камералари ҳамда мактаблар тизимида фойдаланиб келинаётган Кундалик.cом платформалари орқали олинган барча маълумотлар таҳлил қилиниб, мактаблар кесимида ўқувчилар кунлик давомати ўрганилишини таъкидладилар.

Сўнгра Сенат Раиси Олмазор туманидаги 298-мактабда ёшларни касбга йўналтириш бўйича кўрилаётган чоралар билан танишиб, мактаб меҳнат жамоаси билан учрашди. У ерда ташаббускор ёшлар, хусусан, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти раиси Бекзод Тўхтамуродов тумандаги мактабларда ташкил этилаётган робототехника, инновацион қурилмалар ясашга ихтисослашган марказлар тақдимоти билан таништирди. Қайд этилишича, ушбу марказларда ёшлар 10 дан ортиқ замонавий касбларга ўқитилмоқда. Энг қувонарлиси, мактаб ўқувчилари орасида қизлар доимий фаоллик кўрсатиб келаётгани, уларнинг бир нечтаси жаҳоннинг топ университетларига грант асосида ўқишга қабул қилинганлиги барчани хурсанд қилди.

Шунингдек, Сенат Раиси ташриф чоғида туман ҳокими, маҳалла раислари, хотин-қизлар фаоллари билан бирга кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олди.

Хусусан, Олмазор туманидаги 2-Файзибаланд кўчасида яшовчи А.Алимбекова хонадонига ташриф буюрилди ва дилдан суҳбат ўтказилди. Мулоқот чоғида жигар хасталигига чалинган аёлга тез орада жарроҳлик амалиётини ўтказишда ёрдам бериш ваъда қилинди.

Шундан сўнг Т.Нарбаева Юнусобод тумани ҳокимлигида маҳаллий Кенгаш депутатлари, ҳокимлик вакиллари, маҳалла фаоллари билан учрашди.

Мулоқот чоғида янги таҳрирдаги Конституцияга киритилган нормалар мазмун-моҳиятига тўхталиб ўтилди. Хусусан, янгиланаётган Конституцияда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатлари кучайтирилаётганлиги, маҳаллий даражада ҳокимиятлар бўлиниши принципи амалга оширилиб, ҳокимларнинг халқ депутатлари Кенгашларига раҳбарлик қилиш институти босқичма-босқич, яъни вилоят Кенгашлари учун 2024 йилдан, туман Кенгашлари учун эса 2026 йилдан эътиборан тугатилаётганлиги алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, Сенат Раиси Сергели туманининг Янги Дархон маҳалласида бўлиб, аҳоли вакиллари, хотин-қизлар фаоллари, ҳоким ёрдамчиси ва маҳалла раиси билан суҳбатлашди. Уларга янги таҳрирдаги Конституцияда маҳаллага берилаётган юксак ишонч ва ваколатларни батафсил шарҳлаб берди.

Мулоқотлар давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер