Сенат Раиси Малайзия парламенти Вакиллар палатаси Спикери билан ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди
Жорий йилнинг 28 апрель куни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева 30 апрель куни бўлиб ўтадиган «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича референдумда кузатувчи сифатида қатнашиш мақсадида мамлакатимизга ташриф буюрган Малайзия парламенти Вакиллар палатаси Спикери Жоҳари Бин Абдул билан учрашди.
Учрашувда Ўзбекистон билан Малайзия ўртасида турли соҳаларда дўстлик ва ўзаро ҳурмат тамойилларига асосланган икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, хусусан парламентлараро муносабатларни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Даставвал меҳмонга мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар, шу жумладан, янгиланаётган Конституция юзасидан референдумга тайёргарлик ва уни ўтказиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар шунингдек, бу борада миллий қонунчиликни халқаро стандартлар ва илғор халқаро тажриба асосида такомиллаштириш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Малайзия парламентларининг ўзаро мулоқоти изчиллигини таъминлаш, хусусан, қонун ижодкорлиги ва қонун қўллаш амалиёти устидан парламент назорати йўналишларида ҳамкорликни йўлга қўйиш, ўзаро тажриба алмашиш ва бу жараёнда «дўстлик гуруҳлари» фаолияти муҳим ўрин эгаллаши таъкидлаб ўтилди.
Парламентлараро мулоқот мамлакатлар ўртасида ҳар томонлама ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланишига хизмат қилишига алоҳида урғу берилиб, икки давлат ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестициявий муносабатларни ривожлантириш, Ўзбекистон учун ҳам, Малайзия учун ҳам иқтисодиётнинг муҳим тармоқларидан бири бўлган туризм соҳаси, жумладан «зиёрат туризми»ни йўлга қўйиш бўйича тажриба алмашиш зарурлиги юзасидан келишилди.
Суҳбат якунида маданий-гуманитар алоқалар, хусусан фан ва таълим, турли инновацион соҳаларда мутахассислар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш масалалари бўйича ҳам фикр алмашилди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Даврон Кабуловнинг отаси «ўғрилик» бўйича судланиб, қарийб 345 млн сўм жаримага тортилгани маълум бўлди
- Исроил ва Эрон низоси янги босқичга чиқди
- Сен етим эмассан: Одамийлик тимсолига айланган оила
- Президент янги қарор имзолади
- Президентнинг янги қарори эълон қилинди
- Ўзбекистоннинг Покистондаги янги элчиси тайинланди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг