Сенат Раиси: Эндигина улғайиб келаётган фарзандларимиз тақдирига бефарқ қарашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ

09:41 26 Сентябр 2021 Жамият
266 0

Фото: senat.uz

Олий Мажлис Сенати Раиси бошчилигидаги Ишчи гуруҳнинг Навоий вилоятига ташрифи иккинчи кунида дастлаб, вилоят ҳокимлигида ташкилот ва корхоналар раҳбарлари, туман ва шаҳарлар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари раҳбарлари ва ўринбосарлари билан учрашув ўтказилди.

Унда “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва улар бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлил этилди.

Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати Ахборот хизмати маълум қилди.

Таъкидланганидек, вилоятда биринчи босқичда “аёллар дафтари”га киритилган 12817 нафар хотин-қизга амалий ёрдам кўрсатилди ва уларнинг муаммолари ҳал этиб берилди. 10 минг 263 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди ҳамда 2 минг 564 нафар моддий ва маънавий ёрдамга муҳтож хотин-қизлар тизимли равишда ижтимоий қўллаб-қувватланди.

1202 нафар хотин-қиз касб-ҳунарга ўқитилди. 3016 нафар аёлга тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун 40,9 миллиард сўм, 402 нафар аёлга эса Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши жамғармаси ҳисобидан кредит маблағи ажратилди.

Иккинчи босқичда 15265 нафар хотин-қизнинг рўйхати шакллантирилиб, айни пайтда уларни ижтимоий ҳимоя қилиш борасида чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Аммо ҳудудларда олиб борилаётган ишларни талаб даражасида, деб бўлмайди. Хусусан, хотин-қизларга ўз вақтида кредит ажратиш, ижтимоий ва психологик ёрдам кўрсатишда камчиликлар бор.

— Айниқса, “аёллар дафтари”га киритилганлар билан ишлашда соғлиқни сақлаш тизими ходимлари маҳаллалар билан ишлашни янада жонлантириш, халқ таълими тизими ходимлари эса дафтардаги хотин-қизлар фарзандлари билан алоҳида ишлашлари талаб этилади, — деди Сенат раиси. — Чунки эндигина улғайиб келаётган фарзандларимиз тақдирига бефарқ қарашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Айрим жойларда бир марта психологик ёрдам кўрсатилиб, дафтардан чиқариш ҳолатлари ҳам мавжудлиги айни ҳақиқат.

Учрашувда “аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, кредитлар ажратиш, вакант иш ўринларидан унумли фойдаланиш, квоталанган иш ўринлари ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Бунда албатта, масъуллар томонидан амалга оширилаётган ишларни мунтазам равишда назорат қилиб боришда маҳалла тизими ходимлари, депутатлардан фаоллик талаб этилади.

Шундан сўнг ишчи гуруҳ аъзолари Нурота туманида бўлиб, “Чашма” мажмуасида барпо этилган “Ҳунармандлар маркази”да хотин-қизлар учун яратилган шароитлар билан танишдилар.

Сенат раиси ҳунармандлар билан суҳбатда яратилган шароитлар, улар томонидан амалга оширилган ишлар ва муаммо ва таклифлари билан ўртоқлашди.

Ишчи гуруҳ яқинда ташкил этилган Ғозғон шаҳрида “Мармаробод” ДУК да бўлишиб, унинг фаолияти билан танишишди. Президентимиз ташаббуси билан фаолиятини бошлаган мазкур кластернинг умумий қиймати 52 миллион доллар бўлиб, 14 та лойиҳа амалиётга татбиқ этилмоқда.

“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?