Сенат Раиси бошчилигидаги Ишчи гуруҳ Бекобод туманида хотин-қизлар муаммоларини ўрганди

12:46 04 Апрель 2021 Жамият
501 0

Аввал хабар берилганидек, шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги Ишчи гуруҳи Тошкент вилоятида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишларни ўрганмоқда. Қолаверса, аҳоли билан бевосита мулоқот қилмоқда.

Ишчи гуруҳнинг навбатдаги манзили – Бекобод тумани. 159 474 минг киши истиқомат қилувчи ушбу туманда 51 та маҳалла, 42 минг 310 та оила мавжуд. 3 минг 382 та оила «Темир дафтар»га (ҳозирда 863 та оила қолган), 2 минг 218 нафар ёш «Ёшлар дафтари»га, 3 минг 204 нафар хотин-қиз «Аёллар дафтари»га киритилган.

«Аёллар дафтари»даги тадбиркорлик қилиш истагида бўлган 325 нафар хотин-қиздан бугунги кунга қадар 84 нафари тадбиркорликка ўқитилиб, улардан 48 нафарига «Халқ банки» томонидан 862,7 млн. сўм миқдорида кредит ажратилган. Яна 22 нафарига ҳам кредит маблағлари ажратилиши назарда тутилган.

Сенат Раиси бошчилигидаги Ишчи гуруҳ Бекобод туманида амалга оширилаётган ислоҳотлар қаторида аҳоли, хусусан, хотин-қизларни иш билан таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган аёлларни қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар билан танишди. Қолаверса, «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизлар билан дилдан суҳбатлашиб, уларнинг муаммоларини ўрганди.

Дастлаб «Боғишамол» МФЙ ҳудудида гуллар етиштираётган «Лолазор ифори» деҳқон хўжалиги иссиқхонаси билан танишилди. Уч йил аввал мазкур иссиқхона Рўзиқулова Санобар томонидан ташкил этилган. У 30 млн. сўм кредит маблағи ҳисобига 25 сотих ерга турфа гуллар экиб, ҳудуд ободлигига ҳисса қўшиб келмоқда. Бундан ташқари, етиштирилган кўчатлар қўшни Тожикистонга ҳам экспорт қилинмоқда. Яна бир жиҳат. Нафақат ўзини ўзи банд қилган, балки «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизларни иш билан таъминлаган.

Бундан ташқари, «Боғишамол» МФЙ фаол аёллари, «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизлар билан суҳбатлашилди, уларнинг муаммолари ўрганилди.

– Бундан беш йил олдин турмуш ўртоғим вафот этгач, 4 нафар фарзанд тарбияси ўзимнинг елкамда қолди, – деди «Боғишамол» МФЙда истиқомат қилувчи М.Оқилова. – Бир нафар қизимни олийгоҳда ўқитиб, турмушга узатдим. Ҳозирда икки нафар ўғлим ёнимга кириб, ҳовлимиздаги иссиқхонага ёрдамлашади. Маккажўхори, карам экиб, рўзғорнинг камчиликларини тўлдиряпмиз. «Аёллар дафтари»да рўйхатда тураман. Икки ўғлим шартнома асосида олий ўқув юртида таҳсил олади. Сенат Раиси бошчилигидаги Ишчи гуруҳидан шартнома пулини тўлашда ёрдам сўрадим. Ушбу масалага ечим топилди.

Аёллар билан учрашувда ёшларни она тилига ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларнинг таълим олишига алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги, тўйларни камхарж ва ихчам тарзда ўтказиш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, оилавий ажримларнинг олдини олиш масалалари юзасидан атрофлича фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Қолаверса, маҳаллада 200 нафардан ортиқ боғча ёшидаги бола мавжуд бўлсада, уларнинг атиги 25 нафари оилавий боғчага жалб қилинган. Боиси, ҳудудда мактабгача таълим муассасаси йўқ. Бундан ташқари, ички йўлларни таъмирлаш, оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш мақсадида имтиёзли кредит ажратиш, субсидия асосида иссиқхона қуриш борасида мурожаатлар қилинди. Уларнинг барчаси ижобий ҳал этиладиган бўлди. Тегишли мутасаддиларга кўрсатмалар берилиб, ижроси назоратга олинди.

Навбатдаги манзил – «Бунёдкор» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 4-сонли оилавий поликлиника томонидан аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат кўздан кечирилди ҳамда аёллар билан мулоқот ўтказилди.

5 та маҳалладаги 20 минг нафардан ортиқ аҳолига тиббий хизмат кўрсатиб келаётган ушбу тиббиёт муассасаси 2019 йилда таъмирланиб, фойдаланишга топширилган. Шинам ва ёруғ хоналар, малакали тиббиёт ходимлари халқ хизматида. Бироқ оилавий поликлиника мудири Шуҳрат Маҳмудовнинг таъкидлашича, муассасада УТТ аппарати ва шифокори йўқ. Ушбу масала Ишчи гуруҳ эътиборини тортди ҳамда яқин кунларда муаммога ечим топиладиган бўлди.

Поликлиникада «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизлар билан ўтказилган мулоқотда аҳоли, шу жумладан, аёллар саломатлигини асраш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, онкологик касалликларнинг олдини олиш мақсадида скрининг текширувларидан ўтказиш, патронаж хизматини тўғри йўлга қўйиш ҳамда аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш тўғрисида сўз юритилди.

Қолаверса, ҳудудда МТМ таъмирлаш, тадбиркорликни энди бошлаган хотин-қизларнинг ижара ҳақини тўлаш, ичимлик суви таъминотини яхшилаш борасида ёрдам сўралди. Шунингдек, ҳудуддаги маданий-кўнгилочар марказини қайта таъмирлаш, спорт майдончаси, кутубхона қурилиши, кўчма театрларни жалб қилиш масаласи кўтарилди. Уларнинг барчаси назоратга олиниб, мутасаддиларга кўрсатмалар берилди.

Шундан сўнг Ишчи гуруҳ аъзолари «Аёллар дафтари» рўйхатига киритилган аёлларни иш билан таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан «Хон қизи» тикувчилик корхонасида бўлди. Хотин-қизлар билан мулоқот ўтказилди ва иш жараёни билан танишилди.

Ушбу тикувчилик корхонаси раҳбари Шоҳида Эрматова беш йил аввал 3 та тикув машинаси билан ўз фаолиятини бошлаган. Ҳозир эса 60 нафар хотин-қизлар, шу жумладан, «Темир дафтар», «Аёллар дафтари»га киритилган аёлларни иш билан таъминлаган. Ишлаб чиқарилган текстиль маҳсулотларини Россия давлатига экспорт қилиб келмоқда.

Республика ишчи гуруҳи унинг таклиф ва муаммоларини ҳам ўрганди. Тадбиркор томонидан лизинг шартномаси қийматини қайта ўрганиш, тўлов муддатини узайтириш борасида ёрдам сўралди. Мазкур масала ҳам атрофлича ўрганилиб, тегишли чоралар кўрилади.

Сенат Раиси Т.Нарбаева халқ депутатлари Бекобод туман Кенгаши депутатлари билан учрашди. Туманда ташкил этилган «маҳаллабай» ишлаш бўйича штаб ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатлари фаолияти билан танишилди.

Қолаверса, «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, сектор раҳбарлари, тегишли мутасаддиларнинг ахборотларини эшитиб бориш масалаларига урғу берилди. Шунингдек, маҳаллий Кенгашлар депутатларининг фикр-мулоҳазалари эшитилиб, зарур таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?