Сенат Раиси АҚШ давлат котиби ёрдамчиси билан учрашди

22:47 09 Январь 2021 Сиёсат
664 0

Олий Мажлис Сенати Раиси Т.Нарбаева Америка Қўшма Штатлари давлат котибининг ёрдамчиси, Давлат департаментининг Хотин-қизлар глобал масалалари бўйича идораси раҳбари, махсус топшириқлар бўйича элчиси К. Кюрри билан учрашди.

Ўзбекистоннинг очиқ ва прагматик ташқи сиёсати туфайли бугунги кунда хорижий мамлакатлар билан ҳамкорлик мустаҳкамланиб бормоқда.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик нафақат икки томонлама асосда, балки халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида ҳам изчил ривожланиб бормоқда.

Суҳбат давомида Ўзбекистонда хотин-қизлар манфаатларини ҳимоя қилиш, Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ҳаётида уларнинг ролини ошириш юзасидан олиб борилаётган ислоҳотлар тўғрисида кенг қамровли ахборот тақдим этилди. АҚШ томони Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия фаолияти тўғрисида маълумот олди, шунингдек мазкур йўналишда икки томонлама ҳамкорлик бўйича таклифлар билдирилди.

АҚШ давлат котибининг ёрдамчиси хотин-қизлар ҳуқуқлари ва манфаатлари ҳимоясини таъминлаш масалаларида Ўзбекистон — Америка муносабатларини ривожлантиргани учун Олий Мажлис Сенатига ўз миннатдорлигини билдирди.

К.Кюрри Президент Ш.Мирзиёев олиб борилаётган сиёсатни юқори баҳолади, АҚШ ҳукумати Ўзбекистоннинг гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларни мамлакатнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётига кенг жалб қилишни рағбатлантириш, Ўзбекистонда афғонистонлик хотин-қизларни ўқитиш дастурларини тарғиб қилиш соҳасидаги саъй-ҳаракатларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

Давлат департаменти вакили таъкидлаганидек, нафақат эркаклар, балки асосан аҳолининг заиф қатламларини ташкил этувчи аёллар ҳам жабр кўрган мажбурий меҳнатни йўқ қилишда Ўзбекистон ҳукумати эришган улкан ютуқлар алоҳида эътиборга лойиқ.

Бундан ташқари, К. Кюррининг фикрича, мамлакатимизда Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия ташкил этилиши ва «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги Қонун қабул қилиниши бошланган ўзгаришлар давомийлигидан ва мамлакат раҳбарияти Ўзбекистоннинг янги қиёфасини мустаҳкамлашга ва ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга қаратилган ислоҳотларни давом эттиришга қатъий қарор қилганидан яққол дарак беради.

У «Марказий Осиё мамлакатлари раҳбар аёллари мулоқот» норасмий платформа яратилганини қутлади ва Афғонистоннинг ушбу форматга жалб этилганини мамнуният билан тилга олди.

Афғонистон аёллари учун Ўзбекистонда таълим дастурларини амалга оширишга қаратилган республиканинг саъй-ҳаракатлари ижобий баҳоланди: «Афғонистон Ислом Республикаси аёлларини қўллаб-қувватлаш масаласида Ўзбекистон етакчилик қилгани учун», шунингдек, Ўзбекистон, Афғонистон ва АҚШ уч томонлама форматидаги ҳамкорлик ривожи учун миннатдормиз.

Америка томони таъкидлаганидек, АҚШ ҳукумати ушбу соҳада мамлакатимизда амалга оширилаётган қатъий ислоҳотларни олқишлайди. Унинг фикрича, ислоҳотлар аллақачон нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Марказий Осиё минтақасида хотин-қизлар фаоллигини оширишнинг чинакам драйверига айланмоқда.

У “C5+1” платформаси доирасида аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш лойиҳаси бошланди, бу лойиҳа биринчи навбатда Ўзбекистон ва Қозоғистон томонида биргаликда амалга оширилади. Шу билан бирга, “DFC” Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг қонунчилик базасини такомиллаштириш лойиҳасини ишга туширади.

DFC вакили Ч.Уоллес таъкидлашича, уларнинг ҳозирги молиялаштириш ёндашуви «ақлли иқтисодиёт» тамойилларига асосланади, у хотин-қизларга тегишли бўлган, улар томонидан бошқариладиган ва қўллаб-қувватланадиган тадбиркорлик билан боғлиқ операцияларда хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва имкониятларини тадбиркорлар сифатида кенгайтиришни назарда тутади. Унинг сўзларига кўра тўғри сармоялар – бу тадбиркор аёлларга сарфланган инвестициялардир, улар 90% ҳолларда мамлакат ижтимоий соҳасига қайта сармоя киритади.

Инвестиция жамғармасида ижтимоий мезон мавжуд бўлиши, у соғлиқни сақлаш, таълим, гендер тенглик соҳасида турли дастурларни амалга ошириш учун энг катта имконият экани таъкидланди.

“DFC” вакили Ч.Уоллес Ўзбекистондаги хотин-қизларга мўлжалланган реабилитация марказлари (шелтерлар) ва АҚШдаги шелтерлар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёрлигини билдирди.

Учрашувда ўзаро манфаатли бошқа масалалар ҳам муҳокама этилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?