Сенат қўмиталари мажлисларида қатор масалалар муҳокама қилинди

23:27 07 Май 2020 Сиёсат
1056 0

2020 йил 7 май куни Олий Мажлис Сенати қўмиталарининг видеоконференцалоқа шаклида мажлислари бўлиб ўтди. Унда сенаторлар, вазирлик ва идоралар мутасаддилари, экспертлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар. Бу ҳақда юқори палата ахборот хизмати хабар берди.

Дастлаб Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси томонидан “Ер участкаларини ноқонуний олиб қўйганлик учун жавобгарлик кучайтирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама этилди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда ер участкалари олиб қўйилишида қонунчиликда белгиланган тартибга риоя этмаслик ҳолатлари учрамоқда. Шу жиҳатдан мазкур Қонун ер участкасини олиб қўйиш тартибига риоя этмаганлик ҳамда бунинг оқибатида мулкдорларга зарар етказганлик учун жавобгарликни кучайтириш орқали фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг мулк ҳуқуқи кафолатлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилади.

Сўнгра “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига жиноят процессида иштирок этувчи фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилишни кучайтиришга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кўриб чиқилди. Мазкур Қонун билан Жиноят-процессуал кодексига мамлакатимизнинг жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилиги шахсни тажовузлардан муҳофаза қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган тузатишлар киритилмоқда.

Шунингдек, Қўмита мажлисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг ва Бош прокурорнинг 2019 йилдаги фаолияти юзасидан ҳисоботи эшитилиб, атрофлича муҳокама қилинди.

Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси мажлисида “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги”ги Қонун муҳокама қилинди. Қайд этилганидек, ушбу Қонун Президентимизнинг карантин пайтида қабул қилинган тегишли фармон ва қарорларига мувофиқ ишлаб чиқилган. Мазкур Қонун пандемия даврида Давлат бюджетининг барқарорлигини таъминлаш ва устувор йўналишларини инобатга олган ҳолда харажатларни оптималлаштиришга қаратилган.

Навбатдаги кўриб чиқилган “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонуни билан Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи ва республиканинг бошқа минтақаларида доимий пропискага эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги янги қурилган уйларда кўчмас мулк олди-сотдиси шартномаларини расмийлаштириш учун давлат божининг алоҳида ставкаси бекор қилинмоқда. Айрим давлат бошқаруви органларининг давлат манфаатларини кўзлаб судларга аризалари бўйича давлат божидан озод қилиниши кўзда тутилган. Мажлисда ушбу Қонуннинг бошқа жиҳатлари борасида атрофлича сўз юритилди.

Шунингдек, Ҳисоб палатаси ва Марказий банкининг 2019 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботлари ҳам муҳокама этилди.

Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси мажлисида Ўзбекистон Республикасининг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлиги масаласи кўриб чиқилди. Қайд этилганидек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман ва шаҳар Кенгашлари Ўзбекистон Республикасининг Евроосиё иқтисодий иттифоқида “кузатувчи давлат” мақоми сифатида иштирок этиш таклифи атрофлича муҳокама қилиниб, қўллаб-қувватланган. Шунингдек, мажлисда ушбу масаланинг бошқа жиҳатларига ҳам урғу берилди.

Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг мажлисида “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни дастлабки тарзда кўриб чиқилди. Таъкидланганидек, мазкур қонуннинг маъқулланиши прописка тизимида самарали ва тўғридан тўғри амал қиладиган қонунчилик базасини яратиш, фуқаролик соҳасидаги маъмурий тартиб-таомилларни янада соддалаштириш, Ўзбекистон Республикаси фуқароларини республика ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш борасидаги ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг ҳуқуқий механизмларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шу нуқтаи назардан ҳужжат билан киритилаётган нормалар таҳлилий жиҳатдан муҳокама қилинди.

Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитасининг мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама марказида бўлди. Бундан ташқари бошқа масалалар юзасидан ҳам мулоҳазалар билдирилди.

Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлисида “Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни борасида батафсил сўз юритилди. Шунингдек, “Фахрий мураббий” орденини таъсис этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни ҳам дастлабки тарзда муҳокама қилинди.

Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси мажлисида  “Саломатлик” орденини таъсис этиш тўғрисида”ги ҳамда “Соғлом турмуш” медалини таъсис этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари кўриб чиқилди. Дунё миқёсида коронавирус пандемияси давом этаётган бир вақтда мамлакатимизда, айниқса, соғлиқни сақлаш масалаларига устувор эътибор қаратилгани, инсон саломатлиги, баркамол авлод тарбиясида соғлом турмуш тарзини тўғри ташкил этиш бўйича кўрилган чора-тадбирлар ўз самарасини бермоқда.

Фидойи шифокорларимиз, саховатпеша ҳамюртларимиз, карантин шароитида бир тану бир жонга айланган халқимиз матонати билан мамлакатимизда эпидемияни жиловлашга муваффақ бўлинмоқда. Шу муносабат билан “Саломатлик” орденини таъсис этишни даврнинг ўзи тақозо этаётганлигига мажлисда алоҳида урғу берилди.

Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси мажлисида тўртинчи ялпи мажлисда кўриб чиқилиши кўзда тутилган масалалар бўйича фикр-мулоҳазалар ва тегишли таклифлар билдирилди.

Сенатнинг Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси мажлисида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати борасида вилоятларда олиб борилаётган ишлар, депутатлик назорати, пандемия даврида депутатларнинг фаоллигини ошириш, намунали Кенгашларда сессиялар ўтказиш масалалари батафсил кўриб чиқилди.

Бунда карантин чекловларини босқичма-босқич бекор қилиш белгиланган соҳаларда санитария қоидаларига қатъий риоя қилиш юзасидан депутатлик назоратини кучайтириш, карантин талаблари асосида фаолиятини қайта тиклаш истагидаги тадбиркорлар томонидан тегишли талаблар бажарилганлигини тўғрисидаги хулосаларни маҳаллий Кенгашлар томонидан кўриб чиқиш ва уларнинг муаммоларини ҳал қилиш каби масалаларга урғу берилди.

Мажлисларда кўриб чиқилган масалалар юзасидан қўмиталар ва комиссиянинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?