Сенат Кенгашининг Андижонда ўтказилган сайёр мажлисида “йўл хариталари” ижросини ўрганиш натижалари муҳокама қилинди
Олий Мажлис Сенати Кенгашининг тегишли қарорига мувофиқ, Андижон вилоятининг туманларини (шаҳарларини) ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг самарали ижро этилишини таъминлаш бўйича “йўл хариталари” тасдиқланган ва амалга оширилмоқда.
Вилоятнинг ҳар бир тумани (шаҳри) кесимида Сенат аъзолари, халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) Кенгашлари депутатларидан иборат ишчи гуруҳлар шакллантирилиб, “йўл хариталари” ижроси устидан алоҳида тартиб асосида самарали парламент ва депутатлик назорати йўлга қўйилган.
Сенат Кенгашининг Андижон вилоятида ўтказилган сайёр мажлисида парламент назорати доирасида “йўл хариталари” ижросини ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, 2017 йил 1 январь ҳолатига саноат корхоналари сони 5,2 мингтани ташкил этган бўлса, ўтган йилда ушбу кўрсаткич 10 мингдан ошган. Натижада ялпи ҳудудий маҳсулот (ЯҲМ) ҳажмида саноатнинг улуши 11,2 фоиздан 23,4 фоизга етказилган. Жорий йилнинг январь — август ойларида 3 мингта янги кичик тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, бугунги кунда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари сони 24 мингдан ошди.
Мажлисда сенаторлар томонидан аҳолининг ижтимоий муаммоларини ҳал этиш, ҳудудий бандлик дастури ижросини таъминлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, “аёллар дафтари”га киритилган 91 мингдан зиёд хотин-қизларнинг 78,7 минг нафардан ортиғига, “ёшлар дафтари”даги 32,4 минг йигит-қизларнинг қарийб 23 минг нафарига амалий ёрдам кўрсатилган.
Бундан ташқари, 2023-2024 йилги куз-қиш мавсумига аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини тайёрлаш юзасидан бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилган. Жумладан, ишчи гуруҳлар тузилиб, мавжуд муаммоларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш чоралари кўрилаётир.
Муҳокама жараёнида сенаторлар ҳудудда амалга оширилган ижобий ишлар билан бирга мавжуд камчилик ва муаммоларга ҳам эътибор қаратди. Ҳудудлардаги 282 та саноат корхонасида ишлаб чиқариш ҳажми, 375 та хизмат кўрсатиш корхонасида хизматлар ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан камайган.
Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида ажратилган ресурс маблағларидан фойдаланиш даражаси Хонобод шаҳри ва Улуғнор туманида пастлигича қолмоқда. Фаолияти тугатилган корхоналар сони ўтган йилга нисбатан Қўрғонтепа ва Жалақудуқ туманларида ортган.
Андижон ва Жалақудуқ туманлари ҳамда Андижон шаҳрида солиқ тўловчиларнинг бюджет олдидаги муддати ўтган қарздорлиги ошган.
Жалақудуқ туманидаги ёшлар саноат, Андижон ва Олтинкўл туманларидаги кичик саноат зоналарида электр энергияси тармоғини қуриш ҳамда трансформатор ўрнатиш, Пахтаобод туманида ташкил этиладиган тўқимачилик индустриал зонасига электр тармоғи ва кичик станция қуриш ишлари кечикмоқда.
Мажлисда сенаторлар томонидан мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан қатор таклифлар билдирилди.
Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари ҳар ойда, дастурлар доирасида белгиланган вазифалар ижросига масъул ходимлар томонидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ҳисоботларни эшитиб бориши, дастурлар ижросини таъминлашда масъулиятсизликка йўл қўйган мутасаддиларга нисбатан таъсирчан чоралар қўллаш масаласини кўриб чиқиши зарур экани таъкидланди.
Муҳокама якуни бўйича ўз ечимини кутиб турган муаммоли масалаларни бартараф этиш юзасидан Сенат Кенгашининг қарори қабул қилинди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- “Матонатли Марям” фильми кенг жамоатчиликка тақдим этилди
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- FIDE жаҳон кубоги чемпиони Жавоҳир Синдаровни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди (+фоторепортаж)
- Reuters: Асаднинг Москвадаги тарафдорлари Сурияда қўзғолон режалаштирмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг