Сенат Кенгашида маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш масалалари ва ҳукуматга юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама қилинди

22:06 08 Ноябрь 2022 Сиёсат
1185 0

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Қатор масалалар ўрин олган мажлисни Сенат Раиси Танзила Нарбаева олиб борди.

Кенгаш аъзолари дастлаб «Маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича белгиланган лойиҳалар ижросини назорат қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги масалани муҳокама қилдилар.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 октябрдаги «2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан, республика бўйича 5 284 та маҳалладаги 6 мингдан ортиқ объектларда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, 2022 йилда ушбу мақсадлар учун 2,7 трлн сўм маблағ йўналтирилиши белгиланган.

Мажлисда ҳар бир ҳудуд бўйича ишлаб чиқилган 2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш бўйича лойиҳалар дастурини тасдиқлаш ҳамда белгиланган тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш муҳимлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Хусусан, Т.Нарбаева ушбу масаланинг ниҳоятда муҳимлигига тўхталиб ўтди. «Бугунги кунда мамлакатимиз аҳолиси сони 35,5 миллиондан ошган, жами маҳаллалар сони 9 370 тага тенг, мазкур вазифаларни амалга ошириш орқали ўрта ҳисобда 20 млн аҳоли учун янада қулай шарт-шароитлар яратилади. Белгиланган вазифалар кўлами нечоғлик кенг ва долзарб аҳамиятли эканлигини айни шу рақамлардан ҳам билиш мумкин. Бу ўз навбатида сенаторларнинг бевосита маҳаллаларда, одамлар билан тўғридан-тўғри иш олиб бориши лозимлигини кўрсатади. Бу борада маҳаллий Кенгашлар ва жамоатчилик билан фаол ҳамкорликда иш олиб борамиз. Аҳолининг фикрига, таклифларига қулоқ тутамиз. Чунки фуқароларимизнинг розилиги устувор масала».

Ҳудудларда маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш бўйича белгиланган чора-тадбирлар ижросини назорат қилиб бориш тизимини йўлга қўйиш мақсадида Сенат аъзолари белгиланган муддатда ҳудудларга чиқиб, ички йўллар, ичимлик суви, электр энергияси ва газ таъминотини яхшилаш, ижтимоий соҳа объектларини таъмирлаш борасидаги лойиҳалар ижросининг боришини ўрганиши белгиланди. Мазкур жараёнга халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари ҳамда лойиҳалар ижроси учун масъул идора ва ташкилотлар вакиллари жалб этилади.

Ўрганишлар давомида аниқланган камчиликлар, ижроси муддатидан орқада қолаётган лойиҳалар бўйича муаммоларни тегишли идора ва ташкилотлар билан биргаликда жойида ҳал этиш чоралари кўриладиган бўлди.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасининг Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, туманлар, шаҳарлар Кенгашларига 2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш бўйича лойиҳалар дастурларини сессияларда муҳокама қилиш ҳамда тасдиқлаш, дастурда белгиланган ҳар бир лойиҳа ижроси устидан доимий депутатлик назоратини йўлга қўйиш мақсадида лойиҳалар кесимида депутатларни бириктириш тавсия этилди.

Ушбу вазифалар Олий Мажлис Сенати Кенгашининг тегишли қарорида ўз аксини топди.

Шундан сўнг Кенгаш мажлисида Интернет жаҳон ахборот тармоғида ёшлар ва вояга етмаганлар учун миллий контентни ривожлантириш, уларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш маданияти ва зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш масалалари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари кўриб чиқилди.

Ҳукумат томонидан парламент сўровида кўтарилган масалалар юзасидан бир қатор ижобий ишлар амалга оширилганлиги қайд этилди.

Хусусан, тегишли «Йўл харитаси» тасдиқланиб, мутасадди вазирлик, идораларга тегишли топшириқлар берилган ва уларнинг ижроси таъминланган. Жумладан, “Imkon.uz” миллий ижтимоий тармоғи ишга туширилган бўлиб, ҳозирги кунда ушбу ижтимоий тармоқдан 15 мингдан ортиқ фойдаланувчи рўйхатдан ўтган.

Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ёшлар ўртасида «Миллий мессенжер ва ижтимоий тармоқлар бўйича стартап лойиҳалар» мавзусидаги лойиҳалар танлови эълон қилинган.

Халқ таълими вазирлиги ҳамда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетининг тажрибали мутахассислари ҳамкорлигида медиа ҳамда ахборот саводхонлиги бўйича мактаб ўқитувчиларининг билим, кўникма ва малакасини ошириш учун ўқув дастурлари ишлаб чиқилган.

Мажлисда ҳукуматга буюк аждодларимизнинг бой илмий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш ғояларини амалиётга изчил татбиқ этиш мақсадида фойдали контентни кенгайтириш, Интернет жаҳон ахборот тармоғида Ўзбекистон ҳақидаги маълумотлар ҳажми ҳамда сифатини ошириш, ўзбек миллий контентини ривожлантириш ва оммалаштириш масалаларини доимий равишда назоратга олиш лозимлиги белгилаб берилди.

Муҳокамалардан сўнг мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенати Кенгашининг тегишли қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?