Сенат Денов туман ҳокимлиги захирасига ерлар нима сабабдан қайтарилганини ўрганмоқда

22:43 20 Май 2021 Жамият
329 0

Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси томонидан Олий Мажлис Сенатига йўлланган мурожаати асосида юқори палатанинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси Сурхондарё вилоятида ўрганишлар ўтказмоқда.

Мурожаатда халқ депутатлари Денов туман Кенгашининг 2020 йил 19 ноябрдаги «Туманда шартнома мажбуриятларини бажармаётган, ер ижара шартномасига қисман ўзгартириш киритилаётган, янгидан ташкил қилинаётган ва қўшимча ер майдони олаётган фермер хўжаликларининг фаолиятини кўриб чиқиш тўғрисида»ги 123/25-06-сонли қарорини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига зид эканлиги ва ушбу қарорни бекор қилиш юзасидан амалий ёрдам сўралганди.

Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раисининг ўринбосари Р.Сиддиқов бошчилигида давлат органлари ва бошқа манфаатдор идоралар вакилларидан иборат таркибда тузилган ишчи гуруҳи ушбу масалани бевосита жойига чиққан ҳолда ўрганиш олиб боряпти.

Аниқланишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Пиллачилик тармоғида ипак қурти озуқа базасини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» қарорига мувофиқ, 2019-2025 йилларда «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси таркибидаги корхоналар томонидан ипак маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш бўйича прогноз параметрлари тасдиқланиб, 2018-2025 йилларда хом, ярим тайёр ва тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳажмини 5,7 баравар, ипак маҳсулотлари экспорти ҳажмини 10,2 баравар ошириш белгиланган.

Сурхондарё вилояти Денов туман ҳокимининг 2020 йил 24 июлдаги 608-сонли қарори билан 366,54 гектар ер майдонлари “DENOV AGRO-PILLA” МЧЖга доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратиб берилгани маълум бўлди.

Аммо халқ депутатлари Денов туман Кенгашининг 2020 йил 19 ноябрдаги 123/25-06-сонли қарори билан “DENOV AGRO-PILLA” МЧЖга тегишли Хазарбоғ, Охунбобоев, Ғалаба, Ўзбекистон ҳудудларидаги 114,23 гектар ер майдони туман ҳокимлиги захирасига қайтарилган.

Ушбу масалани ечими юзасидан ўрганишлар давом этмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?