Сектор ходимларининг ҳаракатлари бесамар кетмаяпти

18:51 08 Май 2021 Жамият
831 0

Ҳасан ПАЙДОЕВ - ​​​​​​​“Халқ сўзи”

Мана бир йилдан ошдики, бутун инсоният қатори бизнинг юртимизда ҳам пандемия туфайли халқимиз бошига синовли кунлар тушди ва у давом қилмоқда. Ушбу даврда ишсизлик, ижтимоий ёрдамга муҳтожлар сони янада ошди. Ана шундай қийин вазиятда Президентимиз томонидан амалга оширилган кенг қамровли ислоҳотлар, жумладан, ҳудудлардаги секторларнинг самарали ишлаши натижасида ижтимоий ҳимояга муҳтожларга тизимли равишда ёрдамлар кўрсатиб келинмоқда.

Нукус шаҳридаги “Атамакан” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат  қилувчи Илхом Ниетуллаев ҳам пандемия даврида бошига оғир мусибат тушиб, қийналиб қолган эди. Отасидан эрта ажраган йигирма уч ёшли Илхом вақтинчалик қурилиб, авария ҳолатига келиб қолган 2-хонали эски уйда онаси ва мактабда ўқийдиган синглиси билан яшарди. Уйни янгидан қуриш учун етарли маблағи ва тайинли иши ҳам йўқ. Боз устига пандемия даврида онаси ҳам оғир хасталикка чалиниб, оламдан ўтиб қолди.

Улар яшаётган маҳалла прокуратура, яъни 2-сектор ҳудудида эди. Сектор масъуллари уйма-уй юриб, ушбу оиланинг ижтимоий аҳволини эътиборга олиб, ҳар томонлама кўмак бериш чораларини кўрдилар. Эски турар-жойи ёнидан янги уй қуриб берилди. Карантин даврида ҳомийлар томонидан 10 та товуқ ва ҳар ойда 2-сектор томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш йўлга қўйилди. Шунингдек, И.Ниетуллаев “Мега Нукус” савдо марказига ишга жойлаштирилди.

622 та оила ёрдамга муҳтожлиги аниқланди

Пандемия даврида аҳолининг бандлигини таъминлаш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш масаласи асосий вазифамизга айланган, - дейди Нукус шаҳар прокурори в.в.б, адлия маслаҳатчиси     Омирбай Худайбергенов. – Хусусан, шаҳримизда коронавирус пандемиясига қарши курашиш, профилактика чораларини амалга ошириш, шунингдек, озиқ-овақат маҳсулотлари нарх-навосининг барқарорлигини сақлаш бўйича 2-сектор томонидан муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Ҳудудимиздаги 16 та маҳалла фуқаролар йиғинларида жами 15 минг 598 хонадонда 16 минг 323 оила истиқомат қилади. Уларни ўрганганимизда 3,8 фоизи яъни, 622 та оила ёрдамга муҳтож эканлиги аниқланди. Шундан 114 та оилада ногиронлиги борлиги, 141 таси боқувчисини йўқотганлиги, 16 нафари якка ёлғиз эканлиги ҳамда 351 таси доимий иш жойига эга эмас эканлиги аниқланган.

Сектор ҳудудида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида кам таъминланган ва пандемия давомида доимий даромад манбаидан айрилган 1 556 та оилага жами 1 млрд.789 млн. 854 минг сўмлик (ҳар бир оилага 1 млн 150 минг сўмдан тўғри келади) ёрдамлар кўрсатилди. Шундан 847 млн. 594 минг сўмлик сектор ташаббуси билан ҳомийлар томонидан ёрдамлар берилиши орқали, 622 та оилага 624 млн. 134 минг сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари, 82 та оилага 70 млн. 360 минг сўмлик нақд пуллар, 75 та оилага 2 млн. 950 минг сўмлик дори-дармон, 2 та оилага 12 млн. 500 минг сўмлик 2 бош қорамол, 3 та оилага 4 млн. 200 минг сўмлик 6 бош қўй, 32 та оилага 18 млн. 450 минг сўмлик 320 бош товуқ, 23 та оилага 36 млн. 800 минг сўмлик 23 дона тикув машиналари ҳамда 172 та оилага 104 млн. сўмлик бошқа турдаги моддий ёрдамлар кўрсатилди.

Шундан комплекслар кесимида сектор ҳудудида яшовчи 5 нафар фуқаро иқтисодий (шундан 2 нафари оилавий тадбиркор, 1 нафари ҳунарманд, 52 нафари жамоат ишлари) комплексларга, 2 нафар фуқаро қишлоқ хўжалиги (шундан 2 нафари агросаноат лойиҳалари) комплексларига, 7 нафари қурилиш объектларига жойлаштирилиши, 54 нафар фуқаро ўзининг ишига қайтарилиши таъминланиб, 302 нафари расмий ишлар орқали, 1384 нафари норасмий ишларда бандлиги таъминланди.

Бундан ташқари, карантин даврида 408 нафар ишсизлар мавсумий ишларга, 30 нафари доимий иш жойларига жойлаштирилиб, 101 та оилага 323 млн. сўмлик замонавий иссиқхоналар қуриб бериш орқали 100 нафардан ортиқ фуқароларнинг бандлиги таъминланди.

Олиб борилган чора-тадбирлар натижасида доимий даромад манбаига эга бўлганлиги муносабати билан иқтисодий-ижтимоий аҳволи барқарорлашган 1 444та оилаларни камбағалликдан чиқариш зарурлиги аниқланди. Бу борадаги таклифимиз Халқ депутатларининг Нукус шаҳар Кенгаши сессиясида кўриб чиқилиб, сессия қарорлари билан тасдиқланди.

Ҳозирда “темир дафтар”да рўйхатда турган 112 та оилаларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг томорқаларидан унумли фойдаланишга кўмаклашиш, шунингдек, ўзини-ўзи банд қилиш орқали доимий даромадга эга бўлиши учун кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 

Коммуникация  тармоқларини тортишга амалий кўмак

Шаҳардаги 2-секторнинг бевосита амалий ёрдами билан  ҳудудида 27 та турар-жойлар қайта таъмирланди. Шунингдек, 4 та кўп-қаватли турар-жойлар таъмирланиши, 3 та турар-жойларнинг янгидан қуриб берилишида амалий ёрдамлар кўрсатилди. Ҳудудларга муҳандислик-коммуникация тармоқларини тортиш бўйича 1 млрд. 954 млн. сўмлик, 37,1 км. электр симлари, 263 дона бетон устунлар ўрнатилди ва 22 дона транформатор пунктлари қайта таъмирланди. 5 млрд. 851 млн. сўмлик 30,90 км. янгидан ичимлик суви қувурлари тортилди, 2 млрд. 750 млн. сўмлик 9 км. ички йўлларнинг таъмирланишида, 524 млн. сўмлик 297 дона тунги ёритгичлар ҳамда 8,9 км. электр симлари янгидан ўрнатилишида, 5 млн. сўмлик 2 дона янги ГРП, 76,9 млн. сўмлик 3,9 км. газ қувурлари тортилиши таъминланди.

Албатта, бу ишларнинг амалга оширилиши натижасида ҳудудда яшовчи минглаб аҳолининг у ёки бу коммуникация тармоқлари бўйича муаммолари ўз ечимини топгани шубҳасиздир. Бу секторлар фаолиятида халқимизни рози қилишга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг амалдаги ифодаси, десак муболаға бўлмайди.

Кичик томорқадан - катта даромад

  “Шиғис” МФЙ ҳудудида яшовчи Гулбону Алламуратова. – Тўғриси, олдинига биз ҳам шаҳарда кичиккина ҳовлида туриб, деҳқончилик ёки қанақадир хизмат кўрсатиш нуқтасини очиб, даромад топишни тасаввур қилмаган эдик. Ўзини-ўзи банд қилиш борасида яратилаётган имкониятлардан фойдаланиб, дастлаб 2018 йилда кредит олиб, дастлабки ишимизни бошлаган эдик.  Турмуш ўртоғим ҳам бу ишларга қизиқиб, замонавий иссиқхоналардан андоза олган ҳолда ушбу иссиқхонамизни қуриб берди. Ҳар ишга уқуби бор бўлгангадир интернет орқали изланиб, иссиқхонамизда томчилатиб суғориш технологияларини ўрнатди. Натижада бу йил ўтган йилларга нисбатан ҳосилимиз эрта етилди. Бодрингнинг дастлабки ҳосилини бир килосини 15 мингдан сотдик. Ҳозирда 7 минг сўмдан сотаяпмиз. Эътиборлиси, бугунга келиб кичик томорқамиздан катта даромад ола бошладик. Буни кўрган қўшниларимиз ҳам бир нечтаси уйида иссиқхоналар қуриб, маҳсулот етиштиришни йўлга қўймоқда.

Ишимизнинг натижасини кўриб, нон ёпиш, ҳаммом ва устахона очиб, ишимизни янада кенгайтирмоқчи эдик. Бу борадаги мурожаатимиз 2-сектор раҳбарияти томонидан ижобий ҳал қилиниб, амалий ёрдами билан “Ҳар бир оила – тадбиркор” давлат дастури асосида имтиёзли кредит маблағлари ажратилди.

ҲАРАКАТДА-БАРАКАТ БОР...

Биз, 2-сектор фаолияти, яъни юқорида келтирилган амалий ишлари билан танишиш мақсадида турли йўналишларда ёрдамлар кўрсатилган хонадонларда бўлдик.

 Шаҳардаги 2-сектор ҳудудида “ёшлар дафтари”га киритилган Анвар Бердибаевнинг ҳам иссиқхонасида етиштирилган дастлабки маҳсулотлар пишиб етилмоқда.  Яна шу маҳалладаги “аёллар дафтари”да бўлган, Зулфия Тажимовага сектор томонидан субсидия ҳисобидан замонавий иссиқхона қуриб берилган бўлса, унда ҳам помидор ва бодринг етиштириш йўлга қўйилган.

Муҳаббат Палимбетова секторга мурожаат қилиши натижасида имтиёзли кредит маблағлари ажратишда амалий ёрдам берилиб, бугунги кунда тикувчилик цехи ишга тушурилган. Бу ерда М.Палимбетова ўзи билан бирга 4 нафар дафтарга киритилган хотин-қизларни иш билан таъминламоқда.

2-сектор ташаббуси билан сектор ҳудудидаги “Жолшилар” МФЙ ҳудудидан ёшларнинг бўш вақтини самарали ўтказиши ҳамда уларни спортга жалб қилиш мақсадида кичик спорт майдончаси барпо этилди. Шунингдек, ёшларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида “ёшлар дафтари”га киритилган ёшларни “1+1” дастури асосида “Муратбек Мебел” оилавий корхонасига жалб қилиниб, бандлиги таъминланган.

Нукус шаҳридаги 2-сектор раҳбари ҳудудидаги аҳоли, хусусан, иссиқхоналар ташкил қилаётганлар билан доимий суҳбатлар уюштириб уларнинг муаммоларини сўраб туради. Ана шундай жараёнларда иссиқхоналар учун биогумус маҳсулоти зарурлиги ҳақида мурожаатлар бўлган эди.

Иссиқхоначиларнинг бу борадаги мурожаати тез орада ижобий ечим топди. “Қум овул” маҳалласидаги  Султан Ўразов шу йўналишда иш бошлаётганини эшитган сектор раҳбари уни қўллаб-қувватлади. Унга ҳам имтиёзли кредит маблағлари ажратилишида амалий ёрдам кўрсатилиб, томорқасида биогумус маҳсулотини етиштириш учун янада қулай шароитлар яратилди. Бугунги кунда шаҳардаги иссиқхоналарга биогумус етиштириб берилмоқда. Шу билан бирга бу соҳага қизиқувчи ёшлар чувалчанглар тарқатиш, бу иш билан шуғулланувчиларга сотиш ва ҳудудда биогумус маҳсулотини кўпроқ ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда.  

Ҳаракатда – баракат бор, дейди доно  халқимиз. Нукус шаҳридаги 2-сектор ходимлари ҳаракатлари ҳам бесамар кетмаяпти. Улар зиммасига юклатилган барча вазифаларни, хусусан аҳолининг бандлик, ижтимоий ҳимоя масалаларини  тизимли ташкил қилиш бўйича зарур чораларни кўрмоқдалар.

Ғайрат Отажонов, 
“Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?