Савоб ишни ҳар ким, ҳар куни қилиш керак

13:46 14 Сентябр 2021 Жамият
311 0

Ҳасан ПАЙДОЕВ - “Халқ сўзи”

Мингбулоқ — Наманган вилояти, қолаверса, республикамиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётида ўзига хос ўринга эга туман. Сўнгги 5 йилдаги кенг кўламли ислоҳотлар ушбу туманни ҳам четлаб ўтгани йўқ. Аксинча, ҳудуд йилдан-йилга чирой очиб боряпти. Одамлари эса ислоҳотлардан мамнун.

Хўш, бунга нима сабаб деб ўйлайсиз? Албатта, бугунги ислоҳотлар, одамлар манфаати йўлида олиб борилаётган чора-тадбирлар, янгича ишлаш тартиби, умуман, Янги Ўзбекистонга хос туб ўзгаришлар сабаб, десак, айни ҳақиқат.

Бу борада давлатимиз раҳбари бошчилигида жуда кўплаб вазирлик ва идоралар, жамоат ва нодавлат ташкилотлар, кенг жамоатчилик вакиллари фаол иштирок этмоқда. Жумладан, сектор масъуллари ҳам.

Биргина Мингбулоқ туман прокурори М. Жўраев раҳбарлигида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, “темир дафтар”, “аёллар дафтари” ва “ёшлар дафтари”га киритилган эҳтиёжмандларга ёрдамлар кўрсатиш, уларни бандлигини таъминлаш, маҳаллабай ишлаш ҳамда бошқа йўналишларда бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, туман 2-сектордаги саккизта маҳаллада 5537 та хонадон бўлиб, унда 7377 та оилада 30559 нафар аҳоли истиқомат қилиб келмоқда. Хатлов ишлари давомида 691 та оила “темир дафтар”га, 643 нафар хотин-қизлар “аёллар дафтари”га ва 594 нафар ёшлар “ёшлар дафтари”га киритилган.

— “Темир дафтар”га киритилган оилаларда 899 нафар меҳнатга лаёқатли ишсизлар мавжудлиги аниқланган ва уларнинг барчасини бандлиги таъминланган бўлса, ушбу оилаларга 1,45 млрд. сўмлик турли хилдаги ёрдамлар кўрсатилди, — дейди туман 2-сектор раҳбари М. Жўраев. — Улардан 98 фоиздан ортиғи рўйхатдан чиқарилди. “Темир дафтар”да ногиронлиги бўлган ва ўта оғир ижтимоий ҳолатдаги 13 та оила қолган бўлиб, қайта хатлов давомида яна 10 та оила рўйхатга олинди. Улар доимий эътиборимизда.

Ҳа. Туман прокурорининг гапида жон бор. Ижтимоий ҳимояга муҳтожлар давлатимиз ҳимоясида. Улар ҳеч қачон ёлғиз ташаб қўйилгани йўқ.

Масалан, “темир дафтар”да турувчи М. Мамадалиеванинг
4 хона уйи бахтсиз ҳодиса сабаб тўлиқ ёниб кетган эди. Туман прокурори томонидан ҳомийлар жалб қилиниб, ҳашар йўли билан ўн кунда янги 5 хона уй қуриб берилди. Шу билан бирга, унинг “аёллар дафтари”га киритилган келини Н. Тоштемированинг яшаш уйи йўқлиги сабабли, ушбу ҳашар ишлари давомида унга ҳам 3 хона уй тўлиқ янгидан қуриб берилди.

Рақамларга тўхталиб ўтсак. “Аёллар дафтари”га рўйхатга олинган 643 нафар хотин-қиздан меҳнатга лаёқатли бўлган 302 нафаригнинг бандлиги таъминланди. Боқувчисини йўқотганлар, ногиронлиги бўлганлар ва қарамоғида ногирон фарзанди бўлган аёлларга моддий ёрдамлар берилди. 15 нафар уй-жой таъмирига муҳтожнинг уй-жойлари ҳомийлар иштирокида таъмирлаб берилди. Кўплаб аёлларга тиббий, ҳуқуқий ва психологик ёрдамлар кўрсатилди.

Бунгаям бир мисол, Ўртақишлоқ МФЙда яшовчи “аёллар дафтари”га киритилган Б. Қамбарова турмуш ўртоғи вафотидан сўнг икки нафар вояга етмаган фарзанди билан акасининг хонадонида яшаб келаётган эди. Туман прокурори ташаббуси билан ушбу аёлга ҳомийлар иштирокида хашар йўли билан 2 хона уй айвони билан қуриб битказиб берилди.

Шу билан бирга, “ёшлар дафтари”га киритилган 594 нафар ёшлардан 47 нафари бандлиги таъминланди. Яна кўплаб ёшлар касб-ҳунарга ўқитилди,
40 нафарига тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишида кўмаклашилди.
Аксарияти “Ҳар бир тадбиркор — ёшларга мададкор” тамойили асосида тадбиркорларга бириктирилди, 436 нафарига ер ажратилиши орқали бандлиги таъминланди. Шунингдек, айрим талабаларнинг тўлов шартнома пуллари тўлаб берилди.

Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида туман ва сектор миқёсида фудбол, бокс, кураш ва спортнинг бошқа турлари бўйича 8 та мусобақалар ўтказилди, китобхонлик ва компьютер саводхонлиги бўйича тўгараклар ташкил этилди. Масалан, ёшларнинг компютер саводхонлигини ошириш ва уларга дастурлашни ўргатиш мақсадида туман марказида “IT school” ташкил этилиб, 100 дан ортиқ ёшлар ўқитилди ва доимий фаолияти йўлга қўйилди.

Бундан ташқари, маҳаллабай ишлаш бўйича сектордаги саккизта маҳаллага 13 нафар, шундан 8 нафар тижорат банкдан доимий вакиллар ва бошқарув офисига 5 нафар иқтисодий идора ходимлари жалб этилиб, секторда “Бошқарув офис” ташкил этилди. Ушбу ходимлар билан ҳамкорликда сектордаги хонадонлар ўрганилиб, секторни ривожлантириш мақсадида драйвер сифатида ёғочни қайта ишлаш ҳамда иссиқхоначилик йўналишлари танлаб олинди.

Мазкур йўналишларни ривожлантириш орқали секторда тадбиркорликни ривожлантириш ва ишсизликни камайтириш мақсадида олтита янги ёғочни қайта ишлаш цехлари очилди. Амалда фаолияти тўхтаб қолган 15 та тадбиркорлик субъектига имтиёзли кредитлар ажратилди. Улар фаолияти тикланиши натижасида биргина Ўртақишлоқ маҳалласида 200 дан ортиқ ишсизларни бандлиги таъминланди. Шунингдек, Маданият маҳалласида иссиқхоналар ташкил этиш мақсадида ўндан ортиқ фуқароларга имтиёзли кредитлар ажратилди, иссиқхонаси мавжуд фуқароларнинг муаммолари ҳал этилди. Бугун уларда кўчат ва полиз экинлари етиштириляпти.

Ижтимоий муаммолар ҳам эътиборимиздан четда эмас. Сектор ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида жорий йилда маҳалларда 11 км. ички йўлларга шағал ётқизилди, икки км. Асфалтланди. 14 км. тоза ичимлик суви тармоғи тортилди. 3,5 км. янги электр тармоғи тортилди. Иккита трансформатор ўрнатилди. Қолаверса, иккита МТТ ҳамда битта мактаб тўлиқ капитал реконструкция қилинди. Ҳозирда “Маданият” ва “Мулкобод” МФЙ ҳудудидаги 300 дан ортиқ хонадонларга табиий газ тармоғи тортилмоқда.

“Савоб ишни ҳар ким, ҳар куни қилиш керак”, деганларидек, иккинчи сектор масъуллари ҳам бу борадаги ишларни жадал давом эттириш мақсадида ўз олдига яна улкан марра ҳамда вазифаларни қўйишган.

“Халқ сўзи”

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?