Савдо дўконида паноҳ топган МФЙ. «Аёллар дафтари»га киритилган бадавлат хотин... — Нишондаги айрим маҳаллалардаги оғриқли ҳолатлар ҳақида

11:39 02 Апрель 2021 Жамият
980 0

Маҳалла Ватан ичра кичик бир Ватан. Унинг гуллаб-яшнаши ва равнақ топишидан ҳаммамиз манфаатдормиз. Чунки ҳар биримиз, қайси касб ёки лавозимда ишлашимиздан қатъи назар қайсидир маҳалла фуқаросимиз. Маҳалланинг кўркамлиги ва ободлигига ҳисса қўшиш эса энг шарафли бурчимиздир. 24 март куни Президентимиз раислигида «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида жорий йилда амалга ошириладиган ишлар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган дастурлар доирасида маҳаллаларда қурилиш ва ободончилик учун етарли миқдорда маблағ ажратилаётгани, ундан самарали фойдаланишда ҳалоллик, ҳамжиҳатлик ва фидоийлик кўрсатиш зарурлиги ҳақида тўхталиб ўтилди.

Давлатимиз томонидан маҳаллаларни ривожлантириш учун ажратилаётган маблағлар бисёр, аммо маҳаллаларни бошқараётган раҳбар кадрлар салоҳияти, маънавий дунёқараши, фидойилиги ва куюнчаклиги бугунги кун талабига мосми? Нишон тумани маҳаллалари фаолияти билан танишганимизда шу саволларга жавоб топгандай бўлдик.

174 та огоҳлик қўнғироғи

На иш жойида, на маҳаллада топа олмаганим раҳбарни – Нишон тумани маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бўлими бошлиғи, туман Кенгаши депутати Шоҳида Хўжақуловани бир тадбирда учратиб қолдим. Телефон қилиб, ололмаганимни айтганимда у ҳар куни ўртача 174 та телефон қўнғироғи бўлишини, ҳаммасига жавоб бериш мушкуллигини билдирди. Демак, бу қўнғироқларни аҳолининг раҳбарга мурожаатлари деб қабул қилсак ўринли бўлади Улар ҳам мен каби раҳбарни топа олмагач, телефон қилишади, худди мен каби улар ҳам боғлана олмайди. Булар балки огоҳлик қўнғироғидир. Ўзим ҳам Нишон туманидаги баъзи маҳаллаларда бўлиб, муаммоларга дуч келганимда ўша огоҳлиқ қўнғироқларини эшитгандай бўлдим. Мана улар...

Савдо дўконида паноҳ топган маҳалла

Ўзим ўрганган муаммолардан бири – «Ёшлар диёри» маҳалла фуқаролар йиғини бино йўқлиги туфайли савдо дўконида паноҳ топганидир. Шунақасиям бўлар экан-да, деб ажабланяпсизми, ҳа мен ҳам кўриб кўзларимга ишонмадим, аммо бу инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқат. Маҳалла раиси ўринбосари Дилафрўз Мейлиева фикрлари билан қизиқдик.

— Савдо дўконида вақтинча ишлаб турибмиз, яқинда бошқа бинога кўчамиз,- дейди у.

— Кўчиб ўтишга тайинли бир бино борми?

— Маҳалла раиси бир хонали вақтинча бино қураяпти, шу битса кўчамиз.

— Маҳаллада боғча борми?

— Йўқ,

— Сартарошхона-чи?

— Йўқ.

— Пойабзал тузатиш устахонаси бордир, лоақал?

— Йўқ,- дея ерга қарайди раис ўринбосари.

Кутубхона ҳам, китоб дўкони ҳам қурилмаган, лекин бу китобхонлар йўқ  дегани эмас. Маҳаллада китобхонлар сони маҳалла раиси, ўринбосари китоб ўқиса, мутолаа билан банд бўлса кўпаяди. Чунки улар одамларни ўзларининг изидан эргаштиради-да. шундан келиб чиқиб, раис ўринбосари Дилафрўз Мейлиевадан ҳозирги кунда қайси бадиий китоб мутолааси билан машғул экани ҳақида сўрадим.

— Вақт қайда дейсиз китоб ўқишга, маҳаллада иш жуда кўп,- дейди у ҳатто китобхон эмаслигидан хижолат ҳам тортмай.

— Наҳотки бирорта бадиий адабиёт намунасини ўқиб ҳам кўрмаган бўлсангиз,- дея қизиқаман бадиий савияси, тафаккури юксак бўлмаган аёлни қандай қилиб маҳалла раиси ўринбосари лавозимида ишлаб юрганига ажабланиб.

— Энди ўқийман-да, -дейди ҳеч нарсани йўқотмаган, ҳамма нарсаси бадастир киши каби.

Аслида у китоб ўқимагани боис кўп нарсани йўқотаётганини хаёлига ҳам келтирмайди. Маҳаллага раис ўринбосари танлашда нега шу жиҳатлар эътиборга олинмаган? Ҳамширалик маълумотига эга бу раис ўринбосари савияси шундай бўлса, маҳалла ёшларини билимли, салоҳиятли ва иқтидорли бўлиши учун қандай ҳисса қўша олади? Олимларнинг тадқиқотларига кўра, камбағалликни қисқартиришнинг бош омили аҳоли ўртасида маънавиятни юксалтириш билан боғлиқ экан.

Мутолаага вақт топа олмаётган маҳалла раиси

Айнан шу масала борасида тумандаги «Гулзор» МФЙ раиси Хайрулла Тўраев фикрлари билан қизиқдик.

— Китоб ўқиш дейсизми?! Шу маҳалладаги юмушларнинг ўзи китоб ўқишдай гап,- дейди раис саволимдан ажабланиб. – Ахир, бош қашишга вақт йўқ.

— Маҳалла идорасини кўрдим, жуда аҳвол оғир, поллари яқин орада бўёқ кўрмаган, тўшалган гилам эскилигидан титилиб кетибди, мебелларнинг «ичи» тушиб кетган, деворлари яқин орада охак кўрмаган, сал эътибор қаратсангиз бўлмайдими?

— Ўша гиламни ўзим олиб келганман, ҳарна йўқдан кўра, дедим-да,- дейди раис. – Яқинда 6 та янги стул, эски компьютер беришди, мебель ҳам бериб қолса керак.

Борларидан унумли фойдаланса бўлади-ку! Шу мебеллар таъмирланиб, чиройли кўринишга келтирилса, кўрган кўзга яхшида. Қанча ёшлар маҳалла эшигини қоқади, ичкаридаги аҳволни кўриб, «буларнинг бўлиши шу бўлса, менга қандай ёрдам беради» деб ўйламайдими? Ахир маҳалланинг ободлиги, кўркамлиги оқсоқолнинг ташаббускорлигидан, фидойилигидан далолат беради-ку! Яна энг ачинарлиси, маҳаллада ичимлик суви билан таъминланиш қониқарсиз аҳволда, табиий газ қувурлари бир вақтлар тортилганича турибди. Оқар сув йўқ. Ҳатто оддийгина пойабзал тузатиш устахонаси, кутубхона, боғча йўқлигига нима дейсиз?

Йўлда сочилиб ётган эски қувурлар...

«Гулзор» маҳалла фуқаролар йиғинидаги «Сардоба» кўчасида сочилиб ётган эски қувурларга кўзим тушди. Бу қувурлар 30-40 йил ер қаърида ётганлиги шундоққина кўриниб турибди. Бу қувурлар нега бу кўчага олиб келинганлиги мени қизиқтирди. «Сардоба» кўчаси -15 уйда яшовчи Полвон Жабборовдан бу ҳақда сўраганимда у тутақиб кетди.

— Бу қувурлар жуда эски, илгари қаерлардадир ишлатилган, шуни бизга оқова сув ўтказиш учун келтириб беришди, аҳоли кучи билан бу трубалар ётқизилиши керак экан,- дейди П. Жабборов. – Бундан кўра, аҳоли ичимлик суви билан таъминланса, яхши бўларди. Сувни 45-50 минг сўмга сотиб олиб фойдаланяпмиз. Кўчамиздан ичимлик суви тармоқлари ўтган, илгари фойдаланилган қувурлар эскиргани учун тармоқдан узиб қўйилган.

Шу кўчада истиқомат қилувчи кўчабоши Маҳматмурод Йўлдошев ҳам ичимлик сувини сотиб олишаётганини айтиб ўтди.

— Биздан сал нарироқда «Бунёдкор» кўчасида сув бор, улар ҳам шу қувурлардан фойдаланишади, лекин бизга беришмаяпти, қувурни бошидан бекитиб қўйишибди. Мустақиллик, Ғафур Ғулом, Сардоба ва Темир йўл кўчалари аҳолиси ичимлик сувидан азият чекишмоқда. Эски қувурларни ташлаб кетишди, аҳолининг ўзи шу қувурларни ётқизиши керак экан. Аҳоли бу эски қувурлардан фойдаланишни истамаяпти. Кўчаларимизда илгари ўтказилган газ қувурлар ҳам турибди, лекин газ йўқ. Газ устимиздан ўтади, сув устимиздан ўтади, биз бебаҳрамиз.

Пайвандлаш устахонасига айлантирилган маданият саройи

Давлатимиз томонидан собиқ давлат хўжаликларининг эски бино ва иншоотлари ишбилармонларга инвестиция киритиш шарти билан берилган бўлсада, баъзи тадбиркорлар ўзига берилган бу имконият ва имтиёзлардан оқилона фойдаланишмайди. Худди шундай ҳолатни тумандаги «Нишон» МФЙ ҳудудидаги маданият саройи мисолида кузатиш мумкин. Бу иншоотни кўркам ва чиройли кўринишга келтириш, аҳолига маданий хизмат кўрсатиш тармоқлари барпо қилиш мақсадида тадбиркорга тақдим этилган.

Аммо бугун бу бинонинг аҳволини кўриб, маймунлар ҳам ҳўнг-ҳўнг йиғлаши тайин. Унинг устига бино пайвандчиларга бериб қўйилган. Ичидаги темир-терсак, эски-туски ва алламбало нарсаларни кўриб, ақлингиз шошади. Бинонинг бундай хунук ҳолатга келиб қолишига ким сабабчи? Ким бунга ўзини айбдор ҳисоблайди?

— Менинг назаримда маҳалла раиси ва оқсоқоллар, туман раҳбарлари 10 йил давомида ҳеч бир ишга қўл урмаган тадбиркорни топиб, ундан бинони олиб қўйишса, мақсадга мувофиқ бўлар эди,-дейди оқсоқоллардан бири Маҳматмурод Зулфиқоров.- Тўғрида, эплай олмаса нима қилади, бошқа бир қўлидан иш келадиган ишбилармонга берсин-да.

Тадбиркорга ажратилган ер нега аҳолига участка қилиб бериб юборилди?

Кенжабой Алпонов — «Гулзор» МФЙ, «Насаф» кўчаси 2– уйда яшайди, тадбиркор. У туман ҳокимининг қарори билан бино ва унга туташ ерларда новвойхона, маиший хизмат, бозорча қуриш учун қонуний ажратилган ерга эгалик қила олмай турибди. Чунки унга қонуний ажратилган ердан аҳолига уй-жой қуриш учун ер участкалари ўлчаб берилган.

— «Гулзор» МФЙ раиси Хайрулла Тўраевга учрашдим,- дейди К. Алпонов. –Раис касалхонада ётган пайтда ерни ўлчаб беришганини, бу масалада тегишли идораларга хат киритганини айтди. Ўзим ҳам архитектура, ер кадастри ва туман прокуратурасига мурожаат қилдим. Лекин масала ечимини топмаяпти. Тадбиркор сифатида ҳуқуқим поймол қилинаётганига жуда ачиняпман.

Бу масалада маҳалла раиси Хайрулла Тўраев билан суҳбатлашганимда, у оғир касал бўлиб, бир неча ой шифохонада даволанганини, шундан фойдаланиб, ерни кимдир аҳолига бериб юборганини айтди. Энди савол туғилади? Маҳалланинг эгаси борми ўзи? Маҳалладаги тадбиркор ерини кимдир (эгаси ҳали топилгани йўқ) шахсий манфаати йўлида кимларгадир бериб юборса, ҳамма қўл қовуштириб тураверадими? Бу ноқонуний хатти-ҳаракатни бартараф этишни ким зиммасига олади?

«Аёллар дафтари»га киритилган бадавлат хотин...

Тумандаги Улуғбек маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ҳамида опа Собирова маҳаллада тузилган кенгаш аъзоларимиз билан маслаҳатлашган ҳолда «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» шакллантирилаётганини айтиб ўтди. Айни пайтда маҳаллада 65 нафар «Ёшлар дафтари»га кирган хотин-қизлар бўлиб, улар билан мунтазам ва доимий иш олиб борилмоқда. «Аёллар дафтари»да қайт этилган хотин-қизлардан бири – маҳалладаги Амир Темур кўчасида истиқомат қилувчи Ғазна Менглиева хонадонига бордим.

Не кўз билан қарайки, мени бир шоҳона уйга олиб боришди. «Аёллар дафтари»га кирган Ғазна Менглиеванинг уйи шу эканига ишонгим келмасди. Аммо ҳақиқатда ана шу чиройли ва муҳташам уй «Аёллар дафтари»га кирган, ишсиз, ҳунарсиз, кам таъминланган дея эътироф этилган Ғазна Менглиевага тегишли эди. Опа билан саломлашиб, ҳовлига қадам қўяр эканмиз, чамаси 40 килограмм келадиган қўчқор сўйилаётган экан.

— 8 та қўчқор боқяпман, биттасини сўйдик, Тошкентда ўқийдиган ўғлимнинг контрактига пул тўлашим керак,- деди Ғазна опа.

— Турмуш ўртоғингиз қаерда ишлайди,- дея сўрайман ундан.

— Хўжайиним – Тойир Омонов тумандаги архив ҳисобчи бўлиб ишлайди.

— Ўзингизга тўқ оила экансиз, нега «Аёллар дафтари»га киргансиз?

— Бир ўғлим ногирон, шунинг учун шу рўйхатга қўшишган бўлса керак,- дейди Ғазно опа. –Аслида менга «Аёллар дафтари»га киришнинг ҳеч ҳам ҳожати йўқ, ҳунармандчилик билан ҳам шуғулланаман. Агар банкдан кредит олсам, 10 нафар аёлни гилам тўқишга жалб қилишим мумкин.

Энди савол туғилади, бу бадавлат оила вакиласини «Аёллар дафтари»га киритишдан ким манфаат кўради? Ахир унинг бу рўйхатга киритилиши бир ночор, ишсиз ва ҳунарсиз аёлнинг ўрнини банд қилиш, ҳуқуқини поймол қилиш билан баробар эмасми? Нега бундай ҳолатлар туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан назоратга олинмайди?

***

Хулоса шундан иборатки, Нишон туманида 36 та маҳалла фуқаролар йиғини (шундан 2 таси ҚФЙ) мавжуд бўлса, уларнинг 18 таси ўзининг биносига эга эмас. Маҳалла раисларининг 25 нафари олий, 10 нафари ўрта махсус, 1 нафари 10 синф маълумотига эга. Шу маълумотнинг ўзидан сезилиб турибдики, туманда маҳаллалар билан фаол иш олиб бориляпти деб бўлмайди. Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг «Обод ва хавфсиз маҳалла» тизимини жорий этиш, хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, кексалар ва фахрийлар фаолиятини мувофиқлаштириш, бандлик, ободонлаштириш, МФЙлар моддий-техника базасини мустаҳкамлаш каби вазифаларини Нишон туманида амалга ошириш учун аниқ чора-тадбирлар белгилаш вақти етмадимикан, сиз нима дейсиз?

Фахриддин Бозоров
(«Халқ сўзи»)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?