Сариосиёдаги «Мурувват» уйида реабилитация хизмат кўрсатиш бўлими очилди

11:03 30 Апрель 2024 Жамият
258 0

Фото: "Халқ сўзи"

Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Сариосиё туманидаги «Мурувват» ногиронлиги бўлган шахслар учун аёллар интернат уйида реабилитация хизмат кўрсатиш бўлими очилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Сурхондарё вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шаҳобиддин Ҳакимов ва бошқалар амалга оширилаётган ислоҳотлар ўзининг ёрқин самараларини бераётганини, сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг самарали тизими шакллантирилиб, тиббий ва ижтимоий хизматларни такомиллаштириш ҳамда ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Аҳолига сифатли хизмат ва ёрдам кўрсатиш мақсадида ўтган йили Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилган эди. Панционат, реабилитация маркази каби кўплаб ижтимоий муассасалар қатори «Мурувват» уйлари ҳам ушбу агентлик тизимига ўтказилди.

Давлат ғамхўрлиги натижасида Сариосиёнинг сўлим тоғ ёнбағридаги ушбу «Мурувват» уйи ҳам янги қиёфага кирди. Қўшимча бино қурилиб, эски бинолар капитал таъмирланди. Ёзги спорт зали, ногиронларни парваришлаш ва жисмоний даволаш бўлимлари, тиббиёт ва машғулот хоналари, фаоллар зали, кутубхона, ётоқхона ва ошхона бутунлай янгиланди. Ҳар бир бўлим, махсус хоналар талаб даражасида жиҳозланди. Ҳаракатланиши қийин аёллар махсус аравачалар билан таъминланди.

— Масканимизда ногиронлиги бўлган 300 нафар аёл яшамоқда, — дейди муассаса раҳбари Абдураим Холиқов. — Уларга 119 нафар ходим, жумладан, малакали шифокорлар хизмат қилиб келмоқда. «Мурувват» уйимиз замонавий реабилитация жиҳозлари билан таъминланди. Энди ишимизни янги концепция асосида йўлга қўямиз. Унга кўра, ногиронлиги бор аёллар индивидуал ривожланиш дастурлари асосида жамиятга интеграция қилинади. Бундан ташқари, илгари ногиронлик ва ногиронликка олиб келувчи хасталикларни даволаш, унинг асоратларини камайтиришга кўпроқ эътибор қаратиб келинган бўлса, янги реабилитация хизмат кўрсатиш бўлимида ногиронликни келтириб чиқарувчи омилларни илмий асосда ўрганиш, эрта аниқлаш чораларини кўриш имкониятига ҳам эга бўлдик.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?