Саратоннинг давоси бор

21:58 20 Май 2024 Жамият
488 0

Иллюстратив фото

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Сўнгги йилларда дунё бўйлаб хавфли ўсмалар билан касалланиш ҳолатлари кўпаймоқда. Бу касалликлар инсониятни ташвишлантираётган асосий тиббий ва ижтимоий муаммога айланаётир. Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига қараганда, бу дардга чалинганлар сони йилига 16 миллион кишидан ошди. У салкам 10 миллион беморнинг ёстиғини қуритяпти.

Афсуски, касалликнинг ёшариб бориши кузатилмоқда. Саратондан ўлим кўрсатгичи юрак-қон томир касалликларидан кейин дунёда иккинчи ўринда турибди. Ачинарлиси, бу ҳолатларнинг тахминан ярмида ташхис кечки босқичларда қўйиляпти.

«Аёллар саломатлиги: кўкрак бези ва бачадон бўйни саратонини скрининги ва профилактикаси» мавзусида Бухоро шаҳрида ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси онколог ва радиологларининг ХХ конференциясида шу каби далиллар тилга олинди. Конференцияда 330 дан зиёд делегат ҳамда жаҳоннинг ўндан зиёд мамлакатидан соҳанинг етакчи мутахассислари, олим ва тадқиқотчилар иштирок этишди.

— Бутун дунёда, жумладан Ўзбекистонда ҳам айниқса, кўкрак бези саратони билан касалланиш ҳолатлари долзарб саналади, — дейди республика ихтисослашган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий маркази директори, профессор М. Тилляшайхов. — Бу хасталикдан асосан аёллар жабр чекишяпти. Асосий мақсадимиз онкологик касалликларнинг олдини олишни кучайтириш, уларни имкон қадар эрта босқичларда аниқлаш ва малакали ихтисослаштирилган ёрдам кўрсатишдир. Шунда бу касалликлардан тузалиб кетган беморлар сони ортади, уларнинг умрига умр қўшилади. Мамлакатимизда тиббий хизматнинг муҳим саналган бу йўналишида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 27 майдаги «Аҳолига гематологик ва онкологик ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорининг қабул қилиниши онкология хизматини янги босқичга кўтариш учун муҳим қадам бўлди.

Сўнгги йилларда марказ ва унинг филиалларда 2 та чизиқли тезлатгич, 11 та гамма терапия ва 7 та брахитерапия мосламаси ўрнатилди. Радиотерапевтик ускуналар сони 27 тага етказилди. Юртимизда нур терапия ускуналарига бўлган эҳтиёж тўлиқ қондирилди. Нур даво учун беморларнинг навбатга туриш муаммоси бутунлай бартараф этилди. Бундан ташқари, беморларга ушбу радиотерапия давосини ўз ҳудудларида олиш имконияти яратилди.

— Конференция ўзаро тажриба алмашиш, онкология соҳасидаги илмий ютуқларни амалда қўллаш нуқтайи назаридан жуда фойдали кечди, — дейди Жаҳон хоспис ва паллиатив ёрдам альянси ижрочи директори Стивен Роберт Коннор. — Республика ихтисослашган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий маркази Бухоро вилояти филиалида беморларни даволаш борасида замонавий шарт-шароитлар яратилганига гувоҳ бўлдик. Юртингизда онкологиянинг барча ҳудудий тармоқларида ташхис қўйиш ва даволашнинг янги юқори технологияли усуллари жорий этилаётгани соҳа ривожланаётганини кўрсатади.

Дарҳақиқат, кеч босқичларда саратон касаллигига чалинганларга ёрдам кўрсатиш учун барча филиалларда паллиатив ёрдам бўлимлари ташкил этилган. Урганч ва Самарқанд шаҳарларида оғир саратон беморларига ёрдам кўрсатиш учун ҳудудлараро хоспислар фаолияти йўлга қўйилган. Тошкент ва Фарғонада хоспислар қурилмоқда. Яқин истиқболда мамлакат барча ҳудудида алоҳида шундай масканлар барпо этиш режалаштирилган.

Ҳозирги кунда марказнинг барча филиаллари мобил ва стационар маммографлар билан жиҳозланган. Бутун республика бўйича кўкрак бези саратони скрининги ўтказилмоқда ва касаллик 75-80 фоиз ҳолларда эрта босқичларда аниқланмоқда. Юртимизда 9 — 13 ёшли қизларнинг одам папиллома вирусига қарши эмлаш ишлари қамрови 98 фоизни ташкил этяпти. Бачадон бўйни саратони скринингини ҳам ўтказиш бошланди.

Конференцияда маҳаллий ҳамда дунёнинг етакчи клиникалари шифокорлари, олимларнинг онкология ва радиологиянинг долзарб масалалари юзасидан маърузалари тингланди. Илмий-амалий анжуман онкологик хизматга диагностика ва даволашнинг замонавий усулларини жорий этиш, аҳоли саломатлигини сақлаш ва уларнинг ҳаёт сифатини яхшилашга хизмат қилиши, шубҳасиз.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер