Самимий мулоқот бизни янги марраларга бошлайди

00:53 20 Август 2023 Жамият
681 0

Фото: Халқ сўзи

Президентимизнинг тадбиркорларга таянч, елкадош бўлиб, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб турганини кўриб, ҳис этиб туриш кишига ўзгача руҳ, куч бағишлайди.

Давлатимиз раҳбарининг юртимиз тадбиркорлари билан бу галги учрашуви ҳам унутилмас лаҳзаларга бой бўлди. Самимий тарзда кечган мулоқотда тадбиркорлик иқтисодиётимизнинг етакчи бўғинига айлангани таъкидланди.

Айни жараёнда кичик бизнесни манзилли қўллаб-қувватлаш, уларга зарур шарт-шароитлар яратиш учун қулай муҳит юзага келтириш борасида мутлақо янги ёндашувлар жорий этилиши айни муддаодир. Бунда ушбу соҳа вакилларини тадбиркорликка ўқитиш, уларга лойиҳалар тайёрлаб бериш, фаолиятларини молиялаштириш каби йўналишларда бутун бошли яхлит тизим яратилиши бизнес соҳаси билан шуғулланиш ниятидаги минглаб юртдошларимиз учун жуда катта имконият, албатта. Бу ҳақда бежиз тўхталмаяпмиз. Тажриба кўрсатяптики, етарли билим ва малака билан тадбиркорлик соҳасига кириб келган инсон қийинчиликлар олдида эсанкираб қолмайди. Бизнесини оқилона йўлга қўя олади.

Шу ўринда фаолиятимиз хусусида қисқача тўхталиб ўтишни истардим. Тиббиёт марказимиз 2021 йилнинг февралида ишга тушган. Лойиҳанинг умумий қиймати 9,5 миллион АҚШ доллари миқдорида бўлиб, унинг асосий қисми банк томонидан молиялаштирилди. АҚШ, Жанубий Корея, Германия, Япония, Франция каби тиббиёт равнақ топган давлатлардан олиб келинган замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Тиббиётнинг ўндан зиёд йўналишида аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш имконияти яратилди.

Фаолиятимизни тобора кенгайтириб бораяпмиз.Қисқа муддат ичида маркамизда шифо ўринлари сони 140 тага етди. Айни дамда ишчи-ходимларимиз сони 140 нафарни ташкил этаяпти. Яқин келажакда дори-дармон ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона барпо этиш тараддудидамиз. Давлатимизнинг қўллаб-қувватлаши бизга шу каби лойиҳаларга рўёбга чиқаришда қўл-қанот бўлаяпти.

Дилмурод АҲАДОВ,

Бухоро шаҳридаги “Саrmen plyus” МЧЖ раҳбари,

“Фаол тадбиркор” кўкрак нишони соҳиби.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?