Самарқанднинг туризм салоҳияти улкан манзиллари

22:02 06 Июнь 2022 Жамият
351 0

Фото: Zarnews.uz

Самарқанд вилоятида янги туризм йўналишлари ва маҳсулотларини тақдим қилиш доирасидаги ишларга устувор эътибор қаратилмоқда. Соҳада амалга оширилаётган янги лойиҳалар натижасида жорий йилнинг ўтган беш ойида сайёҳлар учун қулайлик яратиш мақсадида жами 14 та меҳмонхона, 28 та меҳмон уйлари фаолияти йўлга қўйилди. Туроператорлар сони яна 10 нафарга кўпайди. Бу эса ўтган йилнинг шу даврига мос равишда солиштирганда 1,8 баробарга ёки 175 фоизга ошганини кўрсатади.

Шунингдек, жорий йилнинг май ойида вилоятга 27 минг 146 нафар хорижий ва 330 минг 235 нафар маҳаллий, жами 357 минг 381 нафар сайёҳларнинг ташрифи кузатилди. Бу кўрсаткич 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 159 фоиздан ортиқни ташкил этмоқда.

Сайёҳларнинг ҳудудда қолиш кунлари 2021 йил билан солиштирганда 2,6 кунга етказилди. Кунлик харажатлари эса 120,0 АҚШ долларидан 152 АҚШ долларига ўсди. Келгусида сайёҳларнинг вилоятда қолиш кунларини яна бир кунга узайтириш орқали туризм хизматлари экспортини йилига қўшимча 14 миллион АҚШ долларига кўпайтириш мумкинлигини инобатга олиб, бу борада тизимли ишлар олиб борилмоқда. Сайёҳларнинг қолиш даврларини узайтириш мақсадида жорий йилда 62 та янги туризм йўналишлари ташкил этилади.

Дунё миқёсида туризмнинг экстремал, гастрономик, таълим, спорт, берд вотчинг, тиббиёт, MICE, зиёрат, тоғ туризми, эко ва агротуризм, энотуризм каби 63 тури мавжуд бўлса, Самарқанд вилоятида уларнинг деярли барчасини ривожлантириш имкониятлари мавжуд.

— Маълумки, мамлакатимизга ташриф буюрувчи хорижий туристлар асосан халқимизнинг миллий турмуш тарзига, урф-одатларига қизиқиш билдиришади, — дейди Самарқанд вилоят ҳокими ўринбосари, вилоят туризм ва маданий мерос бош бошқармаси бошлиғи Рустам Қобилов. — Шу сабабли вилоятда сайёҳлар учун янги туризм йўналишларини очишга ҳаракат қилинмоқда. Жумладан, 5 та туризм қишлоғини ташкил этиш ишлари бошлаб юборилган. Ургут туманидаги Терсак, Паяриқ туманидаги Чоштепа, Нуробод туманидаги Оқсой, Каттақўрғон туманидаги Андоқсой ва Қўшработ туманидаги Пангат қишлоқларини туризм қишлоғига айлантириш давом этмоқда. Мазкур туризм қишлоқларида бир қатор хизмат кўрсатиш турлари, яъни оилавий меҳмон уйлари, миллий таомлар тайёрлайдиган умумий овқатланиш шохобчалари, кулолчилик, каштачилик каби хизматлар йўлга қўйилади. Лойиҳаларни ишга тушириш орқали 400 та иш ўрни яратилади. Самарқанд туманида Конигил туризм қишлоғининг 2-босқичи доирасида 100 та туризм объекти ва 500 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилади. Бу лойиҳа Самарқанд туризм маркази билан боғланиб кетади.

Экстремал туризм ёки сафар туризми йўналишида вилоятда бугунги кунда янги 5 та йўналиш ташкил этилган бўлиб, булар Амир Темур ғоригача бўлган Самарқанд-Тарағай йўналишида жами 22 км масофада, Алвастикўл-Шаршара йўналишида бўлган Самарқанд-Омонқўтан-Китоб-Аяқчисой йўналишида 80 км масофада, Самарқанд-Чўнқаймиш (Исо алайҳиссаломнинг тахти) йўналишида 34 км масофада, денгиз сатҳидан 2 239 метр баландликда бўлган Самарқанд-Оҳалик-Кенгқўтан йўналишида 14 км масофада, Самарқанд-Шаршара йўналишида 12 км масофага эга экстремал туризм йўналишлари ташкил этилди. Мазкур йўналишларда экстремал туризмнинг альпинизм, тоғ бўйлаб пиёда юриш, велосипедда ҳаракатланиш ҳамда спелио йўналишлари йўлга қўйилган.

Шунингдек, Ҳазрати Довуд зиёратгоҳига туташ ҳудудда лойиҳа миқдори 10 миллион АҚШ доллари бўлган канат йўли қурилмоқда. Ушбу лойиҳанинг 8 гектар ҳудудида туризм комплекси ҳам ташкил этилади.

Орзу Махмудов кўчаси гастрономик туризм кўчасига айлантирилиб, бу ерда 40 дан ортиқ Франция, АҚШ, Россия, Италия, Туркия ва ўзбек миллий таомлари тайёрлайдиган умумий овқатланиш шохобчалари очилган бўлса, бугунги кунда мазкур кўчалар сонини янада ошириш бўйича дастур ишлаб чиқилди. Бунда Ислом Каримов кўчасини шоппинг туризми кўчасига, Бозоров кўчасини паб стрит кўчасига, Алишер Навоий кўчасини санъат ва туризм кўчасига айлантириш ва бу орқали ташриф буюрувчи сайёҳларнинг вилоятда қолиш даврларини узайтириш ҳамда янги туризм йўналишларини жорий этиш орқали хорижий меҳмонлар учун қўшимча туризм маршрутлари яратилмоқда.

Вилоятда тиббиёт туризми йўналишида ҳам имкониятлар жуда юқори. Айниқса, стоматология йўналишида дунёнинг бошқа мамлакатлари билан солиштирганда нархларнинг анча арзонлиги бу йўналишда ишларни ташкил этиш учун замин яратади. Нуробод туманида родонли сув билан даволашга ихтисослаштирилган сиҳатгоҳларни бирлаштирган ҳолда тиббиёт туризми кластерини ташкил этиш, Каттақўрғон туманидаги «Эргаш ота» сиҳатгоҳи фаолиятини янада кенгайтириш ҳисобига қўшни мамлакатлардан ташриф буюрувчи сайёҳлар оқимини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Самарқанд туманида барпо этилаётган «Интрамед» сиҳатгоҳи ҳам чет эл туристларига мослаштириляпти.

— Шу кунларда вилоятнинг ишбилармонлик салоҳиятини намоён этувчи, 1300 хонани ўз ичига олган 4-5 юлдузли 8 та меҳмонхона, 18 минг кв. метр майдонда 3 қаватли халқаро конгресс маркази ва кўргазма мажмуалари, тематик хиёбонлар ҳамда «Абадий шаҳар» тарихий мажмуасидан иборат «Самарқанд туризм маркази» ташкил этиляпти, — дейди Рустам Қобилов. — Ушбу марказда 10 дан ортиқ туризм йўналишлари (эко, сув, тиббиёт, этно, майс ва бошқалар) йўлга қўйилади. Жумладан, 4 та меҳмонхона тиббиёт туризми бўйича ихтисослаштирилади. Шундан биттасида тўлиқ энотерапия-вино билан даволаш процедуралари олиб борилади.

Жорий йилнинг 18 март куни Самарқанд халқаро аэропортининг янги терминали тантанали очилди. Янги терминал доимий рейслар сонини ҳафтасига 40 тадан 120 тагача ошириш имконини беради, перроннинг модернизация қилиниши натижасида авиатураргоҳ 24 тагача ҳаво кемасини сиғдира олиш даражасида кенгайди. Аэропортнинг йўналиш тармоғини кенгайтириш режаси 2030 йилга бориб йўналишлар сонини 30 тага етказишга қаратилган. Масалан, 2019 йилда Самарқанд аэропортидан 5 та йўналиш бўйича авиақатновлар амалга оширилар эди. Lufthansa Consulting халқаро таҳлиллар ташкилоти томонидан ўтказилган мустақил ўрганишлар ушбу аэропорт орқали йўловчи оқимининг йилига 480 000 кишидан 2 миллион кишига ортишини кўрсатмоқда.

Ислом дунёсидан зиёратчилар ташрифини уюштириш учун Паяриқ туманидаги «Имом ал-Бухорий» мажмуасида қайтадан қуриш ишлари амалга оширилмоқда. Бу ерда 10 минг ўринли масжид, 21 гектар майдонда улуғ аждодларимизнинг диний мероси ва моддий маданий мерос объектларини акс эттирувчи тематик хиёбон, 3 та меҳмонхона ва 24 та оилавий меҳмон уйларидан, шунингдек, 3000 нафар зиёратчиларга хизмат кўрсатувчи «Ҳалол» стандартига эга умумий овқатланиш корхоналаридан иборат зиёрат туризми мажмуаси барпо этилмоқда.

Ургут туманининг Қоратепа сув омбори ҳудудида экотуризм йўналишини ривожлантириш мақсадида йирик пляж ва чўмилиш ҳавзалари, Каттақўрғон сув омбори ҳудудида 5 та тадбиркорлик субъекти томонидан дам олиш маскани ва пляж хизматлари, шунингдек, вилоятда 21 та қўшимча туристлар учун сузиш ва чўмилиш ҳавзалари ташкил этилмоқда.

Буларнинг барчаси Самарқандда туризм имкониятлари кенгайиб, у янада истиқболли соҳага айланиб бораётганидан далолат беради.

Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер