Самарқандни гулга буркайлик

08:32 29 Сентябр 2020 Жамият
270 0

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Самарқанд вилоят бўлими ҳамда Самарқанд шаҳридаги Ориф Гулханий уй-музейи таъсисчилари томонидан анъанавий тарзда бир неча йиллардан буён ўтказилиб келинаётган «Самарқандни гулга буркайлик! 1+10» номли гулсеварлар акцияси доирасидаги тадбир бу гал Жомбой туманида ўтказилди.

1 Октябрь — Ўқитувчилар ва мураббийлар куни муносабати билан ташкил этилган «Ҳар бир ўқувчининг ўз гули бўлсин!» номли ёш табиатсеварлар фестивалига жомбойлик ўқитувчи-биологлар, мавжуд 56 та мактаб ва 102 та мактабгача таълим ташкилоти раҳбарлари чин дилдан уюшқоқлик билан тайёргарлик кўришди. Туман ҳокимлиги ва туман халқ таълими бўлими ҳамкорлигида Ориф Гулханий уй-музейи боғидан келтирилган ноёб ва турфа гуллар, уларнинг уруғларини қабул қилиб олиш учун махсус ишчи гуруҳи ташкил этилди.

Тумандаги 40-ихтисослаштирилган умумталим мактаби ҳовлиси эрта тонгдан дунёнинг барча мамлакатларида ўсадиган гуллар таровати билан тўлди. Тадбирда мактаб ўқитувчилари, ўқувчилар ва ҳаваскор гулчилар ҳам фаол иштирок этишди. Ҳамманинг эътибори акция доирасида таълим муассасаларига беминнат гул тарқатаётган боғбон Муқумжон Орифийбоғида етиштирилаётган турфа гулларда бўлди. Шу куни боғбон тумандаги таълим ва тарбия ўчоқларига болаларни меҳнат, табиатни севиш, гулларни парвариш қилишга ўргатиш ва гўзалликдан завқланишлари учун 4 минг дона хонаки тувак гуллари, декоратив ва анвойи гулларнинг 82 минг дона уруғи жами-86 минг 415 дона флора вакиллари ва уларнинг уруғини туҳфа этди.

Жомбой тумани мактабларига армуғон этилган ноёб ўсимликлар, анвойи гуллар ва уларнинг уруғларини парвариш қилиш бўйича тушунтириш берилди. Уларни кўпайтириш ва тарқатиш жараёнига эътиборли бўлиш, тумандаги ҳар бир ўқувчининг ўз гули бўлишига эришиш истаги билдирилди. Агар ушбу гулларга меҳр кўрсатилиб кўпайтирилса Жомбойда ҳам бир неча йиллар ичида катта гулзорлар пайдо бўлади.

Шунингдек, гулсеварлар фестивалининг «Энг яхши гулсевар мактаб», «Энг гулсевар мактаб раҳбари», «Энг гулсевар ўқувчи» каби танлов ғолибларига Гулханий боғидаги тувакларда парвариш этиб келинаётган 2 дона 5 йиллик Молачай гули, 1 дона 3 йиллик Билбергия, 3 йиллик Крестовник гуллари совға қилинди. Ёш гулсеварлар, фестивалда фаол қатнашганларга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими, туман ҳокимлиги томонидан адабий-бадиий китоблар топширилди.

Фестиваль тадбирлари гўзаллик рамзи бўлган ГУЛ мавзусига доир мушоира ва куй-қўшиқларга уланиб кетди.

Абдулазиз Йўлдошев
(Халқ сўзи)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?