Самарқандлик коллеж ўқувчисининг ташаббуси бутун вилоятда қулоч очмоқда

17:03 26 Февраль 2020 Жамият
586 0

“Халқ сўзи ONLINE”

Яхши китоб инсонда Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат туйғуларини юксалтириб, яхшилик ҳамда эзгуликка ундайди. Бу иборани биз ёшларнинг ҳаётда орзуларимиз сари интилишимизга алоҳида ўрни бор.

Шу ўринда айтишим лозимки, 2016 йил 14 сентябрида қабул қилинган “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори, шунингдек давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича 5 муҳим ташаббуси биз ёшларга кенг имкониятлар майдонида ўзимизни синашга замин яратди.

Юртбошимиз томонидан ёшларга яратилаётган бу имкониятлардан фойдаланаётган ташаббускор ёшларимиз сафи кенгайиб бормоқда.

Самарқанд туман Гулобод ижтимоий-иқтисодий коллежи компютер инженеринги йўналишида 3 босқичида ўқувчиси Рустамжон Аҳрорқулов ҳам ана шундай ёшлардан бири. У “Ёш китобхон маскани” лойиҳаси муаллифи ҳисобланади.

“Халқ сўзи ONLINE”

— Лойиҳамнинг мақсади ҳудуддаги ёшлар орасида инновацион ва интерфаол усулларни қўллаб, ёшларни китобхонликка қизиқтириш ва иқтидори ёшларни кашф этишдан иборат, — дейди Рустамжон. — Бир қарашда илгари сураётган лойиҳа ғояси оддий кўринишга эга. Лекин бошланган биринчи лойиҳа кетма кетликда иккинчиси бошланишига ва уни тўлдиришга сабаб бўлмоқда. Лойиҳа доирасида ташкил этилган “Ёшлар кутубхонаси” бурчаги, ўз навбатида, Ёшлар иттифоқи вилоят ва туман кенгаши томонидан қўллаб қувватланди ва ёшлар фойдаланиши учун 100 та китоб тақдим этилди.

“Ўқиб чиқиш керак бўлган 100 китоб” лойиҳаси бурчаги китоб севар ҳомийларни қизиқтириб, улар томонидан китоблар фондини бойитишдаги ҳаракатларимизга кўмак бериш истагини уйғотди. Уларнинг таъкидлашича, ушбу маскан бизнинг тумандан ҳам “Ёш китобхон” танловларида иштирок этиш ниятидаги ёшларни мақсад сари интилишларига далда беради.

“Бобомдан қолган китоблар” бурчаги мўъжаз масканимизга ташриф буюраётган ёш китобхонлар, улар билан бирга келган ота-оналарига катта қизиқиш ва таассуротларни уйғотишга туртки бўлиб, уйларида уларнинг ҳам боболаридан қолган китоблар борлиги ҳақида фикр мулоҳаза юритишларига сабаб бўлмоқда.

Маскан яқинда иш бошлаган бўлса-да мўъжазгина бўлишига қарамасдан ҳудуддаги ёшларнинг эътиборини қозонди.

Бу ерда Республика маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси ҳамда Ўзбекистон “Ёшлар иттифоқи” туман кенгаши билан яқин ҳамкорликда тадбирлар ўтказиб келинмоқда. Яқинда буюк мутафаккир, ғазал мулкининг султони Алишер Навоийнинг 579 йиллиги муносабати билан маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

“Халқ сўзи ONLINE”

Рустамжон Аҳрорқуловнинг ташаббуси туман ҳокимлиги томонидан ижобий баҳоланиб, “Ҳоким ва ёшлар учрашуви”да унга смартфон совға қилиниб, фаолиятини янада кенгайтириш учун “Ёшлар — келажагимиз” Давлат дастури доирасида имтиёзли кредит ажратилиши маълум қилинди. 

Ушбу рағбатлантириш жараёнидаги таассуротлар уни яна бир лойиҳа —“Дастхатли китоблар” бурчаги ташкил этишига туртки бўлди.

— “Дастхатли китоблар” бурчаги “Биз билмаган мухлислар” лойиҳаси доирасида ташкил этилди, — дейди Рустамжон. — Лойиҳа ёшларни қизиқтиргани билан бир қаторда, ижод аҳли томонидан ҳам маъқулланди. Ёшлигидаги шунга ўхшаш унутилмас онларни хотирлаб, китоб севар мухлисига атаб тилаклар ёзиб, дастхат қўйиб лойиҳа китоб фондини ўз ижод намунаси билан бойитиш уларга ҳам завқ бағишлашини билдирмоқда.

Ушбу лойиҳанинг афзаллик ва инновацион ёндашув томони шундан иборатки, ҳар бир инсонинг ёшлигидан ўзининг тассавуридаги идеал шахси бўлади ва у унга ўхшашга интилади албатта, идеал шахс деб билган киши томонидан дастхат ва тилаклар ёзилган китобни ўқиш мухлис учун ўзгача завқ бағишлайди. Зиёли кишилар лойиҳам билан танишиб, бунга илмий жиҳатдан ёндашсак ижобий самара беришини, бу илмий ишлар мавзусига айланиб қолишини билдиришди.

Бугунги кунда “Дасхатли китоблар” сони 50 дан ошди. Жами лойиҳалардаги китоблар фонди 300 тани ташкил этмоқда.

— “Биз билмаган мухлислар” лойиҳаси доирасидаги китоблар сотилмайди ва йиллар ўтса-да сони ортаверади ва тарихий китоблар қаторидан жой олишига ишонаман, — дейди Рустамжон. — Мақсадим — Республика миқёсида ҳали ташкил этилмаган “Дастхатли китоблар кутубхонаси”ни яратишдир.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?